Сирли осмон тоқига қўйилган нарвон


    
    Мамлакатимиз тарихининг турли даврларида жаҳоншумул цивилизациялар, йирик империялар, ҳавас қилса арзигулик шаҳарлар ва бебаҳо меъморий обидалар вужудга келган. Айниқса, буюк аждодларимиз томонидан яратилган тенгсиз маданий мерос намуналари инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Улар яратган илмий, тарихий ва бадиий асарлар бугун дунёнинг турли нуқталарида, хориж тўпламлари, жамғармалари, кутубхона ва музейларида сақланмоқда. 


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам биносини сифатли ва мазмунли контент билан тўлдириш ҳар биримиздан алоҳида масъулият талаб этмоқда. Марказ ташкил этилганидан бери ўтган саккиз  йил давомида бу борада тажрибали ва билимдон олимлардан иборат катта илмий-ижодий гуруҳ иш олиб борди. Шу давр мобайнида буюк алломаларимиз меросини тадқиқ этишга доир 800 дан ортиқ илмий-инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилди. Улар орасида буюк темурийзода ҳукмдор Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек (1394-1449) илмий мероси алоҳида ўрин тутади. 


    Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳр ҳудудида рўй берган Иккинчи ренессанснинг асосчиларидан бири саналади. Унинг бошқарувидаги қирқ йилга яқин вақт мобайнида Ватанимиз ҳудудида илм-фан, маданият, меъморчилик тараққий этди. Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида мадрасалар барпо этилди. Хусусан, Регистон майдонида 1420 йил сентябрда фойдаланишга топширилган мадрасаи олия дунёнинг илк университетлари билан бемалол беллаша олади. Самарқандда Шарқдаги энг йирик илмий муассасаларидан бири бўлган расадхона қад ростлади. 


    Мирзо Улуғбекнинг ўзи ҳам давлат бошқарувидан бўш  пайтларида талабаларга сабоқ берган, осмон жисмларини кузатган, тарихий ва адабий асарларга қўл урган. 


    Мир Алишер Навоий ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида Мирзо Улуғбекнинг юксак шеърий иқтидори ҳақида ҳам сўз юритади ва унинг шеърларидан намуна келтиради. 


    Улуғбек даврида мумтоз ўзбек адабиёти ҳам юксалди. Улуғбек ҳукмронлиги йилларида Лутфий, Саккокий, Атоий, Амирий, Гадоий сингари ўзбек шоирлари ижод қилди. Худди шу даврда ўзбек тилида “Гул ва Наврўз”, “Махзанул-асрор”,  “Юсуф ва Зулайҳо”, “Фунун-ал балоға”, “Наҳжул-фародис” сингари асарлар яратилди. “Қуръони карим”га шарҳлар битилди, Саъдий, Низомий Ганжавий сингари буюк мутафаккирлар асарлари таржима қилинди.


    Буюк ўзбек шоири Лутфий Мирзо Улуғбек ҳақида шундай байтни битганди:


Улуғбекхон билур Лутфий каломин,
       Ки рангин шеъри Салмондин қолишмас.


    Улуғбек топшириғи билан ва бевосита унинг иштирокида битилган “Тарихи арбаъ улус” (“Тўрт улус тарихи”) асари туркий халқлар тарихини ўрганишда энг нодир манбалардан бири саналади. 


    Мирзо Улуғбек бошчилигида расадхонадаги кузатувлар асносида 1437 йилда тузилган “Зижи жадидий Кўрагоний” асари заминимизда илми нужум, яъни астрономия жуда эрта тараққий эта бошлаганидан дарак беради.  Ушбу асарда 1018 та юлдузнинг эллиптик системадаги  ўрни аниқ ҳисоб-китоблар асосида кўрсатиб берилган. 


    “Зиж” асари Мирзо Улуғбекнинг ўзи томонидан ёзилганми ёки бошқалар ёзганми деган савол устидаги муҳокамалар ҳали тингани йўқ. “Зижи Кўрагоний” асарининг кириш қисмида бу саволга  қуйидагича жавоб топиш мумкин:


 “Сўнг, парвардигор бандаларининг фақиру ҳақири, улардан Аллоҳга энг интилувчиси Улуғбек ибни Шоҳрух ибни Темур Кўрагон бундай дейди”. Демак ушбу жумладан кўринадики, “Зиж”нинг муаллифи Мирзо Улуғбекнинг шахсан ўзидир. Аммо, Мирзо Улуғбек асарни яратишда кўплаб олимлар илмий қарашларидан ва меҳнатидан ҳам фойдаланган. Асар муқаддимасида лигини Қозизода Румий, Мавлоно Салоҳиддин Мусо, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи сингари олимлар бу улуғвор ишда яқиндан ёрдам бергани эслатиб ўтилади. 


    Асарда қайд этилган маълумотлардан билишимиз мумкинки, Қозизода Румий Улуғбекнинг устози бўлган ва “Зиж”нинг яратилишида иштирок этган. Жамшид Коший ҳақида ҳам олимларнинг турли хил қарашлари мавжуд бўлиб, у кишининг Самарқандга 1416 йили келганлигини, расадхонадаги кузатишлар бошланиши биланоқ вафот этганлигини, аммо “Зиж”нинг назарий қисмини араб тилига таржима этганлигини қайд этган.

 

    “Зиж” асари  муқаддима ва 1018 қўзғалмас юлдузларнинг ўрни ва жойлашиши аниқлаб берилган астрономик жадвалдан иборат бўлиб, 1437 йилда тузилган. Биринчи боб  “Таърих - хронологиянинг маърифати” деб номланиб, йил ҳисоблари ва тақвим масалаларига бағишланган. Асарда ҳижрий, суръёний, юнон, жалолий, форсий, туркий, хитой ва уйғур  йил ҳисоблари қиёсий ўрганилган. 


    Асарнинг иккинчи бобида – “Вақтлар ва унга тааллуқлик нарсалар” деб номланиб, математик жадваллар (синуслар ва тангенслар),  учинчи бобда  сферик астрономия (коинотда Қуёш, Ой ва сайёралар) ҳақида фикр юритилган ва  асосий астрономик жадваллар айнан шу бобда келтирилган. 


    “Зиж”нинг тўртинчи боби “Юлдузларнинг доимий ҳаракати” деб номланган ва у асосан астрономияга бағишланган. Улуғбек эклиптиканинг (қуёшнинг ҳаракатланиш йўли) осмон экваторига оғиш бурчагининг миқдорини келтиради. Мирзо Улуғбек коинотни ўрганишда кузатиш, экспримент, жонли мушоҳада, исботлаш, қиёслаш, индукция, дедукция усулларидан фойдаланган. 


    “Зиж”ни дастлаб Самарқанд мадрасаси олимларидан Али Қушчи сўнгра Мирам Чалабий ва Ҳусайн Биржандийлар илмий-фалсафий шарҳлайди. Дастлаб Шохруҳ, сўнгра Мирзо Улуғбекнинг фожиали ҳалокати, темурийлар ўртасидаги ўзаро низолар туфайли Мовароуннаҳрнинг етук олимлари Шарқ мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетди. 


    Олимлар ўзларининг илмий ютуқлари қаторида “Зиж” асарининг асл нусхаларини ҳам ўзлари билан олиб кетдилар. Жумладан, Али Қушчи 1473 йили Туркияга бориб, у ерда расадхона барпо этиб “Зиж” асарини Яқин Шарқ ва Ўрта Шарқ, Туркия ва Европа мамлакатларига ёйилишига сабабчи бўлди. Бугунги кунда дунё кутубхоналарида “Зиж”нинг бир юз йигирмага яқин форсий ва арабий нусхалари мавжуд. 


     Ўрта асрларда яратилган математика ва астрономияга оид бирор асар “Зиж” каби машҳур бўлмаган. Ушбу асар исломий мамлакатларининг катта қисмида ўрганилган ва шарҳланган. Таниқли олим Б.А Розенфельнинг таъкидлашича “Зиж”га  турли даврларда Муҳаммад ибни Абул Фатҳ ас Сўфий ал-Мисрий, Абулқодир ибни Рўёний Лаҳижий, Мирам Чалабий, Абдулали Биржандий, Ғиёсиддин Шерозий каби олимлар шарҳлар ёзишган.


     Бобурий ҳукмдорлар, Самарқанд олимлари анъаналарини давом эттириб, атрофига олимларни тўплаб астрономия ва математикага оид илмий ишларни давом эттирадилар. Жумладан, Шоҳ Жаҳон ҳукмдолиги даврида Лаҳор ва Деҳлида илмий фаолият билан шуғулланган Фаридиддин Масъуд ал-Деҳлавий (XVI-XVII) “Зижи Шоҳжаҳоний” номли астрономияга оид асар ёзади ва илмий маълумотлар, жадвалларни катта қисмини Улуғбек “Зиж”идан кўчиради. Бундан ташқари Савой Жай Синг “Зижи Муҳаммадшоҳий” асарини ёзишда Мирзо Улуғбек “Зиж”идан фойдаланган. 


    Амир Темур ва темурийлар салтанати, айниқса Мирзо Улуғбек ҳақида Ғарбий Европа халқлари ва мамлакатлари XV асрданоқ биларди. “Зиж”нинг Ғарбий Европа илм-фанига ҳам таъсири етарли даражада катта бўлган. 


     Жумладан, Буюк Британияда, Лондоннинг жануби-шарқий қисмида қироли Карл II (1630-1685) ташаббуси билан 1675 йилда барпо этилган Гринвич расадхонаси қурилишига ҳам айрим тахминларга кўра  Мирзо Улуғбек мактаби ҳамда унинг машҳур “Зижи жадиди Кўрагоний” асари  сабаб бўлган, дейиш мумкин.


    Бундай дейишимизга иккита рад этиб бўлмас далил бор. Улардан бири Оксфорддаги Илм-фан тарихи музейида сақланаётган, Мирзо Улуғбек мактабига тегишли устурлоб, иккинчиси шу шаҳардаги Бодлеан кутубхонасидан ўрин олган “Зижи жадиди Кўрагоний” қўлёзмасидир. 


    Маълумотларга кўра,  қўлёзма 1473 йилда Мирзо Улуғбекнинг садоқатли шогирди Али Қушчи томонидан Самарқанддан Истанбулга олиб кетилган. Али Қушчи Фотиҳ Султон Меҳмет саройида фаолият кўрсатган, астрономия, математика, мантиқ, тилшунослик ва бошқа йўналишларда асарлар битган. У Самарқанддан кўплаб асарлар, расадхонада ишлатилган асбоб-ускуналарни, демакки ушбу қўлёзмани ҳам ўзи билан Истанбулга олиб келган бўлиши мумкин.

 

    Қўлёзма ҳошиясидан ўрин олган лотин тилидаги қайдлар эса, инглиз олими Жон Гривз (1602-1652)га тегишли. Бу асарни Жон Гривз 1638 йилда Истанбулда қўлга киритган. Гривз ўша йилнинг апрелида Усмонийлар пойтахтида инглиз савдогари ва консули Питер Уайт билан учрашади. Унинг кўмагида олим Али Қушчи Самарқанддан келтирган қўлёзмаларни, астрономик асбобларга ҳам эга бўлади ва Лондонга қайтади. Улар орасида мисрлик олим Птоломейнинг “Алмагест” асари шарҳи - Абдураҳмон ас-Суфийнинг “Қўзғалмас юлдузлар тасвири ҳақида китоб” асари, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари, шарқона устурлоб ҳам бўлган. 


    Кейинчалик, Ас-Суфийниг “Алмагест” асарига шарҳи номаълум сабабларга кўра, Францияга бориб қолган ва айни пайтда Франция Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Жон Гривс форс тилини жуда яхши билар, шу тилни ўрганиш бўйича қўлланма ҳам яратган. Шу боис, у “Зижи Кўрагоний”ни пухта ўрганиб чиққан, ўз қайдларини китоб ҳошиясига битиб қолдирган. У ўзи билан олиб келган устурлоб ёрдамида осмон жисмлари ҳаракатини тадқиқ этган. Жон Гривз айни шу асарнинг биринчи қисмида келтирилган Шарқ тақвимлари билан танишади, Ернинг Қуёш атрофида айланиш вақтини ҳам пухта ўрганади. Улуғбек асарида келтирилган йилнинг ўртача узунлигига асосланган тақвим Юлий Цезарь календарига нисбатан аниқ ва мукаммаллиги билан ажралиб турарди. Кейинчалик Улуғбек асари асосида у Европада амалда бўлган Юлиан календарини ислоҳ қилиб, янги тақвимни амалда жорий этиш бўйича ҳукуматга мурожаат қилади. Аммо, Гривзнинг янги тақвимини жорий этиш масаласи Англияда фуқаролар уруши кетаётгани сабабли ортга сурилади ва фақат унинг ўлимидан бир аср ўтиб мамлакатда жорий этилади. 


    Гривз 1648 йили “Зижи Кўрагоний”даги 98 юддузнинг жадвалини лотин чоп этади. Ўша йилнинг ўзида “Зиж”даги географик жадвални ҳам нашр этади. 1650 йили эса у “Зиж”нинг биринчи қисмини лотинчага  таржима қилиб нашр этади. Гривс умрининг сўнгги ойларида бу таржималарин қайта нашр қилига ҳам улгуради. Бу асарлар ўша пайтда Оксфорд, Кембриж, Лондондаги университетлар, илмий марказларда атрофлича ўрганилади. 


    Жон Гривз 1652 йилда, эллик ёшда вафот этади. У ўзининг Истанбулдан олиб келган қўлёзмалар ва ускуналарни Окфорддаги Сэвил коллежига васият қилиб қолдиради. Кейинчалик оксфордлик олимлар бу асарлар ва ускуналардан фойдадланиб, астрономия бўйича янги изланишларни амалга оширадилар. Жумладан Оксфорд университети профессори Томас Ҳайд (1636—1703) ҳам  “Зиж”даги турғун юлдузлар жадвалини 1665 йили форсча ва лотинчада нашр этади. 


    Бу асарлар албатта Англияда астромия фани ривожига катта туртки беради. 1675 йилда Роберт Гук, Жон Кристофер сингари Оксфордда таълим олган астроном олимлар Қирол Карл II буйруғига биноан Лондон яқинида расадхона қурилишига жалб этилади. Расадхона битгач, унга яна бир машҳур инглиз астрономи Жон Флемстид бош астроном этиб тайинланади. Дастлаб денгизчилар учун координатларни аниқлаш мақсадини кўзлаган расадхона айнан тадқиқотлар асосида нолинчи меридиан ўтгани аниқланган ҳудудда қурилади. Кейинчалик расадхонасининг асосий биносида аниқ вақтни белгилаш учун махсус соат ўрнатилади. Бу эса, илм-фанда машҳур “Гринвич вақти” атамасига сабаб бўлади.

 
    Хулоса шуки, бугун жаҳон миқёсида катта аҳамиятига эга бўлган ана шундай кашфиётлар, илмий истилоҳлар илдизи бевосита аждодларимизнинг ақл-заковатига бориб тақалади. Жумладан, Буюк Британияда астрономия соҳасида эришилган ютуқларда, янги тақвимдан то машҳур Гринвич вақти ва обсерваториясининг қурилишигача - барчасида Мирзо Улуғбекнинг муносиб улуши бор, десак, муболаға бўлмаса керак. 


    Жаҳон илм-фан тарихида катта ўзгариш  ясаган “Зижи Кўрагоний” асари ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов шундай ёзган эди:


Тузди-ю Мирзо Улуғбек Кўрагоний жадвалин,
    Сирли осмон тоқига илк қўйди нарвон ўзбегим...

 

    2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Самарқанд халқаро технология  университети ташаббуси билан Eriell Group Халқаро неть хизматлари гуруҳи ҳомийлигида “Зижи жадиди Кўрагоний” асари ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида замонавий матбаа имкониятлари асосида чоп этилди. Айни пайтда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази томонидан ушбу асарни қайта чоп этишга ҳозирлик кўрилмоқда.

 

 

Рустам Жабборов

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.