Атойи адабий мероси тарғиб қилинади
🔴 “Шоҳбайт” нима?
🔴 Атойи қайси сулола даврида яшаган?
🔴 Атойи ижоди кимлар томонидан тадқиқ этилган?
Шоирлар борки, девонларини биров билмайди, шоирлар борки, бир байт шеъри билан машҳур бўлиб кетади. Бундай байтларни мумтоз адабиётшуносликда “шоҳбайт” дейишади. Атойи мана шундай шоирлардар бири сифатида танилган. Унинг қуйидаги байти шоирнинг шуҳратини элга ёйган “шоҳбайт”лар сирасига киради:
Ул санамким, сув яқосинда паритек ўлтурур,
Ғояти нозуклукиндин сув била ютса бўлур.
Алишер Навоийгача ўтган туркий адабиётнинг забардаст намояндаларидан бири, ўзбек ғазалчилиги устозларидан бўлган Атойи XIV асрнинг иккинчи ярми — XV асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод қилган. Яссавия шайхлари авлодидан бўлганлиги учун Шайхзода Атойи деб юритилади. У бир-икки авлод орқали бевосита “Туркистон мулкининг шайх ул-машойихи” Хожа Аҳмад Яссавийга бориб боғланади. Шоирнинг таржимаи ҳоли ҳақида деярли маълумот йўқ: унинг қачон ва қаерда туғилгани, қайси шаҳарларда қанча муддат яшагани ҳамда асл исми номаълум.
Мавлоно Атойидан бизгача 260 та ғазалдан иборат ягона девон етиб келган бўлиб, у ҳозирда Санкт-Петербургдаги Шарқшунослик институтининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида сақланади. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ёзади: “Мавлоно Атойи Балхда бўлур эрди. Исмоил ато фарзандларидиндур, дарвешваш ва хушхулқ, мунбасит киши эрди. Туркигўй эрди. Ўз замонида шеъри атрок орасида кўп шуҳрат тутти... Мавлоно кўп туркона айтур эрди... Қабри Балх навоҳисидадур”. “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида мамлакат туркий султонлар қўлига ўтган Ҳулогухон ва соҳибқирон Амир Темур қамонидин фарзанди Шоҳрух Мирзо замонининг охиригача майдонга чиққан туркий шоирлар Саккокий, Ҳайдар Хоразмий, Муқимий, Яқиний, Амирий ва Гадоийлар қаторида Атойини ҳам ҳурмат билан тилга олади. “Ўқ ва ёй” мунозарасида Яқиний ҳам Атойининг бир байтини мисол қилиб келтиради.
Атойи девонини топиб, уни кенг жамотчиликка маълум қилган олим таниқли шарқшунос А.Н. Самойлович ҳисобланади. У 1927 йили бу ҳакда “XV асрдаги Чиғатой шоири Атойи” номли мақола ёзиб, шоирнинг 17 та ғазалини эълон қилади. Шундан кейин шоир ижоди-га қизиқиш кучайиб кетади. Абдурауф Фитрат, Ғафур Ғулом, Ҳоди Зариф, Эргаш Рустамов, Ойбек, Натан Маллаев, Эркин Аҳмадхўжаев, Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Ғаниева, Иброҳим Ҳаққул, Сайфиддин Рафиддин каби олимлар шоир ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилиш ҳамда асарларини нашр этишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг ёзишича, Атойи “шимолий Туркистон (Чимкент, Сайрам, Туркистон, Иқон, Ўтрор)нинг қайси бир еридадир туғилиб, кейин маърифат қидириб қадим пойтахтимиз Ҳиротга бориб, шу ерда турғун бўлиб қолган бўлса керак. У Шоҳрух ва Улуғбек даврида яшаган, ижод қилган... Шоирнинг сўзидаги ўта тиниқ ўзбеклик шимолий Туркистон ўзбекларининг шевасини эслатади. Унинг 260 лирик ғазалидан 109 таси аруз вазнларига мос тушадигаи халқ қўшиқлари вазнлари билан ёзилгандир. Асарларига тил томонидан шоир Аҳмад Яссавийнинг кучли таъсири бор”.
Атойи нафақат шоир, балки маърифатпарвар зот бўлиб, ўз фаолиятида инсон қалбини поклаш, яхшилик ва билим орқали юксалиш ғоясини ёйган. Бугунги кунда Атойининг фаолияти – маънавият ва миллий ўзликни тиклаш жараёнида қимматли илмий ва маданий мерос сифатида ўрганилмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган “Атойи адабий мероси” медиалойиҳаси орқали шоир ижоди жамоатчиликка хусусан, ёш авлодга етказиш мақсад қилинган.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди