Ҳақиқатни акс эттирган шакл: Ўзбекистондаги мегалойиҳа экспозицияси учун муляжлар илмий асосда яратилмоқда
🔴 Муҳим илмий-маърифий масканнинг яна бир экспозицияси
🔴 Тарих, мерос ва миллий қадриятлар янада таъсирчан шаклда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — мамлакатимизнинг тарихий-маданий меросини замонавий визуал ва илмий ёндашувлар асосида жаҳон ҳамжамиятига тақдим этишни мақсад қилган муҳим илмий-маърифий маскандир. Марказдаги ҳар бир экспозиция, шу жумладан, макет ва муляжлар, кенг кўламли изланишлар, эстетик талаблар ва техник мезонлар асосида яратилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига тайёрланаётган макет ва муляжлар юзасидан илмий муҳокама ўтказилди.
Йиғилишда макет ва муляжлар сифатини янада ошириш, уларнинг 3D моделлаштирилиши, тарихий асосланганлиги ҳамда визуал таъсирчанлиги муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳар бир макет ва муляж нафақат ташқи кўриниши, балки у ифода этаётган тарихий, илмий ва маънавий мазмуни билан экспозицияда муҳим ўрин эгаллаши лозим. Шошма-шошарлик эмас, балки пухта, босқичма-босқич илмий таҳлил ва маслаҳатлашувлар асосида иш олиб бориш зарурлиги алоҳида уқтирилди.
Ушбу жараёнга Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти, Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти каби илмий ва ижодий муассасаларнинг етакчи мутахассислари жалб этилган. Улар томонидан кулолчилик, ҳайкалтарошлик, қадимий музей экспонатларининг муляжлари, турли артефактларнинг реконструкциялари амалга оширилмоқда.

Йиғилишда ушбу ишлар тизимли ташкил этилиши учун лойиҳалар асосида ишчи гуруҳлар шакллантирилиши, ижрочиларни аниқлаш, техник ва сметавий ҳужжатларни расмийлаштириш, тегишли мутахассислар хулосаларини олиш тартиби белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида марказ экспозицияси учун тайёрланаётган ҳар бир макет ва муляж фақат кўзга кўринган объект эмас, балки илмий-маърифий ғояни етказувчи восита бўлиши кераклиги яна бир бор таъкидланди. Бу орқали марказга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий меҳмонларга тарих, мерос ва миллий қадриятлар янада таъсирчан тарзда етказилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа