Ислом цивилизацияси маркази: тарих ва ҳақиқат ўртасидаги визуал мулоқот
🔴 “Тарих овозига айланган марказ”
🔴 “Тасаввурни уйғотувчи экспозициялар”
🔴 Шунчаки эстетика эмас, маънолар ифодаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ўз фаолиятида муҳим босқичга қадам қўйди — бу босқич мазмун ва маънода янада юксак масъулият талаб этади.
Марказ қурилишида галдаги вазифа экспозицияларни бойитиш, уларнинг тарихий, илмий ва маданий жиҳатдан тўкис ҳамда таъсирчан бўлишига эришишдан иборат. Шу муносабат билан Марказда тарихчилар, археологлар, этнографлар, дизайнерлар ва техник мутахассислардан иборат гуруҳлар фаол ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Цивилизацион ёдгорликларга илмий ёндашув
Марказда ўтказилган навбатдаги муҳокама йиғилишида экспозицияининг антик даврдан то илк ўрта асрларгача бўлган босқичлари, хусусан, Бақтрия ва Турон ўртасидаги маданий ва геоцивилизацион алоқалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда Бақтрия мудофаа деворидаги дарвоза макети таҳлил қилиниб, у антик меъморчилик анъаналарига мос келмаслиги ва тарихий реалликдан йироқ экани қайд этилди. Мутахассислар бу қисмни асл тарихий асослар ва безак элементлари асосида қайта яратиш, экспозицияни геомаданий асослар билан бойитиш зарурлигини таъкидлашди.
Шу билан бирга, дарвоза орқасида масофавий тарихий манзарани жойлаштириш таклифи илгари сурилди. Бу экспозицияга таъсирчанлик, теранлик ва тамошабинда тарихий улуғворлик туйғусини уйғотишга хизмат қилиши мумкин.
Контент – марказнинг руҳи ва масъулияти
Мазмунан бой экспозиция — марказнинг асосий вазифаси. Ҳозирда айрим залларда ўрнатилган макет ва намуналар таҳлил қилинганда, уларнинг тўлиқ илмий ечим билан таъминланмагани маълум бўлмоқда. Бу эса, уларни қайта ишлаш, янгилаш ёки бошқа экспонатлар билан алмаштиришни тақозо этмоқда.
Мирсодиқ Исхоқов, тарих фанлари доктори:
– Баъзи моддий ёдгорликлар ҳозирда мавжуд эмас. Шунинг учун уларни излаш, қайта тиклаш ёки ҳаттоки хориждан харид қилиш талаб этилади. Бунинг учун марказ раҳбарияти халқаро музокаралар, музейлар ва маданий ташкилотлар билан алоқаларни йўлга қўйган.
Айни пайтда Марказ раҳбарияти, Илмий кенгаш аъзолари иштирокидаги жамоа зарур артефактлар, макетлар ва экспонатларни олиб келиш бўйича ишларни амалга оширмоқда.
Дизайн – эстетика эмас, маънолар ифодаси
Шунингдек, йиғилишда Франциянинг “Avesta Group” дизайнерлари иштирокида экспозицион макетлар, уларнинг мантиқий тизими, визуал таъсирчанлиги ва маънавий юки ҳам муҳокама қилинди. Эътиборли жиҳат шундаки, дизайнерлар фақат гўзал кўриниш эмас, тарихий воқеликни визуал тилда аниқ ифодалаш учун жавобгар.
“Дизайнер тарихчи эмас, аммо у тарихчининг ҳамнафаси бўлиши керак” — деган фикр муҳокаманинг асосий шиорига айланди.
Ҳар бир экспонат — ўзига хос бир давр, халқ, ҳудуд ва ижтимоий воқеликнинг реал белгиси сифатида қабул қилиниши керак. Бу ёндашув экспозицияларни шунчаки намойиш эмас, тасаввурга таъсир этувчи билим маконига айлантиради.
Ислом цивилизацияси маркази ўз мазмун-мундарижасини яратишда нафақат тарихий, балки маърифий, эстетик ва ахборот технологиялари жиҳатидан ҳам мураккаб жараённи бошдан кечирмоқда. Бу босқич марказ фаолиятининг энг масъулиятли даври бўлиб, у нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон дунёси учун намунавий тажриба сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа