Тарих ёшлар учун замонавий ифода билан уйғунлашмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилаётган экспозицияларда анъанавий ифода воситалари замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилмоқда.
Қўлёзмалар, макетлар, тарихий артефактлар ва муляжлар қаторида интерактив ечимлар, 3D анимациялар, рақамли визуализациялар, виртуал кўргазмалар ва махсус видеоконтентлар кенг қўлланилмоқда.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқовнинг таъкидлашича, экспозицияни замонавий медиа маҳсулотлар билан тўлдириш, хусусан, ёшлар учун қизиқарли ва таъсирли форматда тақдим этиш устувор вазифа ҳисобланади.
– Президентимиз Марказнинг бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида қилган ташрифларида музей экспозицияларида ёш авлодни жалб этадиган ифода воситаларини қўллаш зарурлигини алоҳида қайд этганлар. Шу боис медиа контент Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланди, – деди Марказ раҳбари.
Шу мақсадда Ислом цивилизацияси маркази ва Кинематография агентлиги ўртасида мегалойиҳа экспозициясининг кино-медиа лойиҳаларига доир ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Йиғилишда маълум қилинишича, лойиҳалар доирасида тарихчилар, режиссёрлар ва медиа мутахассислари ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Айниқса, Темурийлар даври маликалари — хусусан, Гавҳаршодбегим образига оид саҳналарни тарихий асосланган ва тиниқ визуал ечимлар билан яратишда махсус мувофиқлаштирувчи тизим зарурлиги таъкидланди.
Режиссёрлар томонидан лойиҳаларнинг бадиий даражасини кафолатлаш мақсадида махсус бадиий кенгаш тузиш ва барча визуал элементларни (либос, саҳна макети, аксессуар ва бошқалар) олимлар ва мутахассислар таҳлилидан ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Йиғилишда Абу Райҳон Беруний ва Жалолиддин Мангуберди ҳаётига бағишланган илк видеоишланмалар намойиш этилди ҳамда келгусидаги медиа маҳсулотларга доир аниқ вазифалар белгилаб олинди. Улар орасида ҳар бир иш сифатли, аниқ ва ўз вақтида якунланиши, таклиф ва муаммолар тезкор ҳал этилиши кераклиги алоҳида қайд этилди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа