ИЦМ янги медиалойиҳа: “Мулкат Оғо — илм ва маърифат ҳомийси”

Ислом таърихида ўчмас из қолдирган йирик аёл шахсиятлар орасида Мулкат Оғо Бегим алоҳида ўрин тутади. Унинг ҳаёти, маърифатпарвар фаолияти бугунги кунда ҳам ибрат намунасидир.

 

Асли исми Мулк Оғо бўлган ушбу зийнатли зот Темурийлар сулоласи даврида ҳаёт кечирган. Мулкат Оғо Бегим нафақат шаҳзодалар онаси, балки илм ва маърифат ҳомийси, ижтимоий меъморлик анъаналарига асос солган аёл сифатида ҳам тарихда муҳрланди. У Ҳирот ва Балх шаҳарларида шифохона, «Дорулҳадис» хонақоҳи, иккита ҳаммом, равот, мадраса каби бунёдкорлик ишларини амалга оширган.

 

У толиби илмлар, муҳаддислар ва уламоларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган, илм соҳиблари учун ғамхўрлик қилишни ўзининг юксак бурчи деб билган. 1440 йилда Қобулда вафот этган Мулкат Оғо Бегим ўзининг васиятига биноан Балхда қурдирган мадрасасига дафн қилинган. 

 

Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган “Мулкат Оғо — илм ва маърифат ҳомийси” номли медиалойиҳа маликанинг ҳаёти ва фаолиятини кенг жамоатчиликка танитиш, унинг маънавий меросини қайта жонлантиришга қаратилган.

 

Сурат СИ ёрдамида ишланди.