Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида дунёга сўзлайдиган китоб тайёрланмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бой маънавий-маърифий салоҳиятини нафақат миллий, балки халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш мақсадида бир қатор янги медиа ва нашр лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган мазкур марказ ҳақида, унинг фаолияти, мақсад ва вазифалари, меъморий маҳобатини дунё жамоатчилигига намоён этиш учун алоҳида китоб яратилмоқда.
Марказ Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида мазкур китоб лойиҳаси концепцияси билан “Динара & Со” нашриёти директори Динара Дўлтаева таништирди.
— Бизнинг асосий мақсадимиз – Ислом цивилизацияси маркази орқали Ўзбекистонни жаҳонга замонавий, маданий-цивилизацион маскан сифатида намоён этиш. Бу марказ неча асрлик Ренессанс даврларини ва бой илмий меросимизни бирлаштирувчи муҳим илмий марказдир. Китобда нафақат Марказнинг вазифалари, балки унда сақланаётган артефактлар, Президент ташаббуслари ва маданий дипломатия бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилади. Унда инфографикалар, хариталар, фотосуратлар кенг қамраб олинади, — деди Д.Дўлтаева.
Китоб 300 саҳифадан иборат бўлиб, ўзбек тилида ёзилиб, рус, инглиз ва араб тилларига таржима қилиниши белгиланган.
Илмий кенгаш аъзолари лойиҳани бир овоздан маъқуллаб, айрим таклиф ва илова тавсияларини билдиришди.
Лойиҳа доирасида китобни тузиш, илмий таҳрир қилиш ва визуал безаш ишлари Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа