Қўлёзмадан 3D гача: ўтмиш санъати замонавий акс этмоқда
👉 Вақтни визуалда сўзлатган композиция
👉Қадимий хариталар, юлдузлар ва улуғ зотлар бир деворда
👉Кеча ва бугун ўртасидаги мулоқот

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозициясининг таркибий қисми ҳисобланган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” барельефи композициясига Махсус комиссия томонидан билдирилган таклифлар асосида киритиладиган ўзгаришлар муҳокама қилинди.
Тарихий даврларни замонавий талқинда акс эттириш мақсадида ишлаб чиқилаётган ушбу экспозиция лойиҳаси юртимизнинг маданий меросини янада чуқурроқ, таъсирлироқ ва визуал жиҳатдан кучли ифода этишга қаратилган.
Мазкур лойиҳа доирасидаги барча қисмлар юзасидан муҳим таклифлар илгари сурилди:
🔹 Қадимги маданият ва санъат қисмида “Қоя суратлари” мавзусида арава ва оҳу образлари орқали инсоннинг бунёдкорлик сари илк қадамлари ифодаланиши кўзда тутилмоқда. Бу қисм учун “Тамаддун сари илк қадам” деган номли каталог тайёрланиши таклиф қилинди.
🔹 Қадимги Бақтрияга бағишланган қисмда Птолемей харитаси жойлаштирилиб, Буддавийлик тарқалиши махсус визуал элементлар орқали кўрсатилади. Александр Македонский образи тарихи ва эстетикасига мувофиқ равишда қайта ишланади.
🔹 Қадимги Хоразм қисмида юлдузлар тартиби ва астрономик белгилар техник жиҳатдан янгиланади. Зардуштнинг “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” шиори марказий элементга айланади.
🔹 Суғд қисмда Спитамен образи атрофига халқ образлари қўшилиб, қаҳрамонлик руҳи кучайтирилади. Ниқобли ҳайкал композициядан чиқарилади.
🔹 Фарғона ва Чоч қисмида аёл образи тарихий аксессуарлар орқали бойитилади. Отлар сони қисқартирилиб, Чоч ва Фарғона тангалари аниқ ва тўлиқ кўринишда намоён этилади.
🔹 Буюк Ипак йўлига бағишланган қисмда тарихий харитада хитойликлар образи ишончли ва фактик асосда берилса, Рим ва Византия каби давлатлар ҳам харитага киритилиши таклиф қилинди.

Экспозициянинг барча қисмлари тарихий ҳужжатлар, илмий манбалар ва бадиий ифода усулларига таянилган ҳолда тайёрланмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, ушбу экспозиция нафақат маҳаллий, балки халқаро аудитория учун ҳам катта маънавий ва таълимий аҳамиятга эга бўлади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа