Илмга бағишланган капсулалар: Биринчи Ренессанс руҳи Ислом цивилизацияси марказида жонланмоқда

 

🔴 Энг мураккаб, аммо энг эсда қоларли босқичлардан бири


🔴  Тарихий манбалар, нодир қўлёзмалар ва эстетик ифода


🔴  Нафақат ўтмишга назар, балки келажакка йўлчи нур

 

    Италиянинг “Magister Art” компанияси архитектор-дизайнери Лаура Переттининг сўзларига кўра, мазкур экспозиция устидаги иш жараёни “энг мураккаб, аммо энг эсда қоларли босқичлардан бири бўлмоқда”. 


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Биринчи Ренессанс” даврига бағишланган экспозицияни мазмунан бойитиш, экспонатларнинг жойлашуви ва таълимий-концептуал йўналишларини белгилаш бўйича навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, “Ал-Фурқон” Ислом мероси фонди раҳбари Сали Шаҳсуварий, Италиянинг “Magister Art” компанияси архитектор-дизайнери Лаура Перетти, ЎзФА тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари, Имом Мотуридий маркази ва бошқа илмий муассасалар вакиллари иштирокида ўтказилган муҳокама йиғилишининг марказий нуқтаси — Биринчи Ренессанс бўлимида ташкил этиладиган 7 капсула мазмуни бўлди. 


    Ушбу капсулаларда илмий ва маънавий тикланиш даврининг турли жиҳатлари — фалсафа, тиббиёт, астрономия, математика, санъат ва маърифат билан боғлиқ йўналишлар тарихий манбалар, нодир қўлёзмалар ва эстетик ифода воситалари орқали тақдим этилади.

 

    Архитектор Лаура Переттининг сўзларига кўра, мазкур экспозиция устидаги иш жараёни “энг мураккаб, аммо энг эсда қоларли босқичлардан бири”. 
 

“Бу даврни ўрганар эканмиз, янги билимларга очиқ бўлиш ва тарихий илдизларни илмий асосда қайта тартиблаш муҳим аҳамият касб этди”, – деди у.


    Йиғилишда, шунингдек, витриналарнинг ўлчами, экспонатлар жойлашуви, Абу Али ибн Сино фаолиятига бағишланган бўлим концепцияси ва тиббиётга оид фундаментал асарлар билан боғлиқ материаллар муҳокама қилинди.

 

    Мазкур тарихий-маърифий экспозиция нафақат ўтмишга назар, балки келажакка йўлчи нур сифатида баҳоланмоқда. Тадбир иштирокчилари таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти илгари сурган “Янги Ренессанс” ғояси айнан ана шу тарихий меросга таянади ва бу меросни замонавий технологиялар орқали кенг жамоатчиликка тақдим этиш — миллий тараққиётнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлайди.