Саккиз асрни кўрган тилла тақинчоқлар

🔴 Тақинчоқлар қаердан топилган?

 

🔴 Улар қайси сулола даврига тўғри келади?

 

🔴 Christie's савдо уйининг қонун-қоидалари нималардан иборат?


    Яқинда дунёдаги энг қадимий ва машҳур аукцион уйларидан бири – Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган Christie's савдо уйида Ҳиндистон ва ислом оламига тегишли осори-атиқаларнинг савдоси бўлиб ўтди. Унда бевосита Ўзбекистон маданий меросига оид қадимий буюмлар, қўлёзмалар ҳам савдога қўйилди. 

 

    Улар орасида салжуқийлар даврида яратилган олтин тақинчоқлар тўплами кўпчиликнинг эътиборини тортди. 

 

     Тақинчоқлар қаердан топилган?

 

   Дунёдаги кўплаб аукцион уйлари қатори Christie's савдо уйининг ҳам қонун-қоидалари бор. Улар сотилаётган буюмнинг эгаси агар ўз номини ошкор қилишни истамаса, бу ҳақда маълумот беришмайди. Сотиб олган шахс ҳам ўз номини сир тутишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Биз тилга олган тақинчоқлар ҳам олдин кимга тегишли бўлган, аукцион уйига қандай келиб қолгани ҳақида тўлиқ маълумотлар берилмади. Аммо, шуниси аниқки, ҳар бир лот савдога чиқарилишидан аввал махсус экспертизадан ўтказилади. Тарихчилар, санъатшунослар, этнографлар ва бошқа тегишли соҳа вакиллари ҳар бир осори атиқан ҳар томонлама текширувдан ўтказадилар. Чунки, нотўғри маълумот ёки сохта артефакт савдо чиқарилгани ошкор бўлиб қоладиган бўлса, бу охир-оқибат катта можароларга, ҳатто судлашишгача бориб етади. 

 

   Экспертлар ушбу тақинчоқлар айнан салжуқийлар даврида, энг кечи билан XIII асрда Салжуқийлар даврида ясалганини аниқлашган. Мазкур тақинчоқларда ишлатилган безаклар, турли белгилар айнан шу даврга тегишли осори атиқаларда кўплаб учрайди.  Қизиғи, 35 дона буюм (зебигардон, билагузук, занжирлар, узук ва сирғалар) орасида юракча шаклидаги тақинчоқлар ҳам бор. Бу белги шу пайтгача Европадан кириб келган, севги рамзи сифатида қараб келинган. Аммо, ўрганишлар шуни кўрсатдики, бу шаклдаги олтин буюмлар бундан 2500 йил аввалги Аҳамонийлар даврига оид буюмлар орасида ҳам учрайди. Мутахассислар ҳаттоки қадимги Миср иероглифлари орасида ҳам бу белги борлигини айтишади. 

 

    Ушбу заргарлик буюмлари моҳир усталар томонидан яратилган ва ҳукмдорлар оиласига тегишли аёллар таққан бўлиши мумкин. 


    Аукционга чиқарилган бу тақинчоқлар тўплами мазкур савдода иштирок этган ўзбекистонлик мутахассислар ёрдамида сотиб олиш учун сараланган  ва юртимизга келтирилиши кутилмоқда.



Рустам Жабборов

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.