Тошкент глобал кўргазмага тайёргарлик кўрмоқда
Дунё музейлари Ўзбекистонда жамланади. Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мулки” мавзусида глобал кўргазма ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг 50 га яқин музей ва кутубхоналари иштирок этиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Марказда бўлиб ўтган навбатдаги илмий кенгаш йиғилишида маълум қилинди.
Кўргазмада намойиш этиладиган қарийб 1000 та ноёб экспонат – қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, асарлар ва артефактлар рўйхати Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари кўмагида шакллантирилмоқда. Бу жараёнда халқаро нуфузга эга музей ва фондлар ҳамкор сифатида жалб этилди.

Камола Акилова, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, академик:
— Дунёнинг қатор музей ва кутубхоналари “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мулки” кўргазмасида қатнашиш таклифини мамнуният билан қабул қилишди. Жумладан, Малайзиянинг “Ислом санъати музейи”, “Ас-Сабоҳ” фонди, Франция, Германия, Қирғизистон, Қозоғистон музейлари, Туркиянинг Тўпқопи, Турк ислом асарлари музейи, Сулаймония кутубхонаси ва бошқа илмий-маданий муассасалар ўз экспонатлари билан қатнашиш ниятини билдирди.
Кўргазмада Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби йирик алломаларимизга оид асарлар, тарихий Қуръон нусхалари, жумладан, хорижда сақланаётган 200 га яқин қўлёзманинг факсимилелари намойиш этилади.
Шунингдек, 61 та муҳим экспонатнинг муляжи тайёрланиб, уларнинг хавфсиз ташилиши, сақланиши ва намойиши бўйича зарур техник талаблар, суғурта ҳужжатлари ва махсус витрина маълумотлари тайёрланган.

Хорижий музейлар раҳбарлари нодир артефактларнинг ташилиши ва қайтарилиши жараёнида уларга зиён етмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлаган.
Глобал кўргазма учун экспонатларни ташиш ишларини амалга оширадиган “Bek Broker” компанияси вакиллари таъкидлашича, музей экспонатларининг қадимийлиги, нозиклиги, ҳажми ва вазни каби параметрлар ҳар бир деталда инобатга олинмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа