Ўзбекистон-Буюк Британия: Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази билан ҳамкорлик мулоқоти



 

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг иккинчи қаватида Буюк Британиядаги Оксфорд Ислом тадқиқот маркази иш бошлаши кутиляпти. Жорий йилда ушбу ташкилот фаолиятига 40 йил тўлди.


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида Буюк Британия Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори доктор Фархан Низами билан ЗООМ орқали мулоқот бўлиб ўтди.



 

    Мулоқот аввалида, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳолиқов Фархан Низами ва унинг жамоасини Оксфорд Ислом тадқиқот маркази фаолиятининг 40 йиллиги муносабати билан муборакбод этди:

 

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифлари билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносининг иккинчи қаватида халқаро ҳамкор ташкилотлар учун жой ажратилган. Жумладан, Оксфорд Ислом тадқиқот маркази учун ҳам. Шу муносабат билан Сиз ва сиз раҳбарлик қилаётган Марказ жамоаси вакилларини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кутиб қоламиз. Сизнинг ташрифингиз келажакда амалга ошириладиган ҳамкорликдаги ишларимиз учун янада каттароқ эшик очади, – деди Марказ директори Ф.Абдуҳолиқов. 

 

    Йиғилиш давомида Баҳром Абдуҳалимов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров ҳам сўзга чиқиб, йўлга қўйилиши кутилаётган ҳамкорликдан мамнун эканликларини билдириб ўтишди.












 

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида икки Марказ ўртасида “Ислом ижтимоий ва интеллектуал тарихи АТЛАСИ”нинг Марказий Осиё билан боғлиқ қисми бўйича қўшма ҳамкорлик йўлга қўйилган эди. Ушбу лойиҳада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров бошчилик қилиб, яқин кунларда ушбу лойиҳа юзасидан Лондонга хизмат сафари амалга оширилиши маълум қилинди.

 

    Мулоқот сўнгида Буюк Британия Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори доктор Фархан Низами йўлга қўйилган ҳамкорлик ва Ўзбекистонга таклифдан хурсанд эканлигини таъкидлаб ўтди.



Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати