“Биринчи Ренессанс” экспозицияси ислом мероси мутахассислари иштирокида такомиллаштирилмоқда
🔴 Ўзбекистондаги мегалойиҳа музейида ислом илмлари визуал тарихга айланмоқда.
🔴 Ренессанс янги форматда қайта уйғонмоқда.
🔴 Юз йиллик билимлар учун янги саҳна шаклланмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ислом динининг илмий, маданий ва маънавий меросини юқори эстетик даражада намоён этишни мақсад қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида илмий маслаҳат ва лойиҳавий ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида навбатдаги маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда марказ экспозициясининг асосий йўналишларидан саналган “Биринчи Ренессанс даври” бўлимидаги “Ислом илмлари” капсулалари юзасидан олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда халқаро ҳамкорлар сифатида Лондонда жойлашган “Ал-Фурқон” Ислом мероси жамғармаси директори Сали Шаҳсуварий, Франциянинг “Авесто” компанияси вакили Юсуф Хатто ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейининг “Биринчи Ренессанс” бўлими экспозициялари ишчи гуруҳи раҳбарлари ва аъзолари – профессорлар Баҳром Абдуҳалимов, Сурайё Каримова, доцент Иброҳим Усмонов ва бошқа таниқли олимлар иштирок этди.
Музокаралар давомида асосий эътибор экспозициянинг “Биринчи Ренессанс” секторида исломнинг Марказий Осиёга кириб келиши мавзусини ёритувчи видеороликлар мазмунига қаратилди.


Шулар қаторида, уларда акс эттирилиши мўлжалланаётган тарихий хариталар ва визуал ечимлар концепцияси юзасидан фикр алмашилди. Сали Шаҳсуварий бу йўналишда қатор амалий таклифлар киритиб, Исломнинг беш рукни ва шариатнинг беш шартларига бағишланган қисқа видеолар учун сценарий матнларини шахсан тайёрлаб беришини маълум қилди.

Бу ташаббус ва билдирилган таклиф-мулоҳазалар сабаб Сали Шаҳсуварий музей экспозициясининг “Биринчи Ренессанс” бўлими ишчи гуруҳига хорижий мутахассис сифатида бириктирилди. Шунингдек, хорижлик мутахассис нафақат Биринчи Ренессанс экспозициясидаги 3 та Ислом илмлари капсулаларига, балки бу бўлимдаги жами 7 та капсула учун ҳам таклифларини билдириб ўтди.
Йиғилиш давомида муҳокама қилинган таклиф ва ғоялар лойиҳа ишчи гуруҳи томонидан ижобий баҳоланди ва марказ раҳбарияти кўриб чиқиши учун тақдим этилди. Мазкур таклифлар тасдиқлангач, техник ишланмаларни амалга ошириш учун Италиянинг “Magistr Art” компаниясига расмий равишда юборилиши белгиланди.

Ислом цивилизацияси маркази томонидан ишлаб чиқилаётган ушбу лойиҳалар Ислом динининг илмий, маданий ва маънавий меросини юқори эстетик даражада намоён этишни мақсад қилади. Хусусан, визуал ахборот технологиялари, тарихий таҳлил ва замонавий экспозиция воситалари орқали халқимиз ҳамда халқаро жамоатчилик учун бой маънавий қадриятлар манбаи яратиш кўзда тутилган.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа