“Саҳиҳи Бухорий” 22 тилда: Имом Бухорий инновацион музейида таржималар мукаммаллаштирилмоқда
👉 “Саҳиҳи Бухорий”нинг ҳадислари 22 тилда таржима қилинмоқда.
👉 Ҳар бир тил учун услубий, имловий ва маъновий жиҳатлар устида мутахассислар жалб қилинган.
👉 Таржималар техник ва визуал жиҳатдан уйғун бўлишига эътибор берилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий инновацион музейи учун тайёрланаётган 9 та павильондан иборат экспозициянинг мазмун-моҳиятини янада такомиллаштириш мақсадида навбатдаги ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда музейдаги ҳар бир павильон орқали Имом Бухорий мероси, исломий илм-фан, тарихий шахслар ва маънавий қадриятларни замонавий визуал ёндашувларда ифода этиш масалалари муҳокама қилинди.
Алоҳида эътибор 7–8-павильонларда жойлаштирилиши мўлжалланаётган “Саҳиҳи Бухорий” ҳадисларининг 22 тилдаги таржимасига қаратилди.


Хусусан, ҳар бир тил бўйича мутахассислардан услубий, имловий ва маъновий жиҳатлар юзасидан тегишли кўрсатмалар олиниши лозимлиги таъкидланди. Инглиз, япон, корейс, урду каби тиллардаги таржималар устидан тегишли соҳа мутахассислари иш олиб бораётгани маълум қилинди.
Йиғилишда Ўзбекитистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи Ш. Минаваров матнлар таҳрири ва нашрида ўзбек тили мутахассислари доимий жалб этилиши зарурлигини қайд этди.
Унинг фикрича, барча тиллардаги таржималар ниҳоясига етгач, ўзбек матнлари асосида ҳар бир версия алоҳида таҳлил қилиниб, электрон нусхаларнинг сифатли тайёрланиши таъминланиши керак.
Шунингдек, йиғилишда “Саҳиҳи Бухорий”да келтирилган ҳадислар миқдори бўйича турли манбалардаги фарқлар ечилмай қолаётгани билдирилиб, уларни тадқиқ қилиш орқали ягона хулосага келиш зарурлиги таъкидлади.
Шу билан бирга, деворий матнларнинг ўзбекча, арабча ва инглизча вариантларидаги таржималар техник ва визуал жиҳатдан уйғун бўлиши кераклигига эътибор қаратилди.
Янги ташкил этилаётган Имом Бухорий инновацион музейида амалга оширилаётган бу ишлар муқаддас ҳадис илми меросини жаҳон миқёсида илмий ва эстетик жиҳатдан намоён этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа