Исломдан аввалги ҳаёт барельефларда гавдаланади
🔴 Ўзбекистонда ноёб экспозицияга тайёргарлик кетмоқда
🔴 Ўтмишга замонавий нигоҳ
🔴 Қадимги давр цивилизациялари "Вақт девори"да

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг муҳим йўналишларидан бири — Исломдан аввалги давр цивилизациялари тарихи, маданияти ва ҳаёт тарзини қамраб олган “Вақт девори” лойиҳаси бўйича амалий муҳокамалар бўлиб ўтди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигида ўтказилган ушбу амалий муҳокама йиғилишида илмий-ижодий гуруҳ аъзолари — тарихчилар, санъатшунослар, археологлар, дизайнерлар ва рассомлар иштирок этиб, экспозициянинг муҳим бадиий-безак қисмини ташкил этувчи олтита йирик барельеф асари бадиий-безак ечимлари юзасидан фикр алмашишди. Хусусан, “Вақт девори” лойиҳаси доирасида яратилаётган олтита йирик барельеф композицияси ва уларнинг умумий визуал концепцияси муҳокама қилинди.

Ушбу лойиҳа орқали Суғд, Бақтрия, Хоразм, Фарғона ва Чоч каби қадимий цивилизацияларнинг ҳаёт тарзи, меъморчилик услуби, мафкуравий ва диний қарашлари, урф-одатлари ҳамда маданий мероси барельеф услубида бадиий ифодада намоён этилади. Шунингдек, қадимги савдо йўллари ва Зардуштийлик, Буддавийлик, Яҳудийлик каби динларнинг жамият ҳаётига таъсири ҳам лойиҳада инобатга олинган.
Ҳайкалтарош Шоҳрух Ўрозов таъкидлаганидек, ҳар бир барельеф уч қисмга бўлиниб, махсус техника ёрдамида экспозиция залига ўрнатилади. Монтаж ишларидан сўнг деталлаштириш, пардоз ва ёритиш элементлари бажарилади. Барельефлар орасидаги бўшлиқлар эса ҳар бир тарихий даврга хос бўлган орнамент ва нақшлар билан безатилади.
Тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова “Вақт девори” лойиҳасини экспозицияга киришдан олдин томошабинга Исломдан аввалги давр тарихи бўйича визуал контекст бериш имконини яратади, деб таъкидлади. Унинг фикрича, бу композиция тарихий воқеалар ва маданий ҳаётни ифодаловчи муҳим бадиий элемент бўлиб, кейинги экспонатлар мазмунига замин яратади.
Йиғилиш давомида барельефлар композицияси бўйича мутахассислар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан, пол, шифт ва ёруғлик ечимлари умумий муҳитга мос тарзда танланиши, ортиқча безаклардан воз кечиб, тарихий давр эстетикасини сақлашга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Ушбу ишлар экспозициянинг тўртинчи босқичига тайёргарлик сифатида баҳоланди ва лойиҳанинг кейинги техник ҳамда ижодий жараёнларига асос бўладиган қарорлар қабул қилинди.

Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган “Вақт девори” лойиҳаси нафақат Ислом мероси, балки ундан аввалги юксак цивилизацион тараққиётни ҳам ёритадиган муҳим маданий лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа