Вақт тўхтагандек туюладиган макон — Чашмаи Аюб

🔴 Мақбара тарихи ҳақида нималар биласиз?

 

🔴 Унинг қурилиши қайси сулола даврига тўғри келади?

 

🔴 Ўзбекистон ҳудудида Чашмаи Аюб номи билан аталувчи нечта мақбара бор?



 

    Ўзбекистон тарихида табаррук обидаларнинг ҳар бири халқимизнинг маънавий ҳаёти, эътиқоди ва қадимий урф-одатларидан дарак беради. Ана шундай манзиллардан бири — Чашмаи Аюб мақбараси макети эндиликда Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ўзига хос ўрин эгаллайди.

 

    Чашмаи Аюб (Аюб чашмаси деб ҳам юритилади) — Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган булоқ ва у билан боғлиқ мақбара мажмуасидир. Ривоятларга кўра, пайғамбар Айюб (А.С.) Бухорога келиб, шу ерда қурғоқчиликдан азият чекаётган халқ учун дуо қилиб, заминдан булоқ олиб чиққанлар. Шунинг учун бу жой халқ орасида ҳамиша табаррук ва зиёратгоҳ сифатида эъзозланиб келади.

 

    Мақбара меъморий жиҳатдан XII–XVI асрларга оид бир нечта қурилиш босқичларини ўз ичига олади. Махсус гумбаз ва турлича ҳажмдаги ҳужралардан иборат таркибий тузилиши ушбу обидани Ўрта аср ислом меъморчилигида алоҳида ажралиб туради.

 

    Ислом цивилизацияси маркази мазкур макетни экспозицияга жойлаштириш орқали нафақат миллий қадриятлар, балки ислом тарихидаги муқаддас жойлар ва ривоятларни илмий асосда намоён этишга интилмоқда.

 

    Мазкур макет кўргазма меҳмонларига нафақат маърифий, балки маънавий таассурот ҳам улашиши, бугунги кунда табаррук жойларни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

    Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида Чашмаи Аюб номи билан аталувчи учта мақбара бор:


биринчиси, Бухородаги “Чашмаи Аюб” хазираси. Мақбара масжид ва унинг ичидаги қудуқдан иборат. Улар XII -XVI асрларда қурилган;


иккинчиси, Қарши шаҳридаги “Чашмаи Аюб” мақбараси XII-XV асрларга мансуб;


учинчиси, Бухоро вилояти Вобкент туманидаги Харгуш ва Хайробод қишлоқлари кесишувида жойлашган. Обида ҳижрий 650 йил (1252-1253 йиллар)да қурилган.