“Адолатли пуллар” номини олган тангалар


🔴 Мирзо Улуғбек давридаги тангалар нега “адолатли пуллар” деб номланган?

 

🔴 Улуғбек тангаларининг битиклари қайси тилда ёзилган ва бунинг қандай аҳамияти бор?

 

🔴 2023 йилда Мирзо Улуғбек тангалари қаердан топилган ва улар қандай тақдирга учраган?



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг нумизматикага ажратилган еридан Темурийлар даври тангалари ҳам ўрин олади.

 

    Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек (1394–1449) йирик давлат арбоби, тарихчи ва аллома бўлиши баробарида, ислоҳотчи сифатида ҳам катта из қолдирган шахсдир. У отаси Шоҳрух Мирзонинг Самарқанддаги ноиби сифатида қарийб қирқ йил давомида Мовароуннаҳрни бошқарган. Умрининг охирги икки йилида эса отасининг ўрнини эгаллаб, пойтахтни Ҳиротдан Самарқандга кўчирди.

 

    Мирзо Улуғбек даврида иқтисодий ислоҳотлар олиб борилиб, тангаларнинг вазни, сифати ва қиймати оширилди. Унинг номидан зарб қилинган мис тангалар аввалги пулларга нисбатан сифатли, оғир ва тоза бўлгани учун халқ орасида “фулуси адлия” — “адолатли пуллар” номи билан машҳур бўлди.

 

    Ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек номидан зарб этилган мис, кумуш ва олтин тангалар нафақат Ўзбекистонда, балки дунё музейлари ва хусусий коллекцияларда ҳам сақланмоқда. 2023 йил март ойида Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидан оқиб ўтувчи Тўпаланг дарёси соҳилидан Мирзо Улуғбек даврига оид 500 дан зиёд танга топилгани эса бу тарихий меросга бўлган қизиқишни янада оширган. Тангалар тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, Термиз Археология музейига топширилган.

 

   Мирзо Улуғбек тангаларининг муҳим жиҳатларидан бири — улардаги битиклар туркий тилда ёзилганидир. Танганинг бир томонида “Ла илаҳа иллоллоҳу Муҳаммадур Росулуллоҳ” деган ибора, иккинчи томонида эса эски ўзбек тилида “Амир Темур Кўрагон ҳимматидин Улуғбек Кўрагон сўзумуз” деган ёзув учрайди. Шунингдек, тангада зарб қилинган сана — 852 йил (1448–1449) ва шаҳар номи — Ҳирот ҳам қайд этилган.

 

    Бу тангалар нафақат иқтисодий ҳаётнинг бир қисми, балки маданий, тарихий мерос сифатида ҳам юксак қийматга эгадир. Улар орқали биз нафақат Улуғбек замонидаги иқтисодий ислоҳотлар, балки она тилимиздаги ёзув маданияти ва давлат рамзларига бўлган муносабат ҳақида ҳам тасаввурга эга бўламиз.