Интеллектуал паспорт: у нима ва нега керак?


🔴 52 метр узунлик ва 8 метр баландликдаги экспозиция

 

🔴 “Шотландия коллекцияси”, харитаю тангалар ва бошқалар ҳақида... 





    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилган илк кунларданоқ музей экспозициясининг мазмун-моҳиятини шакллантириш, ҳар бир бўлимни илмий ва концептуал жиҳатдан бойитиш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Марказ экспозицияси турли цивилизация даврларини қамраб олган ҳолда 800 га яқин лойиҳани ўз ичига олади ва бу лойиҳалар босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган. Айни пайтда биринчи босқич доирасидаги асосий лойиҳалар якунланиш арафасида.


    Барча контентлар – экспонатлар, визуал ва ахборот материаллари – халқаро ташкилотлар, нуфузли олимлар ва музейшунослар билан ҳамкорликда тайёрланиб, музей экспозициясининг ягона дизайн концепциясига мувофиқ шакллантирилмоқда. Шу асосда ҳар бир бўлим учун махсус “экспозиция паспорти” тайёрланиши белгиланди.




    Экспозиция паспортида ҳар бир бўлимнинг мавзуси, тарихий даврлар, экспонатлар рўйхати, дизайн ижрочилари, контент муаллифлари ва визуал ечимлар ҳақида батафсил маълумот жамланади. Бу ҳужжат электрон ва қоғоз кўринишида сақланиб, экспозициялардан ўрин олган экспонатларни келгусида ҳам аниқ жойи бўлиши ва маълумотлари ҳақида қўлланма бўлади.


    Шу муносабат билан Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигида бўлиб ўтган навбатдаги ишчи йиғилишида “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” экспозицияси доирасидаги “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” бўлими учун ишлаб чиқилган паспорт намунаси намойиш қилинди.


    Марказ бош илмий ходими Зоҳидилла Мунавваровнинг таъкидлашича, ушбу паспорт контент ижрочилари, визуал композиция, композиция концепцияси ва экспонатлар рўйхати каби муҳим қисмларни ўз ичига олган бўлиб, ҳар бир экспозиция учун ягона стандарт яратишга хизмат қилади.


    Илмий ходим Обиджон Тангиров тайёрланган намунавий паспорт устида ишлаган мутахассис сифатида экспонатлар сонини кейинчалик ортиб бориш эҳтимолини ҳисобга олиб, алоҳида рўйхат шакллантириш таклифини билдирди.


    Йиғилишда “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”дан ўрин олган “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозициясининг намунавий паспортга киритилган илмий асослари, концепцияси, хронологияси ва музейшунослик ечимлари кенг муҳокама этилди. Қадимги шаҳар маданияти, савдо йўллари, ёзув тизимлари, диний эътиқодлар ва ҳунармандчилик анъаналарини тўла қамраб олиш муҳимлиги таъкидланди.




     Ушбу экспозиция марказ музейидаги асосий композиция — 52 метр узунлик ва 8 метр баландликдаги “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да намоён этилади. Унда инсоният тараққиётининг исломдан аввалги босқичлари, диний эътиқодлар, илм-фан ютуқлари акс этади.


    Бўлимда 429 та лойиҳа мужассам, жумладан, 46 та Шотландия коллекцияси, 60 та мультимедиа элементлари, 17 та харита ва 139 та танга жой олган. Деворнинг юқори қисмида барельеф тарзида Қадимги Бақтрия, Суғд, Хоразм, Фарғона ва Чоч цивилизациялари, маданий алоқалар ва жаҳон савдо йўллари композицион тарзда ифода этилади.




    Йиғилишда интерактив музей форматидаги намойиш усуллари, археологик объектлар асосида экспозиция сценарийларини тайёрлаш бўйича амалий таклифлар берилди. Масалан, Бақтрия олтинлари, Суғд ҳужжатлари, Афросиёб деворий суратлари, Далварзинтепа ва Кампиртепа ёдгорликлари асосида замонавий мультимедиали ҳикоялар тайёрлаш таклиф қилинди.

 

    Экспозиция тузилиши композиция, экспозиция, тафаккур майдони ва сукунат майдони каби қисмлардан ташкил топган. Кейинги босқичда тарихчилар, археологлар, дизайнерлар, рақамли технологлардан иборат жамоалар шакллантирилиб, экспозициянинг ҳар бир бўлими теран ва илмий ёндашув асосида яратилади.


    Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий меросни сақлаш, балки уни илмий асосда таҳлил қилиш ва дунё ҳамжамиятига муносиб равишда тақдим этиш мақсадини кўзда тутади. Мазкур йиғилиш — шу йўналишдаги мантиқий ва самарали қадамлардан яна бири сифатида қайд этилди.


    Таъкидлаш жоизки, тарихий фактлар ва объектлар асосида яратилаётган экспозициялар музейшунослик, тарихий тафаккур ва маданиятлараро мулоқот соҳаларидаги марказ аҳамиятини янада ошириши шубҳасиз.