Темурийлар маънавий мероси ва илмий тараққиётини ёритувчи интерактив харита яратилади

🔴 Амир Темур ва Темурийлар сулоласига бағишланган интерактив харитада қандай тарихий ва меъморий объектлар қамраб олинади ва улар қандай тарзда тақдим этилади?
🔴Темурийлар давридаги илм-фан ва санъат соҳасидаги ривожланиш интерактив харитада қандай йўналишлар орқали ёритилади?
🔴Мазкур интерактив харита лойиҳаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қайси асосий тамойилига хизмат қилади ва унинг маърифий аҳамияти нимада ифодаланади?
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар сулоласи даври маърифатини қамраб олган махсус интерактив харита яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу харита марказдаги доимий экспозициянинг муҳим илмий-маърифий қисми сифатида хизмат қилади.
Харита орқали Амир Темур ва Темурийлар давридаги архитектура, шаҳарсозлик, боғдорчилик ва ирригация соҳаларидаги улкан бунёдкорлик ютуқлари кенг қамровда намоён этилади. Хусусан, Амир Темур томонидан қурилган тарихий бинолар, масканлар ва боғлар, ирригация иншоотлари, йирик шаҳарларнинг меъморий режалари ва жойлашуви визуал шаклда, интерактив элементлар орқали тақдим этилади. Ҳар бир тарихий объект ҳақида батафсил маълумот берилган бўлиб, унинг ким томонидан ва қандай мақсадда барпо этилгани, кимга бағишлангани, меъморий услуби, безаклари ва эпиграфик ёзувлари ҳақида илмий маълумотлар акс этади.
Шу билан бирга, интерактив харитада Темурийлар давридаги илм-фан марказлари, илм аҳли ва санъат усталарининг фаолияти кенг ёритилади. Ушбу қисмда нафақат Самарқандда жамланган етук олим ва мутафаккирлар, балки уларнинг кейинги тақдири — турли мамлакатлардаги (масалан, Усмонийлар империяси, Ҳиндистондаги Бобурийлар давлатининг саройлари ва бошқа) илмий ва ижодий фаолияти ҳам қамраб олинади. Жумладан, Али Қушчининг Туркиядаги илмий мероси ёки бошқа олимларнинг Ғарб ва Шарқ ўртасидаги илмий алоқалари ҳам ушбу харитада ўз ифодасини топади.
Интерактив харитадаги яна бир муҳим йўналиш — Темурийлар ҳомийлигида ривожланган илмий ютуқлар, кашфиётлар, географик ва астрономик билимлар, шифокорлик ва математика соҳаларидаги асарлар, ижодий мактаблар ва уларнинг тарқалиш ҳудудлари ҳисобланади. Бу орқали ўша даврдаги маърифий муҳит ва унинг минтақавий таъсири кенг аудиторияга яққол намоён этилади.
Ушбу лойиҳа марказнинг “Илм ва маърифат цивилизацияси” тамойилига уйғун ҳолда, тарихий меросни рақамли технологиялар асосида қайта тиклаш, сақлаш ва оммалаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, у Ислом цивилизациясининг ривожига улкан ҳисса қўшган Темурийлар даврининг маънавий қудратини замонавий воситаларда теран англаш имконини яратади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа