Ислом цивилизацияси маркази учун куфий хатида битилган саккизта Қуръон саҳифаси харид қилинди




🔴 Куфий хати  қачон ва қаерда  пайдо булган? 

 

🔴 Унинг қандай турлари мавжуд?
 

🔴 Мазкур хат услуби асосан қаерларда учрайди?

    Куфий хати VII аср охири – VIII аср бошларида Ироқ ҳудудида жойлашган Куфа шаҳрида пайдо бўлган. Мазкур хат тури айнан шу шаҳарда ривожлангани сабабли “куфий” деб номланган. У араб ёзувининг Набатий хатидан келиб чиққан.

 

    Куфий хати геометрик шаклларга асосланган бўлиб, тик бурчакли, қатъий ва аниқ тузилишдаги ҳарфлар билан ажралиб туради. Унда горизонтал чизиқлар, одатда, вертикал чизиқларга нисбатан узунроқ ёзилади. Айрим турларида ҳарфлар гуллар, ўсимликлар ва геометрик нақшлар билан безатилган бўлиб, улар “гулли куфий хат” деб юритилади.

 

    Бу хатда кўпинча нуқталар ва белгилар ишлатилмайди, бу эса уни ўқишни қийинлаштиради. Куфий хати турли шакл ва услубларга эга:

 

    Содда куфий — Энг қадимий ва оддий шакл.

    Гулдор куфий — Ҳарфлар гуллар ва ўсимликлар билан безатилган.

    Геометрик куфий — Ҳарфлар геометрик шаклларда ёзилади.

    Ўрилган куфий — Ҳарфлар бир-бирига ўралгандай кўринишда бўлади.

    Шарқий куфий — Эрон ва Марказий Осиёда ривожланган ўзига хос шакл.


    Куфий хати дастлаб Қуръони Каримни кўчириш учун ишлатилган. Қуръоннинг энг қадимий нусхалари айнан куфий хатида ёзилган. У меъморий безак сифатида ҳам кенг қўлланилган — масжидлар, саройлар ва бошқа иншоотлар деворларида, шунингдек, тангалар ва идишлардаги ёзувларда учрайди.

 

    Ислом маданияти ва санъатида муҳим ўрин тутадиган куфий хати XII асрдан бошлаб ўз аҳамиятини аста-секин йўқота бошлади. Вақт ўтиши билан насх, муҳаққақ, настаълиқ каби янги хат турларининг пайдо бўлиши ва уларнинг ўқишда қулайлиги куфий хатининг қўлланилишини чеклади. Шу билан бирга, куфий хати бутунлай йўқолиб кетмади. У меъморчиликда, хусусан, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарларда қурилган мадраса, мақбара ва бошқа биноларда оят, ҳадис ва ҳикматли сўзларни ёзишда қўлланган.

 

    Куфий хатда ёзилган машҳур Қуръон қўлёзмаларидан баъзилари:

 

    ⚫️ Тунисда ёзилган “Мовий Қуръон”;

    ⚫️ Ҳазрати Али мусҳафи;

    ⚫️ Катта Лангар Қуръони.


    2025 йил 1 май куни Лондондаги “Christie’s” аукцион савдоларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун куфий хатида битилган саккизта Қуръон саҳифаси харид қилинди. Бу воқеа куфий хатнинг мусулмон шарқида кенг тарқалганидан далолат беради.

 

    Куфий хати Марказий Осиёга, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига ҳам VIII асрда ислом таълимоти билан бирга кириб келган. Самарқанд яқинидаги Муғ тоғи атрофида топилган Суғд ҳукмдори Деваштичга оид ҳужжатлар орасидан ҳам куфий хатида ёзилган намуна аниқланган.

 

    Айни пайтда Тошкентда сақланаётган ва яқинда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келиниши кутилaётган “Ҳазрати Усмон Қуръони” — куфий хатда битилган энг қадимий Қуръон нусхаларидан бири ҳисобланади.