Археологлар Хоразмда Уйғониш даври топилмаларини аниқлашди
Хоразм Маъмун академияси археологлари Уйғониш даври топилмаларини қўлга киритдилар, дея хабар қилди ЎзР ФА Ахборот хизмати.
Айни пайтда Хоразм Маъмун академияси археологлари Баҳром Садуллаев раҳбарлигида Шовот туманида жойлашган Кат-қалъа ёдгорлигида археологик дала тадқиқот ишларини амалга оширмоқда.
2025-йилда қазишма ишлари ёдгорликнинг шимолий қисмида бошланди. Янги 10-қазишма майдонидаги тадқиқотлар жараёнида шаҳарнинг қадимги даври ва ўрта асрлар топографиясига доир маълумотлар қўлга киритилди. Ушбу объектдаги қазишмалар натижасида сўнги антик даврга оид иншоот қолдиқлари ва у билан боғлиқ хоналар аниқланди. Иншоот деворлари 42х42х10, 41х41х10, 40х40х10 см ҳажмдаги хом ғиштлардан барпо этилган. Кейинчалик илк ўрта асрларда таъмирлаш ишлари бажарилиб, қадимги деворлардан асос сифатида фойдаланишган ва 38х38х10, 39х39х10 см ҳажмдаги хом ғиштлардан қўшимча деворлар барпо этилган. Деворларни очиш давомида сўнгги антик давр ва илк ўрта асрларга тегишли пол сатҳлари қайд қилиниб, пол сатҳларидан олинган сополлар намуналари иншоот қолдиқларини даврлаштиришда муҳим манба вазифасини ўтади.
Ушбу қадимий иншоот қолдиқларини очиш жараёнида юқори қатламларда 20 дан ортиқ чиқинди ўралар аниқланиб, улардан 3 таси IХ-ХI асрларга, қолганлари ХVIII-ХIХ асрларга тегишлидир. Шулардан IХ-ХI асрларга оид ўралар жуда кўплаб сирланган ва сирланмаган сопол буюмлардан иборат ноёб топилмалар коллекциясини тақдим этди.
Улар орасида жимжимадор ўсимликсимон ўйма безаклар, рангдор сохта эпиграфик ва турли шаклдаги нақшлар билан безатилган косалар ва бодиялар қолдиқлари жуда қизиқарлидир. Сирланмаган идишларнинг аксарияти кўзаларга тегишли бўлиб, улар ҳам ўта нозик дид билан ишланган ва турли хил нақшлар туширилган. Жумладан, уларнинг бирида кўза балдоғига илинган халқанинг сақланиб қолганлиги жуда ноёб топилма сифатида қайд қилинади.


Топилмалар орасида шиша буюмлар ва суякка туширилган нақш безаклари ҳам ҳунармандчиликнинг фақат кулолчилик тармоғи эмас балки бошқа турлари ҳам Хоразмда кенг ёйилганлигидан далолат беради. Шиша буюмларининг ясалиши, сопол идишларга ва суяк қолдиқларига берилган безаклар, уларнинг ишланиш услуби ўрта асрларда Хоразм воҳасида фаёлият юритган уста ҳунармандларнинг юксак даражадаги малака соҳиби бўлганликларидан далолат беради.
Ёдгорликда қазишма ишлари давом этмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа