Имом Бухорий инновацион музейи: ҳадис, тарих ва технология уйғунлиги муҳокама қилинди



 

    Имом Бухорий инновацион музейи 9 та павильондан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири Имом Бухорий мероси, исломий илм-фан, тарихий шахслар ва маънавий қадриятларни замонавий ёндашувлар асосида акс эттиришга қаратилган.


    Музей кириш қисмида буюк муҳаддиснинг Саҳиҳул Бухорий китобидан ҳадислар, иборалар жой олади. Шунингдек, биринчи бўлимда Қуръонда номи зикр этилган 25 нафар пайғамбар ҳақида маълумотлар жамланади. Қолган павильонларда эса ислом тарихидаги буюк шахслар, тафсир, ҳадис илми, илмий-фалсафий тафаккур тараққиёти ҳамда Имом Бухорий меросининг жаҳон илм-фанига таъсири интерактив ва инновацион воситалар орқали ёритилади.


    Ана шундай мазмунан ва технологик жиҳатдан мураккаб лойиҳани мукаммаллаштириш йўлида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари, лойиҳа раҳбарлари, шунингдек, Туркиянинг Outdoor Faсtory компанияси вакиллари иштирок этдилар.


    Йиғилиш давомида музей павильонларининг ташкилий-меъморий ечимлари, экспозиция мазмуни, график ва техник дизайн элементлари, анимацион ҳамда ҳужжатли фильмлар сифати, визуал коммуникация воситаларининг жозибадорлиги атрофлича таҳлил қилинди.


    Шунингдек, музей учун ишлаб чиқилган логотипнинг якуний варианти тақдим этилди ва экспертлар кенгаши томонидан маъқулланди.


    Муҳокамалар чоғида лойиҳа ижросида учраётган айрим камчиликлар ҳам эътиборга олинди. Хусусан, Туркиянинг Outdoor Faсtory компанияси вакиллари томонидан тақдим этилган айрим материалларда техник ва орфографик хатоларга йўл қўйилгани олимлар томонидан танқид қилинди. Жумладан, баъзи ёзувлар ўқиш учун қийин бўлгани, турлича шрифтлардан фойдаланилгани, деворга ўрнатилган матнларда имло хатолари мавжудлиги қайд этилди.


    Компания вакиллари эса материаллар ҳар сафар қайта топширилишидан сўнг янгидан тузатишлар берилаётгани лойиҳанинг топширилишини кечиктираётганини ва харажатларни ошираётганини билдирдилар. Шу боис томонлар иштирокида лойиҳанинг охирги талқинини тез фурсатда якуний кўринишга келтириш бўйича келишиб олиш зарурлиги таъкидланди. Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов хорижлик ҳамкорларга аниқ мисоллар билан камчиликларни кўрсатиб, кейинги босқичда шундай хатоларга йўл қўймаслик зарурлигини уқтирди.


    Йиғилишда шунингдек, музей экспозицияси учун тайёрланаётган 11 та анимацион ва ҳужжатли фильм намойиш қилиниб, уларнинг бир қисми муҳокама этилди. Мазкур фильмларнинг тарихийлик, бадиийлик ва техник сифат жиҳатлари бўйича айрим таклифлар ва тавсиялар билдирилди.


    Учрашув якунида ҳар бир павильон учун масъул шахслар белгиланиб, улар музей майдонига бориб, ҳар бир бўлим бўйича якуний хулосаларни шакллантиришга келишиб олдилар. Бу ёндашув лойиҳа сифатини ошириш, экспозиция мазмунини янада бойитиш ва музейнинг халқаро даражадаги ўзига хос муқобилини яратишга хизмат қилади.