Музей экспозициясидан ноёб контентлар ўрин олади
Халқаро хаттотлик мактаби, Имом Бухорий инновацион музейи, қадимий қўлёзмалар, рангтасвир асарлари, 3D форматдаги визуал контентлар, ҳужжатли фильмлар, китоб-альбомлар ва илмий каталоглар... Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилаётган ва қурилиши якуний босқичга кирган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияси тарихий мерос, илмий салоҳият ва замонавий инновациялар уйғунлашган, ноёб контентлар билан бойитилмоқда. Шунга қарамай, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар ҳам, ечимини кутаётган масалалар ҳам, ташаббуслар ҳам талайгина.
Айни пайтда музейдаги амалий ишлар қизғин паллага кирган. Бундай кенг қамровли ислоҳотлар Ислом цивилизацияси марказида доимий равишда ўтказилаётган кенгайтирилган Илмий кенгаш йиғилишлари орқали тизимли муҳокама этилиб, амалга оширилмоқда.
Навбатдаги бўлиб ўтган кенгаш йиғилишида марказ раҳбари, Фирдавс Абдухолиқов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 29 январь куни марказга қилган ташрифлари давомида илгари сурган муҳим ғоялар, айниқса хаттотликни сақлаш ва ривожлантириш бўйича топшириқлари ҳақида сўз юритди.
– Президентимиз жорий йил январь ойида Марказга ташрифлари давомида хаттотлик анъаналари йўқолиб бораётгани, уни қайта тиклаш ва авлоддан-авлодга етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Ушбу мактаб ана шу тарихий ташаббус асосида ташкил этиляпти. Давлатимиз раҳбарининг ташриф чоғида хаттотлик санъатини сақлаш, илмий асосда ривожлантириш ва ёш авлодга етказиш бўйича берган ушбу топшириқларига жавобан Халқаро хаттотлик мактабини ташкил этиш ишлари 80 фоизга амалга оширилган, – деди Марказ раҳбари.
Халқаро хаттотлик мактаби – анъананинг уйғониши
Кенгаш йиғилишида кун тартибидаги илк масалалардан бири бу Президент ташаббуси билан ташкил этилаётган Халқаро хаттотлик мактабидир. Бу мактаб нафақат юртимизда хаттотлик анъаналарини қайта тиклаш, балки уни халқаро миқёсда ривожлантириш, янги авлодга етказишда ҳам муҳим қадам бўлиши кутилмоқда. Кенгаш раисининг қайд этишича, Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги бу мактаб миллий ўзликни тиклаш, маънавий уйғониш ва глобал мулоқотда янги юз билан иштирок этишнинг ажралмас бўғини бўлиб хизмат қилади.
Йиғилишда Марказ илмий ходими Азимжон Ғафуров мактабнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида ахборот берди. Унинг маълум қилишича, марказ ёнидаги алоҳида бинода Халқаро хаттотлик мактаби ташкил этилмоқда. Ушбу мактабда 6 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар анъанавий хат турлари – сулс, насх, настаълиқ, руқъа, дивоний, куфий хат турлари сирларини ўрганиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур мактаб таълим, кўргазма, нусха кўчириш, реставрация, муқовасозлик, илмий фаолият ва туризм йўналишларини қамраб олади. Ҳозирда Шайх Абдулазиз Мансур, Ҳабибуллоҳ Солиҳ, Абдураззоқ домла каби таниқли хаттотлар, ёш мутахассислар иштирокида мактаб устави, методик қўлланмалар, дарсликлар тайёрланмоқда.
Кенгаш йиғилишида Халқаро хаттотлик мактаби доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган қатор йирик лойиҳалар ва ташаббуслар ҳам муҳокама этилди:
1. Халқаро хаттотлар уюшмасини тузиш, дунёнинг энг нуфузли хаттотларини жалб этиш;
2. Қуръон хаттотлари халқаро танлови ва унда ғолиб бўлган 114 хаттотга Янги Ўзбекистон Қуръонини кўчиришни топшириш;
3. Мир Убайд Бухорий ихтиро қилган “Насхи Бухорий” хатида тўлиқ Қуръон нусхасини яратиш;
4. Ҳазрати Усмон Мусҳафининг йўқолган саҳифаларини тиклаш ва тўлиқ нусха тайёрлаш;
5. Хаттотлик-каллиграфия кутубхонаси ташкил этиш ва қадимий дастурлар, рисолалар, услубий қўлланмаларни жамлаш.
Барча таклифлар бир овоздан маъқулланди. Фақат Шайх Абдулазиз Мансур китоблар дизайнида миллий нақшлар етишмаслигига эътибор қаратди.
Йиғилишда, шунингдек, Халқаро хаттотлик мактаби биносининг учинчи қаватида Буюк Британиянинг King’s Foundation ташкилоти учун яратилаётган инфратузилма ҳам муҳокама қилинди. Бу ташкилот кулолчилик билан шуғулланади ва хаттотлик санъати билан уйғун фаолият юритади. Кенгаш йиғилишида қайд этилишича, ушбу битта бинода икки анъанавий мактаб жойлашиши – ўзаро бойитувчи маданий ва амалий тажриба маконини яратади.
Имом Бухорий инновацион музейи – мазмун устуворлиги талаб этилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган Илмий кенгаш йиғилиши кун тартибидаги масалалардан шунингдек, Самарқандда ташкил этилаётган Имом Бухорий инновацион музейи, ҳужжатли фильмлар лойиҳалари, китоб-альбомлар нашри ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳам ўрин олди.
Йиғилишда Имом Бухорий инновацион музейида буюк муҳаддиснинг ҳаёт йўли ва илмий мероси бу маърифат масканида жойланиши ўрни бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Бу масалада Туркиянинг “Outdoor Factory” компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилган. Кенгаш йиғилишида эса ушбу компания вакиллари дизайн ишлари бўйича кутилган даражада тақдимот ўтказа олмагани учун мутахассислар томонидан танқид қилинди ва лойиҳа қайта кўриб чиқилиши белгилаб олинди.
Музей концепцияси бўйича онлайн форматдаги тақдимотни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов амалга оширди. У Ҳиро ғоридан бошлаб Имом Бухорийнинг сафари харитасигача бўлган тартибда музейнинг тарихий салоҳияти ва маънавий моҳиятини намоён этувчи экспозиция мазмуни билан таништирди. Кенгаш аъзолари томонидан ушбу тақдимот маъқулланган бўлса-да, бир қатор конструктив таклифлар билдирилди. Ишчи гуруҳга кенгаш аъзолари томонидан буюк муҳаддиснинг музей учун танланган китоблари жойлашиши ўрни ва уларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Академик Акбар Ҳакимов музейнинг умумий ғояси буюк муҳаддиснинг ислом дини ривожига қўшган ҳиссасини тўла акс эттириши лозимлигини қайд этди. Шайх Абдулазиз Мансур эса тарихий манбаларга берилган изоҳларни қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Кенгаш раиси музей экспозицияси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Имом Бухорий ҳақидаги фикрлари билан бошланиши кераклигини билдирди.
Шунингдек, Кенгаш раиси томонидан мазкур музейнинг мазмун-моҳиятини янада такомиллаштириш бўйича ICESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар вакилларини эксперт сифатида жалб қилиб, уларнинг ҳам фикрларини ўрганиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Кенгаш аъзолари бу таклифни бир овоздан маъқуллашди ва ўринли деб топишди.
Ҳужжатли фильмлар муҳим ташаббуснинг визуал ифодаси
Йиғилишда Президент ташаббуси, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилиши асоси ҳақида тайёрланаётган ҳужжатли фильмлар мавзуси ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Россиянинг “Мастерская” ва “Диви” кинокомпаниялари билан тайёрланаётган лойиҳалар концепцияси кенгаш аъзоларига тақдим этилди. Фильмлар концепцияси кенгаш аъзолари томонидан қабул қилинди. Ҳамкор кинокомпаниялар эса тез орада тасвирга олиш ишларини бошлашларини маълум қилишди.
Маълум қилинишича, жами 20 та ҳужжатли фильм суратга олиниши режалаштирилган. Уларнинг дастлабкиси айнан мана шу икки компания томонидан тайёрланмоқда. Шунингдек, Туркиянинг ТРТ АВАЗ каби халқаро компаниялари билан ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.
10 та янги китоб-альбом ва 7 та совғабоп нашр тайёрланмоқда
Кенгашда марказдаги экспозициялар асосида нашр этиладиган туркум китоб-альбомлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Марказ илмий котиби Рустам Жабборов маълум қилганидек, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси доирасида 10 та янги китоб-альбом ва 7 та совғабоп нашр тайёрланмоқда. Улар қуйидаги мавзуларни қамраб олади:
- “Ўзбекистоннинг нодир Қуръон қўлёзмалари”
- “Дунёнинг 114 нодир Қуръони”
- “Исломдан олдинги давр цивилизациялари”
- “Биринчи Ренессанс даври”
- “Ўзбекистон ХХ асри”
- “Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси”
- “Марказ кутубхонаси тўплами”
Кенгаш раиси ва аъзолари мазкур китобларнинг мавзусини тўғри тақсимлаш бўйича таклифлар берди. Жумладан, Иккинчи Ренессанс ва Ўзбек хонликлари даврини битта китобда қамраб олиш мушкуллиги сабаб, алоҳида тақдим этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди. Дизайн ва нашр этиш ишлари “Гранд Пиар” компанияси зиммасига юклатилгани ҳақида ахборот берилди.
Масжидларда ҳам китоб ўқиш имконияти кенгаяди
Шунингдек, Марказ бўлим бошлиғи Шоазим Минаваров билан Ислом цивилизацияси маркази нашрлар фаолияти бўйича тайёргарликлар ва натижалар ҳам кўриб чиқилди.
Албатта, бу барча ишларнинг бошида Президентимиз ғояси ва ташаббуси турганини алоҳида қайд этиш лозим. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуасининг бунёд этилиши ва очилиши муносабати билан алоҳида 4 та китоб, шундан 2 таси Президентимизнинг илмий-маърифий соҳада амалга оширган ишларининг эътирофлари, 2 таси эса китоб-альбом шаклида тайёрланаётгани қайд этилди.
Кенгашда таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамаси Фармойишига асосан 45 та номдаги китоб нашр этилиши белгиланган. Айни пайтда 20 та китоб нашриётларга топширилган.
Бу бўлимнинг нашрга тайёрланган китоблари орасида Имом Бухорий мажмуаси тарихи ҳақида китоб-альбом ҳам бор. Шунингдек, Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-Муфрад” китоб ҳам нашрга тайёрланаётгани маълум қилинди. Бу китоблар Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан эксперт хулосалари асосида чоп этилади.
Кенгаш аъзолари китобларнинг дизайни қизиқарли бўлиши кераклигини таъкидлашди. Мазкур китобларнинг нашр этилиши афзаллиги нуқтаи назаридан адади масаласида ҳам янги қарор қабул қилинди.
Кенгаш раиси бу борада аввалги режа 1000 нусха бўлгани ва яна шу миқдорда чоп этиш зарурлигини айтди.
– Президентимиз Имом Бухорий мажмуасига ташрифлари чоғида Мадинада катта масжидларда китоблар бўлиб, одамлар уларни завқ билан ўқиётганини билдирдилар. Нега бизнинг масжидларда шундай китоблар қўйилмайди, деб савол бергандилар. Шу нуқтаи назардан таклиф шундайки, чоп этилаётган китобларни фақатгина кутубхоналарга эмас, балки масжидларга ҳам берсак айни муддао бўларди. Шу боис китоблар адади 1000 нусхада белгилаб, 300 таси кутубхоналарга тақдим этилса, қолганини катта-катта масжидларга тарқатсак, бугунги кунда Президентимизнинг диний-маърифий соҳадаги ташаббусларига ўз ҳиссамизни қўшган бўлардик.
Ушбу таклифни маъқуллаган кенгаш аъзолари қаторида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева ушбу китобларга QR-кодлар қўйилса, янада қулай бўлишини айтди.
Шайх Абдулазиз Мансур эса нашрга тайёрланаётган Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўплами китоби ҳақида муҳим таклиф билдирди.
– Бу китоб бундан 50 йил олдин ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳамма китобларни тўплаганда 1 миллионта ҳадис бор. “Саҳиҳи Бухорий”да эса энг ишончли сараланган 7500 да ҳадис бор. Аммо ҳозир бу ҳадислар орасида ҳам ҳукми бекор қилинган носих ва масух, яъни ҳукми бекор қилинганлари бор, унга амал қилинмайди. Ҳатто Қуръонда ҳам носих ва масих оятлар бор. Аввал келгану, унга амал қилингану, кейин бошқа оятлар билан эскиси бекор қилинган. “Саҳиҳи Бухорий”да ана шундай ҳадислар бор. Айтмоқчи бўлганим, агар бу китобни нашр этиш режалаштирилган бўлса, ана шундай ҳадислар ажратилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Қайд этилишича, Марказ томонидан нашр этилиши режалаштирилган китоб умумий Имом Бухорий ҳаёт йўли, буюк муҳаддис номи билан ташкил этилаётган илмий инновацион музей ҳақида бўлади. Аммо Шайх Абдулазиз Мансурнинг фикрларидан сўнг Кенгаш раиси томонидан “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўпламини айтилган тузатишлар билан тўлиқ қайтадан нашр этиш масаласи таклиф қилинди. Йиғилишда бу борада Шайх Абдулазиз Мансур бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, алоҳида лойиҳа сифатида иш бошланиши, таҳрир ишларини қайта кўриб чиқиш ва кейинги босқичда нашрга тайёрлашга қарор қилинди.
Қадимий қўлёзмалар ва замонавий инновациялар
Марказга юклатилган вазифалар орасида қўлёзма ва бошқа нодир манбаларни жамлаш, уларни илмий тадқиқ этиш ва оммага тақдим этиш муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваровнинг маълум қилишича, бугунга қадар 2000 дан ортиқ нодир асарлар Марказга келтирилган бўлиб, уларнинг айримлари шахсий коллекциялардан сотиб олинган, баъзилари эса ҳадя қилинган. Хусусан, Шайх Абдулазиз Мансур томонидан 220 дан ортиқ китоб таклиф қилинган, шулардан 120 таси — қадимий қўлёзма, 100 таси — нодир тошбосма асарлар ҳисобланади. Зоҳидулла Мунавваровга кўра, араб графикасининг мураккаблиги, хилма-хил хат турларининг мавжудлиги бу ишни янада мураккаблаштиради. Шунингдек, араб ёзувида 70 га яқин хат тури мавжуд бўлиб, амалиётда энг кўп ишлатиладиганлари насх, настаълиқ, райҳоний каби 7-10 та асосий хатлар бор. Аксарият қўлёзмалар айнан шу хат турларида битилган.
“Ислом цивилизацияси маркази фаолиятида дуч келинаётган асосий муаммолардан бири – бу турли ёзув турларида битилган қўлёзмаларни ўқишдаги мураккабликлар. Ҳозирда ушбу соҳада фаолият юритаётган малакали мутахассислар сони жуда кам. Айни вақтда эса ўқилиши зарур бўлган қўлёзмалар сони минглаб эмас, балки ўн минглабни ташкил этади. Россиянинг "Сбербанк" технологик маркази билан ҳамкорликда сунъий интеллект асосида ишловчи, қўлёзма матнларини ўқий оладиган дастурий модел яратиш устида иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳа доирасида араб ёзуви асосида битилган матнларни таниб олиш ва уларни замонавий ўқилиши мумкин бўлган шаклга келтириш имконини берувчи сунъий интеллект моделининг илк версияси тайёрланмоқда. Бугунги кунда яратилаётган дастурий модел насх хатига асосланган бўлиб, дастлабки синовлар шуни кўрсатмоқдаки, у XI-XII асрларга оид қўлёзмаларни 80% аниқлик билан ўқишга қодир. Бу, албатта, жуда катта илмий ютуқдир. Айни пайтда, таржималар устида ишлаш масъулияти тажрибали мутахассисларга юклатилган бўлиб, сунъий интеллект томонидан ўқилган матнлар ҳам албатта олимлар томонидан қайта кўриб чиқилади, илмий мезонларга мувофиқлиги баҳоланади” — дея таъкидлади Зоҳидулла Мунавваров.
Шунга қарамай, кенгаш аъзоларида бу ташаббус юзасидан турлича фикрлар билдирилди.
Хусусан, профессор Баҳром Абдуҳалимов, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова каби олимлар сунъий интеллект имкониятлари ҳали чекланганини, у инсон каби тафаккур юритиш, мураккаб илмий тил таҳлилини амалга ошириш даражасига етмаганини таъкидлашди.
Марказ илмий кенгаши раҳбари Фирдавс Абдухолиқов эса ушбу йўналиш истиқболлари юқори эканига ишонч билдирди.
“Сунъий интеллект технологиялари кундан кунга такомиллашиб бораётгани сабабли, яқин йилларда бу дастурлар илмий доиралар ишончини оқлайди”, — дея таъкидлади Марказ раҳбари.
Нодир қўлёзмалар учун алоҳида талаб
Йиғилишда яна бир муҳим масала – марказ экспозицияси учун вақтинча тақдим этилаётган қўлёзмалар рўйхати муҳокама қилинди. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти томонидан таклиф этилган ушбу нодир қўлёзмалар рўйхати экспертлар томонидан қайта кўриб чиқилди. Уларнинг фақат зарур қисмини экспозицияга жалб этиш, ҳар бир қўлёзманинг даврий мансублиги нуқтаи назаридан бўлимларга жойлаштирилиши бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида экспозиция Ишчи гуруҳ раҳбарлари ва аъзоларига топшириқлар берилди.
Қайд этилдики, юзлаб қўлёзмаларни каталог асосида шунчаки олиб келиш эмас, балки мақсадга мувофиқ танлаб, аниқ экспозицион жойлашувини белгилаш муҳим. Шу боис, бу борада ҳар бир лойиҳа координатори масъул бўлиб, экспозицияда фойдаланиладиган қўлёзмаларнинг тематик боғлиқлигини асослаб бериши зарур.
Бу масалада ана шундай аниқ тартиб асосида Шарқшунослик институти томонидан Ислом цивилизацияси маркази учун тақдим этилган 200 га яқин қўлёзма вақтинча экспозицияда фойдаланиш учун жалб этилиши бўйича келишувга эришилди.
Қайд этиш керакки, Марказда жами 3000 га яқин экспонат намойиш этилиши режалаштирилган. Улардан муайян қисми марказнинг ўз фондидан танлаб олинади. Қолган 1000 га яқин экспонат эса Ўзбекистоннинг турли музейлари ва кутубхоналаридан вақтинча фойдаланиш учун жалб қилинади.
Бундан ташқари, халқаро кўргазма доирасида 30 га яқин давлатдан ноёб экспонатлар олиб келиниб, марказда махсус экспозицияда намойиш этилади. Кенгаш йиғилишида қайд этилишича, ҳозирда бу ноёб буюмларнинг Ўзбекистонга олиб келиниши бўйича кафолат ва логистика масалалари юзасидан хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
50 дан ортиқ тарихий обидаларни яратишнинг шартлари
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясини янада бойитиш мақсадида бир қатор хорижий ва маҳаллий компаниялар билан ҳамкорликда макет ва муляжлар тайёрлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга келиб ушбу макетларнинг бир қисми тўлиқ тайёрланган, қолганлари эса ишлаб чиқариш жараёнида.
Кенгаш йиғилишида Марказ катта илмий ходими музей экспозиция концепцияси доирасида умумий ҳисобда 59 та макет режалаштирилган бўлиб, улардан 23 таси замонавий 3Д форматида бўлиши ҳақида ахборот берди.
Бу борада аҳамиятли жиҳатлардан бири шундаки, юртимиздаги «Артефакт» компанияси томонидан Марказ экспозицияси учун 20 дан ортиқ макетлар ҳадя сифатида тайёрлаб бермоқда. Кенгаш аъзолари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб уни кенгроқ тарғиб қилиш ва бошқа тадбиркорларни ҳам ана шундай савобли, хайрли ишга ундаш кераклигини таъкидлашди.
Шунингдек, йиғилишда тақдим этилган ахборотдан сўнг Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов томонидан бир қатор муҳим масалалар таъкидланди. Жумладан, тайёр макетлар мавжуд бўлса, уларни топиб, музей экспозициясига мос тарзда сотиб олиш имкониятлари кўриб чиқилиши кераклиги билдирилди. Шу билан бирга, Васийлик кенгашига расмий мурожаат йўллаб, айниқса “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” бўлими учун макетлар яратиш бўйича қўшимча кўмак сўраш зарурлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда, шунингдек, тоучпанел орқали намойиш этилиши режалаштирилган 3Д макетлар масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Аммо мазкур йўналишга масъул бўлган компания бу борада кенгаш аъзоларига ахборот тақдим эта олмади. Шу боис уларнинг ёндашуви ва мазкур масалада олиб борилаётган ишлар қониқарсиз баҳоланди.
Дилноза Жамолова, Ўз ФА Тарих институти директорининг ўринбосари, тарих фанлари доктори:
– Бу борада масъул компанияга сўнгги имконият сифатида ўзининг ҳозиргача бажарган ишлари ва техник имкониятларини тақдимот шаклида марказга тақдим этиш топширилди. 3Д тушунчаси амалда акс этаётган ҳолати, реал тасаввур уйғотиш имкониятлари, ишлар сифати таҳлил қилиниши лозимлиги айтилди. Агар натижалар қониқарсиз бўлса, мазкур компания билан ҳамкорликни тўхтатиш масаласи кўриб чиқилади.
Марказ раҳбари, шунингдек, бу борадаги ишларда вақт омилини баҳона қилмасдан, ҳар бир макет ва муляж юқори сифатга эга, илмий асосланган ва экспозицияга муносиб бўлиши кераклигини қатъий таъкидлади.
Ушбу йўналишда таклиф этилаётган барча маҳсулотларнинг сифати, визуал даражаси ҳамда тарихий ҳақиқатга мувофиқлиги Илмий кенгаш томонидан экспертиза ва баҳолаш асосида кўриб чиқилади. Бу жараён экспозициялар концептуал яхлитлигини таъминлаш ва Марказ нуфузига монанд бўлган ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.
Экспозициялар учун бадиий асарлар ва визуал лойиҳалар
Кенгаш аъзоларига, шунингдек, рассомлар томонидан “Цивилизациялар ва кашфиётлар” деворининг юқори қисми учун мўлжалланган монументал рангтасвир асарларининг тақдимоти ўтказилди. Йиғилишда ушбу тасвирий асарларнинг бадиий-эстетик қиймати, тарихийлик даражаси ҳамда контекстуал мослиги муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, экспозицияларда фақат макетлар, муляжлар ёки тарихий буюмлар эмас, балки давр руҳини акс эттирувчи бадиий тасвирлар ҳам катта аҳамиятга эга. Айнан шу мақсадда, Ислом цивилизацияси маркази учун Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шайбонийхон каби буюк тарихий шахсларнинг қиёфаларини ифодаловчи бадиий суратлар тайёрланмоқда.
Рассомлар томонидан тақдим этилган ишлар кенгаш аъзолари томонидан таҳлил қилинди. Айрим суратларга тарихий ҳақиқат ва контекстга оид эътирозлар билдирилди. Натижада, уларни такомиллаштириш ва тарихий манбаларга янада асосланган ҳолда қайта ишлаб чиқиш тавсия этилди. Якуний тавсиялар илмий кенгаш томонидан тасдиқлангач, ушбу асарлар экспозицияларда тасвирий санъат шаклида намойиш этилиши ва лойиҳавий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши белгиланди.
Алоҳида ишчи гуруҳ тузилиб, рассомларнинг экспозиция учун тайёрланган ана шу миниатюраларни қабул қилиб олиш учун ҳайъат таркиби шакллантириши масаласи ўртага ташланди ва номзодлар эълон қилинди. Кенгаш аъзолари томонидан бу масалада ҳам ижобий қарор қабул қилинди.
Алишер Алиқулов бошчилигидаги рассомларнинг бир қатор ишлари кўриб чиқилиб, илмий кенгаш аъзолари томонидан уларга тарихийлик ва контекстга доир эътирозлар билдирилди. Хусусан, чизилган суратларда қиёфалари ва либосларда, тасвирларда керакли руҳ ифода этилмагани академик, санъатшунос Акбар Ҳакимов томонидан танқид остига олинди. Шундан сўнг, суратларнинг умумий концепцияси маъқулланган бўлса-да, билдирилган таклифларни инобатга олиб қайта ишлаб чиқилиши белгиланди. Такомиллаштирилган тасвирлар илмий кенгаш тасдиғидан ўтганидан кейин, уларни экспозицияда тасвирий санъат шаклида акс эттиришга рухсат берилади ва зарур ҳолларда уларнинг ишлари қўллаб-қувватланади.
Фуқароларимиз ҳам анча фаол
Кенгаш йиғилишида шунингдек, фуқаролар томонидан Марказ экспозицияси учун топшириш учун олиб келинган аждодларидан мерос бўлиб қолган қадимий ашёлар, артефактлар, қўлёзмалар, тошбосмалар ва тарихий ҳужжатлар ҳам намойиш этилди.
Жумладан, аҳоли томонидан олиб келинган Бухоро амири Абдулаҳадхон II даврига оид ноёб экспонат — Каъбапўши ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) равзалари учун тайёрланган сўзана намуналари намойиш этилди. Тилла ва бронза иплари билан матода тўқилган бу экспонатга Оятул Курсий битилганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, 1742 йилда Покистонда Бобурийлар даврида кўчирилган Қуръони Карим нусхаси ҳам намойиш этилди. Маълум қилинишича, бу муқаддас китобнинг ҳар бир саҳифаси тилла суви билан безатилган бўлиб, ўз даврининг санъат ва эътиқод намунаси сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Марказда бундай экспонатларни қабул қилиш бўйича махсус комиссия ташкил этилган. Комиссия аъзолари экспонатларни дастлабки кўрикдан ўтказади, сўнгра баҳолаш комиссиясига тақдим қилади. Баҳолаш жараёнида буюмларнинг қадимийлиги аниқланиб, тарихий аҳамиятига қараб тегишли баҳо берилади. Шундан сўнг, уларни марказ фондига сотиб олиш жараёнлари бошланади.
Кенгаш йиғилишида аҳоли томонидан олиб келинган ва намойиш этилган бу каби экспонатлар юзасидан ҳам уларнинг тарихийлигини аниқлаш учун махсус экспертизага юбориш, сўнг эса баҳолаш комиссиясига тақдим этиш қарори қабул қилинди.
Бутун Евроосиёдаги энг йирик ва ноёб тўпламлар намойиши
Айни пайтда Россиянинг Эрмитаж музейи билан ҳамкорликда олиб борилаётган муҳим ташаббуслардан бири – исломдан аввалги даврга хос антропо-зооморфик пластикалар коллекциясини тиклашдир.
Эрмитажи тадқиқотчиси Асан Торгоевнинг маълум қилишича, бу коллекция нафақат Ўзбекистон, балки бутун Евроосиё ҳудудидаги энг йирик ва ноёб тўпламлардан бирига айланиши мумкин. Унда турли даврларга мансуб туморлар, осмаликлар, қулоқ безаклари, инсонсимон худолар, мифологик образлар, сув парилари каби тасвирлар ўрин олган.
Ушбу археологик топилмалар Қуйи Хоразм, Самарқанд, Сўғд, Чоч ва бошқа ҳудудлардан аниқланган. Айниқса, Қорақалпоғистон ҳудудидаги Кирдоир маданиятига оид буюмлар ўзининг тарихий ва маданий аҳамияти билан ажралиб туради. Илк бор тадқиқ этилаётган бу маданият ҳақидаги маълумотлар, Евросиёдаги “кумуш ва мўйна йўли” тарихи ҳамда уғор маданияти билан боғлиқ алоқаларни очиб беради.
Торгоев таъкидлаганидек, бу коллекция Эрмитаждаги генерал Косталский тўплами ва археолог Веселовскийнинг Марғилон атрофидаги қазишмалари натижаларига нисбатан ҳам кенг қамровлироқдир. Шунингдек, унинг баъзи қисмлари Эрмитаж ва Москвадаги Давлат тарихий музейида ҳам учрамайди.
Тадқиқотчининг қайд этилишича, 200 дан зиёд артефакт илмий жиҳатдан қайта ўрганилган. Бу жараёнда уларнинг қадимги одамлар ҳаёти, эътиқоди ва мифологик дунёқараши ҳақидаги маълумотлари қайтадан кашф этилди. Коллекция миллий тарихий хотира, маданий ўзлик ва илмий фахр тимсоли сифатида баҳоланмоқда.
Келгусида мазкур тўплам Ислом цивилизацияси маркази музейида алоҳида бўлим сифатида намойиш этилади. Шунингдек, илмий каталог ва нашрлар орқали жаҳон жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилиниши режалаштирилган.
Имом Бухорий мажмуаси ҳақида фильм ишланмоқда
Имом Бухорий илмий-инновацион мажмуаси очилиш маросими арафасида мазкур мажмуа ҳақида тайёрланаётган ҳужжатли фильмнинг дастлабки концепцияси ва сценарийси тақдим этилди. Фильм муаллифи Баҳодир Одиловнинг маълумот беришича, Самарқанд шаҳридаги суратга олиш жойлари кўздан кечирилган, барча зарур рухсатномалар олинган. Ҳозирда фильмнинг Тошкентдаги саҳналари бўйича суратга олиш ишлари бошланиш арафасида турибди. Лойиҳада архитекторлар, тарихчилар ва бошқа мутахассислар билан интервьюлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Фильм уч асосий бўлимдан иборат бўлади:
- Биринчи бўлим – Имом Бухорий ҳаёти, болалиги, илмий мероси ва фаолиятига бағишланади. Ушбу қисмда замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш режалаштирилган.
- Иккинчи бўлим – 1997–2017 йиллар оралиғида мажмуа ҳудудида амалга оширилган ўзгаришлар, қурилишлар, 1974 йилдаги халқаро конференция ва Президент ташаббуслари асосида олиб борилган ишларга бағишланади.
- Учинчи бўлим – 2017 йилдан кейинги даврда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳамда илмий-маърифий фаолият ёритилади.
Фильмнинг умумий давомийлиги 30 дақиқа деб белгиланган бўлса-да, мавжуд материаллар ҳажмига қараб бу муддат кенгайтирилиши мумкин. Ҳар бир бўлим алоҳида ишланади, мазмун ва визуал услуб жиҳатидан мукаммалликка интилинади.
Илмий кенгаш аъзолари томонидан фильм мазмунига оид қатор муҳим таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев Имом Бухорийнинг уч жиҳатига — ахлоқи, ноёб хотираси ва қомусий олим сифатида кўп соҳалардаги иқтидорига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова фильм ижодкорларига мажмуани бевосита бориб кўриш, унинг руҳини ҳис этиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, мажмуа қурилишида фойдаланилаётган Ҳиндистондан келтирилган мармар ҳақида алоҳида визуал материал тайёрлаш таклифини берди. Шунингдек Бундан ташқари, ҳар бир мажмуа ва музейнинг ўзига хос моҳияти ва мақсади борлиги фильмда очиб берилиши лозимлиги қайд этилди.
Илмий кенгаш томонидан билдирилган барча фикр ва таклифларни инобатга олган ҳолда, фильм концепцияси маслаҳат гуруҳи тузилиши ва мавжуд камчиликлар бартараф этилиши шарти билан тасдиқланди.

Маънавий уйғонишнинг асосий пойдевори
Йиғилиш якунида марказ экспозициясини шакллантиришда илмийлик, тарихий асосланганлик, технологик янгилик ва эстетик ёндашув устувор мезонлар бўлиши қайд этилди. Муҳокамалардан умумий хулоса шуки, Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши ва Имом Бухорий меросини асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда намоён этишдаги барча ишлар Президентимиз ғоялари ва ташаббусларининг амалий ифодаси ҳисобланади. Ушбу кенг қамровли лойиҳалар миллат маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни тарихий меросга бўлган муҳаббат билан тарбиялашга хизмат қилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа