Ислом санъатида шер тасвири: ким бундай жасоратга қўл урган?
Одамлар Амир Темурни яхши танийди. Бобурнинг Ҳинд заминида империя барпо этганини, Улуғбекнинг юлдузларни ҳисоблаганини ҳам яхши билади. Аммо Ялангтўш Баҳодир деганда кўпчилик бироз иккиланиб: “Ҳа, эшитганман...” деб қўя қолади.
Аслида эса у — XVII асрнинг қудратли саркардаси, доно давлат арбоби ва буюк бунёдкори эди. Унинг ҳаёти фақат жанг майдонлари билан чегараланмаган. У юртни фақат қилич билан эмас, илм, санъат, меъморчилик ва маънавият билан ҳам обод қилган.
У на подшо эди, на валиаҳд. Аммо халқ унга суянгани учун у шоҳлар каби юксак мақомга эришган. Бухоро амирлиги таркибида бўлса-да, мустақил ҳаракат қилган, Самарқандни ўнлаб йиллар давомида ўз иродаси билан бошқарган, илм аҳли ва меъморлар учун кенг имкониятлар яратган. Бугун Самарқандга бориб, Регистон майдонидаги Шердор ва Тиллакори мадрасаларини томоша қилганимизда, аслида Ялангтўш Баҳодирнинг орзуси, диди ва маънавий мероси билан юзма-юз келамиз.
Шердор мадрасасининг пештоқидаги шер тасвири нафақат санъат дурдонаси, балки Ялангтўш Баҳодирнинг ўз даври меъёрларига сиғмаган жасорати тимсолидир. Исломий санъатда жонли мавжудот тасвирлаш ман этилган бир даврда у бу анъанани бузиб эмас, балки унинг чегараларини кенгайтириб, халқ учун мангу ғурур рамзини яратиб кетган. Чунки у биларди: юртни фақат қилич билан эмас, маънавият билан ҳам ҳимоя қилиш мумкин.
Мовароуннаҳр тараққиётининг муҳим устуни
XVII аср ўрталарида яшаб ўтган йирик саркарда ва давлат арбоби Ялангтўш Баҳодир ўз даврининг ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутган шахслардан биридир. У ҳарбий жасорати билан бирга илм-фан, меъморчилик, ҳунармандчилик ва маънавиятга қўшган улкан ҳиссаси билан ҳам тарихда ўчмас из қолдирган.
Сиёсий ривожланиш ва сиёсий саҳнадаги ўрни
Ялангтўш Баҳодир тахминан 1576 йилда Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги Доғистон қишлоғида туғилган. Барлос қабиласидан бўлган, ва Амир Темурнинг авлодларидан саналади. Ёшлигидан ҳарбий ва сиёсий иқтидори билан ажралиб турган.
Шоҳжаҳон ҳукмронлиги даврида (Бобурийлар сулоласи) уни Балх вилояти ҳокими этиб тайинлашган. У бу лавозимда Бобурийлар таъсирини Мовароуннаҳрда мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаган. Унинг ҳарбий салоҳияти туфайли Балх ва атроф ҳудудларда нисбий тинчлик ва барқарорлик сақланган.
Меъморчиликда қолдирган мероси
Ялангтўш Баҳодирнинг энг улуғ хизматларидан бири — бу Самарқандда қурдирган Шердор (1619–1636) ва Тиллакори (1646–1660) мадрасаларидир. Регистон майдонида жойлашган бу меъморий обидалар бугун ҳам ўз ҳашаматини сақлаб келмоқда.
Шердор мадрасаси — мураккаб нақшлар, муқарнаслар ва ажойиб симметрияга эга бўлган архитектура дурдонасидир. Пештоқидаги шер тасвири — нафақат бадиий, балки маънавий жасорат рамзи сифатида ҳам баҳоланади.
Тиллакори мадрасаси эса нафақат илм маскани, балки жоме масжид вазифасини ҳам ўтаган. Унинг ички безаклари — хусусан олтин сувигa бўялган гумбази, нақшинкор деворлари ва қомусий ҳусний хатлари Самарқандга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонда лол қоладиган таассурот қолдиради.
Илм-фан ва маърифатга эътибори
Ялангтўш Баҳодир маърифатпарвар раҳбар сифатида ҳам танилган. Унинг даврида Самарқанддаги мадрасалар қайтадан илм марказларига айланган. Қуръон илмлари, ҳадис, фиқҳ, мантиқ, фалсафа, тиб, математика каби фанлар ўқитилган. Юзлаб талабалар бу ерда таҳсил олган.
У Қуръон нусхалари, диний ва тарихий асарларни кўчиртириш ва тарқатишни рағбатлантирган. Адолатли бошқаруви туфайли халқ орасида “Баҳодир” деб аталгани ҳам унинг обрўсидан дарак беради.
Ҳарбий салоҳият ва геосиёсий таъсир
У узоқ йиллар Бухоро амирлигининг энг ишончли ва кучли саркардаси сифатида хизмат қилган. Самарқанд ҳокимлиги унга топширилиши — унинг садоқати ва ҳарбий-сиёсий стратегик салоҳиятига бўлган юксак ишонч ифодасидир.
Ялангтўш Баҳодир Ҳиндистон, Эрон, Қозоқ хонлиги ва бошқа минтақалар ўртасидаги мураккаб сиёсий муносабатларда мувозанатни сақлай олган. У зарур пайтда қатъият билан ҳаракат қилган, лекин керак бўлганда эҳтиёткор ва сиёсий етуклик билан иттифоқлар тузган.
Унинг ҳарбий юришлари Ҳиндистон, Афғонистон ва Эрон тарихий манбаларда ҳам қайд этилган. Айниқса, Балх атрофидаги юришлари ва мўғул қўшинларига қарши жасорати алоҳида таъкидланган.
Ялангтўш Баҳодир тахминан 1656 йилда вафот этган. Унинг қабри ҳақида турли тахминлар мавжуд бўлиб, ҳалигача аниқ жойи илмий баҳслар мавзуси бўлиб келмоқда. Аммо унинг номи Самарқанддаги меъморий ёдгорликларда, тарихий манбаларда, халқ оғзаки ижодида ва илмий асарларда абадий муҳрланиб қолган.
Ислом цивилизацияси маркази ва Ялангтўш Баҳодир мероси
Бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ялангтўш Баҳодир сингари буюк шахсларнинг меросини қайта тиклашга хизмат қилмоқда. Марказда сақланаётган бебаҳо қўлёзмалар, қадимий меъморий лойиҳалар, тарихий асарлар орасида Ялангтўш Баҳодирга оид маълумотлар ҳам алоҳида ўрин тутади.
Ялангтўш Баҳодир — фақат саркарда эмас, балки маърифат ва маънавият ҳомийси сифатида халқ хотирасида мустаҳкам жой олмоқда. У барпо этган мадрасалар, кўрсатган фидокорлик ва қилган эзгу ишлар бугунги маънавий уйғониш даври билан уйғунликда янгича мазмун касб этмоқда.
Шундай қилиб, бугунги ёш авлод Ялангтўш Баҳодир ҳаёти ва фаолиятини ўрганар экан, у халқимизнинг тарихий хотираси, миллий ғурури ва маънавий мероси билан яқиндан танишади. Унинг жасорати, билимга бўлган иштиёқи ва маърифатпарварлиги замонавий Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдеворида порлаб турибди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилиши кутилаётган Ялангтўш Баҳодир сиймосига бағишланган экспозиция — бу шунчаки тарихий кўргазма эмас. Бу — миллат хотирасини уйғотувчи, руҳиятни тикловчи, маънавиятни кучайтирувчи муҳим маданий ҳодисадир.
У орқали биз XVII асрнинг мураккаб сиёсий манзарасини, меъморчиликдаги ноёб уйғунликни ва Ялангтўш Баҳодир каби сиймоларнинг ватанпарварлик руҳи билан тарихга қандай муҳр урганини теран англаймиз.
Ҳусан Турсунов
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди