Тангаларнинг тилсиз шоҳидлиги: Чочдан Исломгача бўлган цивилизация излари

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги нумизматик экспозиция тарихни ёритадиган тирик манбага айланмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилган нумизматик экспозиция — нафақат қадимги тангалар тўплами, балки тарихимизнинг тилсиз гувоҳи, юртимизда шаклланган давлатчилик, иқтисодий ва маданий муносабатлар ҳақидаги тирик манбадир.
Маълумки, тангалар — цивилизациялардаги муҳим алоқа ва айирбошлаш воситаси сифатида қадим-қадимдан иқтисодий ҳаётнинг асосий устуни бўлиб келган. Ўзбекистон ва умуман Турон минтақаларида икки ярим минг йилдан ортиқ вақт мобайнида турли металл тангалар — олтин, кумуш, мис ва бошқа металлардан тайёрланган пуллар орқали савдо-сотиқ муносабатлари ривожланиб келган.
Милоддан аввалги даврлардан то ХХ асргача бўлган беш минг йилга яқин вақт мобайнида зарб қилинган тангалар Марказ экспозициясининг қимматли қисми сифатида намойиш этилиши кутиляпти.
Ўнлаб сулолалар даврида зарб қилинган, ёзувлари, тасвирлари аниқ сақланган ушбу тангалар орқали халқимиз ўзининг бой тарихи, давлатчилик анъаналари, иқтисодий-ижтимоий муносабатлари ва маданий даражасини англаши мумкин.
Тарихчиларнинг фикрича, тангалар ҳар бир цивилизацияда маълумот, муомала ва сиёсий қудрат рамзи бўлиб келган. Ўзбекистон ҳудудида — қадимги Бақтрия, Сўғд, Хоразм ва Чоч каби марказларда танга зарб қилиш юксак даражада ривожланган. Бу жараён нафақат савдо-сотиқни, балки сиёсий суверенитетни ҳам ифода этган.
Илм, эътиқод ва ватанга садоқат — тангалар орқали
Яқинда тарих фанлари доктори, профессор Ғайбулла Бобоёров ўз шахсий коллекциясида 25 йил давомида сақлаб келган 80 дан ортиқ ноёб тангаларни Ислом цивилизацияси маркази фондига расман топширган эди. Бу тангалар ичида VI–VIII асрларга тегишли, хусусан Чоч (ҳозирги Тошкент воҳаси) ҳудудида зарб қилинган нусхалар алоҳида диққатга сазовордир.

“Бу тангалар нафақат юртимиз тарихи, балки Евроосиё миқёсидаги давлатчилик ва маданият даражаси ҳақида гувоҳлик беради. Уларни марказга топшириш мен учун маънавий бурчдир”, — дейди профессор Бобоёров.
Тангалар орасида ҳукмдор ва унинг рафиқаси биргаликда акс этган, турк ҳоқонлиги даврига оид, сўғдий ёзувлар билан безатилган ҳамда “Хотун” унвони қайд этилган ноёб нусхалар ҳам мавжуд. Айрим тангаларда туркий ҳукмдор Тегиннинг номи, унинг рамзий белгиси ва турк дастхати билан берилган ёзувлар тўлиқ сақланган.
Олимнинг қайд этишича, бу — нафақат бадиий, балки сиёсий ва ижтимоий маданиятнинг ҳам юксак даражасини кўрсатади.
Тангалар — музейда эмас, маърифат марказида
Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари тангаларни фақат экспонат сифатида эмас, балки ёш авлодга тарихни далиллар билан ўргатиш воситаси сифатида кўрмоқда. Шу маънода, профессор Бобоёровнинг ташаббуси — шахсий бойликни миллий меросга айлантиришнинг ёрқин намунаси.
Маълум қилишича, ушбу коллекция асосида махсус илмий каталог тайёрланади ва нумизматика бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб борилади. Шу билан бирга, халқаро миқёсдаги конференцияларда ушбу тангалар биринчи марта илмий айланмага киритилиши режалаштирилган.
Меросни асраш — маънавиятни юксалтиришдир
Бу жараён тарихий хотирани қайта тиклаш, миллат меросини асраш ва уни дунё ҳамжамиятига танитиш сингари кенг кўламли мақсадларга хизмат қилади. Чунки ҳар бир танга — ўтмишнинг тилсиз, лекин ҳеч бир инкорсиз аниқ гувоҳидир. Унинг орқали бизнинг кимлигимиз, қадриятларимиз ва ўзлигимиз кўринади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа