“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”: ўтмишдан келажак сари

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида тарихий ҳақиқат, визуал образ ва фан бир нуқтада бирлашмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилаётган “Цивилизациялар ва кашфиётлар” девори — юртимизнинг исломдан аввалги давридан то бугунги кунгача бўлган интеллектуал ва маънавий тараққиётини визуал ва ахборотга бой тарзда ифодалайдиган йирик экспозициядир. Бу девор — фақат девор эмас, балки миллатнинг илмий, маданий, маънавий қудратини кўрсатувчи замонавий тадқиқот ва дизайн намунасидир.
Шу борада экспозициянинг мазмун ва сифатини назорат қилиш мақсадида ташкил этилган махсус эксперт комиссиясининг навбатдаги йиғилишида муҳим таклиф ва танқидий мулоҳазалар билдирилди. Унда тарихчи ва олимлар, дизайнерлар ва музейшунослар иштирок этиб, айрим мавзуларга чуқурроқ ёндошиш зарурлигини таъкидлашди.
Йиғилишда “Цивилизациялар ва кашфиётлар” деворининг асосий блокларидан бири — Иккинчи Ренессанс мавзуси муҳокама марказида бўлди. Профессор Бахтиёр Тўраевнинг таъкидлашича, экспозицияда Мирзо Улуғбек фаолияти етарлича қамраб олинмаган. Улуғбек қурган олий мадрасалар фақат диний илм эмас, астрономия, математика, география каби илмлар билан ҳам шуғулланган илмий марказлар сифатида намоён бўлиши шарт.
Мирзо Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи қаерда илм олган?
Профессор, шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг шогирди Али Қушчи ҳақидаги баъзи манбалардаги тарихий хатоларни тузатиш зарурлигини билдирди. Унинг фикрига кўра, Али Қушчи илмни Эроннинг Кермон шаҳрида эмас, балки Навоий вилоятининг Кармана туманидаги мадрасаларда олган.
Муляжларда тарих қиёфаси қандай намоён бўлади?
Экспозициянинг яна бир муҳим қисми — тарихий шахслар қиёфаларини яратиш жараёни. Масалан, Тўмарис қиёфаси акс этган муляжда у массагет аёли сифатида намоён этилган, аммо олимлар бу образ етарли эмаслигини, қиёфа қайта кўриб чиқилиши ва тарихий далиллар асосида такомиллаштирилиши лозимлигини таъкидлашди.
Экспозицияда хариталар қандай намойиш этилади?
Экспозиция учун тайёрланаётган интерактив хариталар ҳам муҳокама марказида бўлди. Бу йўналишда тайёрланаётган қадимги шаҳарлар ва мадрасаларни акс эттирувчи хариталар лойиҳаси ҳам жиддий муҳокама қилинди. Масалан, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова фақатгина Бухорода 350 дан ортиқ мадраса бўлганини ҳисобга олганда, бу миқдордаги маълумотни битта харитада жойлаштириш мураккаблигини қайд этди. Лойиҳанинг ишчи гуруҳ аъзолари эса хариталар чизма эмас, балки 3D ёки голограмма форматда тайёрланиши режалаштирилганини маълум қилишди.
Илм учун – халқаро ечимлар
Йиғилишда мутахассислар экспозицияни сифатли ва илмий асосланган ҳолда яратиш учун халқаро экспертларни жалб этиш зарурлигини қайд этишди. Чунки бундай йирик экспозиция нафақат ички, балки халқаро илмий миқёсда ҳам саволларга жавоб беришга қодир бўлиши керак.
Якуний босқич: мазмун текширилиб, кейингина музейга
Йиғилишда шундай қарор қабул қилиндики, экспозиция учун тайёрланаётган ҳар бир контент, макет ва муляж аввал илмий экспертлар томонидан баҳоланади, шундан сўнггина музей экспозицияларига жойлаштирилади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа