Божхона қўмитаси тарихий меросни ҳақиқий эгасига топширди

 

Бугун Божхона қўмитасида тизим ходимлари томонидан қўлга киритилган  тарихий-маданий бойликларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ва Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов иштирок этди.

 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича Васийлик кенгаши таркибига Божхона қўмитаси раиси ҳам киритилган.

 

Тадбирда божхона органлари томонидан элимизнинг ноёб тарихий ва маданий бойликларини асраб-авайлаш йўналишида кенг кўламдаги чора-ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, ноёб маданий мерос намуналарининг ноқонуний равишда четга олиб чиқиб кетилишини олдини олиш ҳар бир божхона ходимининг бурчига айлангани эътироф этилди.

 

Рақамларга кўра, 2024 йилда ҳамда жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида божхона органлари томонидан 299 та ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, ушбу ҳолатлар бўйича 5 981 та маданий бойликлар ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинган.

 

 

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг қайд этишича, хизмат фаолиятида шу вақтга қадар ушлаб қолинган ана шундай маданий мерос ашёларини энди лозим жойга, айнан эгасига тақдим этиш керак.

 

– Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш учун  жуда катта ишлар олиб бориляпти. Қилинаётган барча ишлар Ўзбекистоннинг обрўсини оширишга қаратилган. Қолаверса, бу Марказ халқимиз ҳам ўз тарихини таниб олишига ҳисса қўшадиган катта маскан, улкан илм даргоҳи бўлади. Нафақат Ўзбекистон халқига, бутун дунёга ислом дини, ислом цивилизацияси, унда Ўзбекистоннинг роли, умуман олганда тарихни намойиш этадиган, сўз билан тўлиқ ифодалаш қийин йирик мажмуа дунёга келди.

 

Хизмат фаолиятимиз жараёнида маданий мерос ашёларини ноқонуний олиб чиқиб кетилиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларнинг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Мусодара қилинган нарсалар албатта, амалдаги тартиб ва талаб бўйича турли музейларга топширилган. Мана энди биз Божхона қўмитаси жамоаси билан шундай фикрга келдикки, хизмат фаолиятимизда шу вақтга қадар ушлаб қолинган ана шундай маданий мерос ашёларини лозим жойга, айнан эгасига тақдим этиш керак. Авваллари ушлаб олинган маданий мерос ашёларимиз, қадимий санъат асарларимиз турли музейларга топширилган. Лекин баъзи  музейларда экспонат сифатида одамларга намойишга қўйилмаган, ҳатто ертўлаларда, сандиқларда сақлаб турилган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганмиз. Ҳар бир тўхтатиб қолинган маданий, тарихий бойлик замирида божхона ходимларининг заҳматли хизмати бор. Шу сабабли ҳам биз ушбу маданий бойликлар музейлар фондида қолиб кетмасдан, айнан экспозицияда юртдошларимиз эътиборига намойиш қилинишини истаймиз.

 

Агар аниқ рақамларга эътибор берадиган бўлсак, ўтган бир ярим йилнинг ўзида 299 та қизил рўйхатга олинган 5981 та маданий бойликларни ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олдик.

 

Жумладан, 3055 та қадимий тангалар, 706 та муомалада бўлмаган пул банкнотлари, 1212 та орден ва медаллар, 118 та санъат асарлари, 46 та ҳайкалтарошлик асарлари, 29 та қадимий китоб ва қўлёзмалар, 3 та археологик ашёлар, 14 та қадимий мусиқа асбоблари, 424 та ҳунармандчилик буюмлари, 358 та қадимий заргарлик буюмлари, 14 та фотоматериаллар, 1 та архитектура ёдгорлиги қисми ва 1 та қадимий қурол-аслаҳа аниқланган.

 

Бу кичкина миқдор эмас. Тўғри, биз бу борада мутахассис эмасмиз, аммо аминманки, маданий мерос ашёларининг катта-кичиги бўлмайди, ҳар бирининг ўз қиймати, қадри бор. Ҳар бири тенгсиз баҳога эга бўлиши мумкин.

 

Ноқонуний ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан 4 та  жиноят иши қўзғатилган, 295 та ҳолатда эса маъмурий ишлар юритилиб, кўриб чиқиш  учун судларга юборилган.

 

Бугунги учрашувнинг мақсади – божхона хизматлари томонидан ушлаб қолинган ана шундай маданий мерос ашёларини фақат ўз эгаларига топширилишини таъминлашдир.

 

Шу кунларда биз республикамиздаги барча музейларга божхона органлари томонидан топширилган маданий ва тарихий бойликларни қайтадан ўрганиб чиқмоқдамиз. Уларнинг кейинги тақдири қандай бўлмоқда, экспозицияда намойиш қилиняптими ёки йўқми? Шунга қараб, қонунчилик доирасида турли музей фондларида қолиб кетаётган экспонатларни саралаб, энг ноёбларини Ислом цивилизацияси маркази музейига топшириш устида ишлаяпмиз.

 

Шу ўринда яна бир фактга тўхталсам: яқиндагина Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси "Сариосиё" чегара божхона пости ходимлари томонидан республикамиз ҳудудидан 267 дона қадимий тангалар ва тақинчоқлар қисмларини ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга уриниш фош қилинган эди.

 

Ушбу ашёларнинг қадимийлиги ва қийматини аниқлаш мақсадида ўтказилган бадиий экспертиза хулосасига кўра, 39 дона осма безак кўринишидаги кумуш тангалар XIX асрда Бухоро амирлигида зарб қилинган, 228 та тақинчоқ қисмлари эса XIX аср охири ва XX аср бошларига мансуб деб топилди.

 

Бу ашёларни тўғридан-тўғри айнан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига топширишни лозим топдик, - деди Божхона қўмитаси раиси.

 

Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Божхона қўмитаси раҳбарининг ушбу ташаббуси ва таклифини қўллаб-қувватлади. Шу ўринда Марказ томонидан бугунги кунда маданий меросимизнинг бу каби нодир ашёлари ўз вақтида хорижга чиқиб кетгани, бугунги кунда эса айни шу бебаҳо дурдоналар Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва амалий кўмагида юртимизга қайтарилаётгани борасидаги ишлар ҳақида тўхталди.

 

Президентимиз ғояси асосида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази қурилиши бугун якуний босқичда. Айни пайтда бу масканнинг контентини бойитиш масаласида катта ишлар олиб бориляпти. Хусусан, яқинда Марказ делегацияси навбатдаги хизмат сафари билан Лондонда бўлиб қайтди. Унда Sotheby's ва Christie's каби дунёнинг нуфузли аукционларида қатнашиб, юртимизга, халқимизга тегишли бўлган 83 та ноёб ашёлар, артефактлар қайтарилди. Бу ашёлар ичида миллатимизга тегишли ҳар хил маданий бойликлар, чет элга чиқиб кетган, 60-70-йиллар коллекциялари бор. Навбатдаги жараёнлар яна ҳам самаралироқ бўлиши учун хориждаги дилерлар билан ҳамкорлик ўрнатилди.

 

Бундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида Божхона қўмитаси томонидан ҳам айни вақтда ва керак пайтда кўмак кўрсатиш таклифи билдирилгани қимматли ташаббус. Чунки ҳозир бизда контентни шакллантириш жараёни кетяпти. Шу маънода Божхона қўмитасининг ташаббусини биз олқишлаймиз.

 

Ҳақиқатан ҳам биз аксарият музейлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш жараёнида кўрдикки, жуда кўп артефактлар ғаладонларда турибди. Агар Қўмита томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклиф нуқтаи назаридан мана шу экспонатлар билан Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари бойитилса, уларни халқимизга, меҳмонларимизга кўрсатсак, ниҳоятда фойдали ва самарали иш бўлади. Бу борада Марказ томонидан алоҳида Ишчи гуруҳи тузилиб, Божхона қўмитаси таклиф этаётган экспонатлар, ашёлар каталогини тайёрлаймиз ва ўрганамиз. Чунки ҳар битта фактнинг ортида тарих бор. Тарихнинг ортида эса катта-катта кашфиётлар бўлиши мумкин, - деб алоҳида таъкидлади Ислом цивилизацияси маркази раҳбари.

 

Академик Акбар Ҳакимов Божхона қўмитасининг бу ташаббусини юқори баҳолаб, тақдим этилаётган ашёлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизациясига катта туҳфа бўлаётганини қайд этди. Шунингдек, Лондондаги нуфузли савдо уйларида ўтказилган аукционлар орқали маданий меросимизнинг хорижга чиқиб кетган нодир намуналарини қайтариш жараёнлари, уларнинг баҳоси хорижда қанчалик юқори эканлигига тўхталди. Божхона қўмитасининг эса маданий меросни хорижга чиқиб кетилишининг олдини олиш ва уни айнан Ўзбекистондаги ислом цивилизациясига топшириш ташаббусини бу борадаги янги босқич дея баҳолади

 

 

Шу муносабат билан тадбир доирасида иккала ташкилот раҳбарлари “Божхона органлари томонидан ушлаб қолинган маданий бойликларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига топширишда ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида” Меморандумни имзолашди.