600 йиллик дошқозон нусхаси Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олади

Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида жойлашган Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси нафақат меъморий мукаммаллиги билан, балки унда сақланаётган тарихий, маданий ва маънавий бойликлари билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Шу бойликлар ичида айниқса эътиборга молик, йирик ва символик аҳамиятга эга объект — бу дошқозон, яъни улкан бронза қозондир.

 

Дошқозон 1399 йил 25 июнда, яъни 801 ҳижрий йилнинг 20 шавволида яратилган бўлиб, Амир Темур фармони билан ишланган. Бу маълумот қозон танасидаги эпиграфик ёзувда аниқ қайд этилган. Қозон нафақат амалий металл ишлаш санъатининг ёрқин намунаси, балки исломий эътиқод, сўфийлик анъаналари ва Темурийлар давридаги маданий жараёнларнинг бирлашуви сифатида ҳам қаралади.

 

Қозон баландлиги 1,62 метр, диаметри 2,42 метр, ичига 3000 литргача сув сиғади, тахминий оғирлиги эса 2 тонна. Бу маълумотлар уни Марказий Осиёдаги энг йирик бронза идишлардан бири сифатида кўрсатади. 

 

Артефактда "Барака топсин" ибораси форс тилида ўн марта, куфи хат билан араб тилида 22 марта "Ҳокимият Аллоҳникидир" деб ёзилган. Юқори тасмада эса Қуръон ва ҳадислардан иқтибослар келтирилган. Шунингдек, Амир Темурнинг буйруғи ва қозон яратилиш санаси ҳам ушбу тасмада акс этган.

 

 

Жума кунлари ундаги ширин сув халқ орасида эҳсон сифатида тарқатилган. Бу амалиёт сўфийликдаги барча инсонларни бир идишдан насибаланиш рамзини ифода этган. Ривоятларга кўра, қадимда кўчманчи аҳоли учун қозон қадрли идиш ҳисобланган. Унда умумий егуликлар тайёрланган, бирлик ва эҳсон тушунчаси айнан шу идиш орқали амалга оширилган. 600 йиллик мазкур дошқозон нусхаси Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиши кутилмоқда.