Ёзув санъатига иккинчи нафас: Ислом цивилизацияси марказида хаттотлик мактаби ташкил этилмоқда


    Юртимизда миллий-маънавий меросни асраб-авайлаш, қадимий санъат турларини қайта тиклаш ва келажак авлодга етказиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йил январ ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш чоғида берган кўрсатмаларига асосан хаттотлик анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган амалий қадамлар ана шундай муҳим йўналишлардан биридир.

 

    Шу мақсадда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида замонавий, уч қаватли алоҳида бинодан иборат Хаттотлик мактаби барпо этилди. Айни пайтда марказда қурилиш ишлари якуний босқичга етган бўлиб, яқин кунларда бино тўлиқ фаолият юрита бошлаши кутилмоқда.

 

    Мазкур мактаб қурилиши ва унинг фаолияти билан боғлиқ якуний масалалар Марказ ишчи гуруҳининг навбатдаги кенгайтирилган илмий кенгашида муҳокама қилинди. Унда Хаттотлик мактаби нафақат бино, балки маънавий-маърифий даргоҳ сифатида фаолият олиб бориши, махсус ўқув режа ва дастурлар асосида ишлаши таъкидланди.

 

    Бу лойиҳага асос бўлган муҳим ташаббус Президентимиз томонидан 2025 йил январь ойида Ислом цивилизацияси марказига ташриф чоғида илгари сурилган эди. Ташриф давомида мамлакат раҳбари хаттотлик анъаналари йўқолиб бораётгани, уни қайта тиклаш ва авлоддан-авлодга етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

 

    Шу асосда, Хаттотлик мактаби ташкил этиш бўйича барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараёнга мамлакатимиздаги энг таниқли хаттотлар — Ҳабибуллоҳ Солиҳ, Абдураззоқ домла, Шайх Абдулазиз Мансур ва қатор ёш мутахассислар жалб этилган.


    Улар томонидан мактабнинг устави, ўқув режалари, методик қўлланмалар ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, унда ўқитилиши режалаштирилган сулс, насх, настаълиқ, руқъа, дивоний, куфий каби анъанавий хат турлари бўйича махсус дастурлар тайёрланмоқда.

 

    Эътиборлиси, мактаб фаолияти кенг аудитория учун мўлжалланган бўлиб, унда 6 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар хаттотлик санъати сир-асрорларини ўрганиш имконига эга бўлади. Бундай ёндашув нафақат касбий тайёргарлик, балки оммавий маънавий уйғониш, миллий санъатга бўлган қизиқишни кучайтиришга хизмат қилади.

 

    Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби — бу шунчаки таълим муассасаси эмас, балки юртимиз тарихидаги хат санъати анъаналарини мустаҳкамлаш, боболар меросини қайта ҳаётга қайтариш сари ташланган муҳим қадамдир.