Ислом дунёқарашидаги космографик мерос


    Ислом дунёқарашида коинот, табиат ва инсон муносабатларини қандай тасвирлаш мумкин? Закариё ал-Қазвинийнинг “Ажойиб ул-махлуқот” асари бу саволга XIII асрнинг илмий ва фалсафий тафаккури асосида жавоб беради. Энциклопедик характерга эга ушбу асар Ислом цивилизациясининг билим ва маърифатга бўлган қарашини, ажойиб фикрлар орқали намоён этиши билан алоҳида аҳамият касб этади.


    Ислом цивилизациясида табиат, инсон ва коинот ҳақидаги фикрлар нафақат Қуръони Карим ва ҳадис манбалари орқали, балки мутафаккирлар ва олимлар томонидан яратилган илмий ва фалсафий асарларда ҳам ўз ифодасини топган. Ана шундай асарлардан бири — Закариё ал-Қазвинийнинг “Ажойиб ул-махлуқот ва ғароиб ул-мавжудот”. Бу асар Ислом оламида энг кенг тарқалган ва ўрта асрлар даври илм-фани, дунёқараши ҳамда мифологик тасаввурлари акс этган ўзига хос энциклопедик манбалардан бири сифатида аҳамият касб этади.  Мазкур асарнинг ўнлаб нусхалари турли даврларда араб, форс ва туркий тилларга таржима қилинган, Европа шарқшуносларининг ҳам диққатини тортган. Машҳур немис шарқшуноси Карл Броккельман бу асарни “Ислом маданиятидаги энг қимматли космография” дея баҳолаган.


    Асар муаллифи — XIII асрда Қазвинда яшаган тарихчи, табиатшунос ва географ Закариё ибн Муҳаммад ал-Қазвиний. У ўз даврининг билимдон олимларидан бири бўлиб, асарини ёзишда Абу Райҳон Берунийнинг “Осор ул-боқия” ҳамда Ёқут Ҳамавийнинг “Мўъжам ул-булдон” асари каби буюк манбалардан илҳом ва маълумот олгани таъкидланади. Асарнинг ёзилиши Ислом илм-фанидаги изчил анъаналарни давом эттирган ҳолда, табиат ва инсон борлиғига нисбатан ажойиб тасаввурлар уйғунлигини намоён этади.


    Ажойиб ва ғароиблар дунёсида


    Қазвинийнинг “Ажойиб ул-махлуқот” асари икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида самовий мавжудотлар — фаришталар, жинлар ва ҳатто инсон тасаввуридан ташқаридаги махлуқотлар (баъзи талқинларда “ўзга сайёраликлар” деб таъбирланадиган) ҳақидаги маълумотлар баён этилади. Иккинчи қисм эса Ер юзида яшовчи халқлар, ҳайвонот ва наботот олами, географик минтақа ва табиий табақалашув ҳақида ҳикоя қилади. Бу қисмлар орқали асар нафақат Ислом дунёқарашини, балки инсон ва табиат муносабатлари, халқлар маданияти, замонавий тилда айтганда, этнография ва биология каби соҳаларнинг ўрта асрдаги манзарасини ҳам кўрсатиб беради.


    Қазвинийнинг ёндошуви шунчаки тасвирий эмас, балки илоҳий ҳикмат асосида тушунтиришга йўналтирилган. Унга кўра, коинот — Аллоҳнинг “Бўл!” деган амри билан яратилган мукаммал тузилма бўлиб, ундаги ҳар бир мавжудот ўзига хос ҳикмат ва вазифага эга. Қазвиний инсонни бу яратилган дунё ҳақида тафаккур қилиш, ажойиботни ўрганиш ва яратувчига янада яқинлашишга чорлайди.


    Маданий ва маънавий аҳамият


    “Ажойиб ул-махлуқот” асари ўрта асрлардаги кенг ўқувчилар қатлами учун яратилган бўлиб, у айнан энциклопедик характер касб этган. Асар ўз замонаси учун фақатгина илм-фан манбаи эмас, балки оммабоп ва тушунарли услубдаги маънавий-маърифий қўлланма бўлиб хизмат қилган. Гарчи ундаги баъзи маълумотлар ҳозирги замонавий илм мезонлари бўйича мифологик ва тасаввуфий характерда бўлса-да, ўша давр инсонларининг табиат ва жамият тўғрисидаги фикрлаш услубини англашда муҳим ўрин тутади.


    Айниқса, Мовароуннаҳр ва Хоразм, Самарқанд каби илм марказларида ушбу асарга қизиқиш катта бўлган. 1500 йилларда Самарқандда кўчирилган нусхаларидан бири — ҳозирда Берлиндаги Шарқ қўлёзмалар тўпламида (SBB-PK, Hs. or. 14649) сақланмоқда. Бу асарга бўлган қизиқиш унинг турли манбаларда қайта кўчирилиши, миниатюралар билан безалиши ва халқ орасида кенг тарқалиши орқали ҳам ўз аксини топган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Ўзбекистоннинг 100 қадимий қўлёзмаси” медиалойиҳасидан ушбу қўлёзма ҳам жой олган.


    Хулоса ўрнида, “Ажойиб ул-махлуқот” Ислом цивилизациясининг илм, ақида ва эстетикасини бирлаштирган ёдгорликдир. Ундаги маълумотлар тарихий ва илм-фалсафий мерос сифатида бугун ҳам жаҳон илмий жамоатчилиги, хусусан, шарқшунослик ва манбашунослик соҳалари учун улкан аҳамиятга эга. У нафақат бир даврнинг интеллектуал манзарасини белгилаб берди, балки кейинги авлод мутафаккирлари учун асосий манба ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди. Қазвинийнинг бу асари инсон ва олам муносабатини қайта-қайта англашга даъват этувчи эзгу илм сарчашмасидир.

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.