Абдуқодир Шакурий — янги усул мактаблари асосчиларидан бири


    Ўзбекистонда маориф соҳасида юз берган ислоҳотлар тарихида Абдуқодир Шакурий алоҳида ўрин тутади. У нафақат педагог ва маърифатпарвар сифатида, балки янги усулдаги мактаблар ташкилотчиси ва илк дарсликлар муаллифи сифатида ҳам эътироф этилади.

 

    Шакурий илк таълимни анъанавий мактаб ва мадрасада олган бўлса-да, у замонавий таълим услубини ўрганиш орқали янги мактаблар ташкил қилиш ғоясига эга бўлди. Бу ғоя амалий ҳаётга 1901 йилда ўз қишлоғида янги усулдаги мактабни очиш билан тадбиқ этилди.

 

    Абдуқодир Шакурий маориф соҳасидаги хизматларидан бири янги таълим услубларини халқ орасида кенг жорий қилишга ҳаракат қилган. У ўқувчилар учун махсус дарсликлар — “Раҳнамойи савод”, “Жомиъ ул-ҳикоят”, “Зубдат ул-ашъор” каби асарларни ёзган. Бу китоблар нафақат ўқитишни осонлаштирган, балки ўқитувчилар учун услубий асос ҳам бўлиб хизмат қилган.

 

    Шакурийнинг фаолиятида қизлар таълимига эътибор муҳим ўрин тутади. У янги усулдаги қизлар мактабини ташкил этиб, унда ўзи раҳбарлик қилган ва рафиқаси муаллималик қилган. Кейинчалик қиз ва ўғил болалар учун аралаш таълим шаклини жорий этган.

 

    1921 йилда Самарқанддаги 13-мактабга мудир этиб тайинланган Шакурий бу ерда нафақат раҳбар сифатида, балки она тили ва адабиёт ўқитувчиси сифатида ҳам фаолият юритган. 1925 йилда эса унинг ташаббуси билан қишлоқ аҳолиси ўз маблағлари ҳисобидан янги мактаб қурган.

 

    Ислом цивилизацияси маркази Шакурий каби зиёлилар меросини илмий таҳлил қилиш ва жамоатчиликка етказишни ўзининг устувор вазифаларидан бири, деб билади.