Сўфийликнинг рамзи – хирқа ва дарвеш кийимлари Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясида Мовароуннаҳрга Ислом динининг кириб келиши, тасаввуф таълимоти ва сўфий уламоларнинг маънавий мероси ўрин олган. Экспозициянинг марказий ғояси — сўфийликдаги “хирқа” тимсоли орқали маънавий камолотга интилиш йўлини тасвирлаш, тарихий анъаналар ва диний-маърифий ғояларни замонавий музей форматида кенг жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
Тошкентда жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида музей экспозицияларини такомиллаштириш бўйича навбатдаги Ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Бу галги муҳокама марказ музейининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлимига бағишланди. Йиғилишда марказ масъуллари, Италиянинг “Magistr Art” дизайн компанияси вакиллари, тарихчи ва уламолар иштирок этди.
Ушбу бўлимда Мовароуннаҳрга Ислом динининг кириб келиши, тасаввуф таълимоти ва сўфий уламоларнинг маънавий меросини экспозицион йўсинда ёритиш мақсад қилинган. Экспозициянинг дастлабки уч капсуласи Исломнинг тарқалиши, тасаввуф илмининг юзага келиши ва унинг илмий-маърифий йўналишдаги ютуқларига бағишланади.

Сўфий кийимларининг экспозициядаги ўрни
Йиғилиш давомида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Иброҳим Усмонов олиб борган тадқиқотлари юзасидан тақдимот ўтказди. Шунингдек, марказнинг катта илмий ходимлари шайх Абдулазиз Мансур ва Ҳабибуллоҳ Солиҳ сўфийликка оид манбалар ва либослар тарихи ҳақида маълумот берди.
Шайх Абдулазиз Мансур таъкидлаганидек, хирқа — сўфий сулук йўлининг рамзий белгиси бўлиб, унинг ташқи кўриниши соддалик ва нафсни тарбиялашга йўналтирилган маънавий мазмунни ифодалайди. Турли минтақаларда хирқаларнинг ранги ва шакли фарқ қилган, аммо уларнинг барчасида зийнатдан ҳоли, камтарлик тимсоли сифатидаги умумий йўналиш сақланган.
Ҳабибуллоҳ Солиҳ эса дарвешлар кийимининг ҳар бир элементи муайян маънавий мазмунни ўзида мужассам этганини таъкидлаб ўтди. Шу боис, музей экспозициясида уларнинг тарихий ва руҳий моҳияти илмий асосда намоён этилиши лозимлиги қайд этилди.
Визуал лойиҳалар намойиш этилди
Йиғилиш якунида Италиянинг “Magistr Art” дизайн компанияси вакиллари томонидан махсус тайёрланган муляжлар ва визуал макетлар тақдим этилди. Шунингдек, навбатдаги муҳокамада хирқа ва бош кийимлар учун махсус эскизлар намойиш этилишига келишиб олинди.
Экспозициянинг марказий ғояси — сўфийликдаги “хирқа” тимсоли орқали маънавий камолотга интилиш йўлини тасвирлаш, тарихий анъаналар ва диний-маърифий ғояларни замонавий музей форматида кенг жамоатчиликка етказишдан иборатдир.
Хулоса ўрнида
Ислом цивилизацияси марказининг мазкур ташаббуси — сўфийлик илмининг тарихий ва маънавий меросини илмий асосда намоён этиш, шу орқали миллий ўзлигимизни теран англаш, ёш авлодни маърифат ва бағрикенглик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа