Қўлёзмалардан каталогларгача: Ислом цивилизацияси марказида 30 дан ортиқ китоб нашр этилиши режалаштирилмоқда

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясини бойитиш, кутубхона фондини шакллантириш ва диний-маърифий йўналишдаги китобларни нашр этиш — Марказнинг устувор вазифаларидан бири саналади. Шу мақсадда Марказ томонидан 30 га яқин китоблар нашрга тайёрланган. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган ноширлик ишларига бағишланган муҳокамали йиғилишда маълум қилинди. Қайд этилишича, тайёрланадиган нашрлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг нодир ва бетакрор маънавий манбаларга нечоғлик бойлигини кўрсатувчи муҳим ёндашувлардан бири бўлиши керак.

 

 

    Йиғилишда жорий йилда чоп этилиши режалаштирилган китоблар рўйхати тасдиқланди.
Шу жумладан:

 

  - “Маърифат ва диний бағрикенглик – Янги Ўзбекистоннинг маънавий кучи” икки жилдли, безакли рисолалар тўплами ўзбек, араб ва инглиз тилларида чоп этилади. Унда сўнгги йилларда амалга оширилган маънавий-маърифий ислоҳотлар ва халқаро ҳамжамият томонидан берилган юксак баҳолар ўз ифодасини топган.

 

  - “Президент Шавкат Мирзиёевнинг диний маърифат ва бағрикенглик сиёсати” китоби юртбошимиз олиб бораётган бағрикенг сиёсат ва унинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини ёритади.

 

  - “Катта Лангар Қуръони: тарих ва ҳақиқат” асари эса Қуръони каримнинг юртимизда сақланаётган ноёб нусхаларидан бири — Катта Лангар Қуръони ҳақида илмий асосланган маълумотларни тақдим этади.

 

    Йиғилишда 30 га яқин китобларнинг нашрга тайёрлангани маълум қилинди. Ҳар бир нашр учун масъул шахслар бириктирилиб, муддат ва сифат талаблари белгиланди.


    Шу билан бирга, Ислом динининг инсонпарвар ва тинчликпарвар моҳиятини ёритувчи 21 та асарни илмий тарзда қайта ишлаб, нашрга тайёрлаш юзасидан ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди.


    Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов йиғилишда Туркиянинг Тўпқопи саройида сақланаётган Усмон Қуръони нусхалари ҳақида сўз юритиб, унинг Тошкентдаги нодир мусҳаф билан ўхшаш томонларига эътибор қаратди. Шу билан бирга “Усмон Қуръони тарихи” номли китобни чоп этиш таклифини илгари сурди. Ушбу тадқиқотга  Қуръоннинг факсимиле нусхаси ҳам илова қилинади. 

 


“Марказнинг энг муҳим артефакти бўлган Ҳазрати Усмон мусҳафи ҳақида ташриф буюрувчиларда аниқ ва асосли тасаввур уйғониши учун ана шундай фундаментал асарларга эҳтиёж катта”,- деди Марказ директори бу лойиҳанинг афзаллиги ҳақида сўз юритаркан. 


    Шунингдек, “100 та энг қадимий қўлёзма асарлар” ва тарихий хариталар альбом-каталогини яратиш таклифи ҳам билдирилди.


    Марказ илмий котиби Рустам Жабборов нашрга тайёрланаётган қатор китоблар ҳақида маълумот берди. Улар орасида:

 

  - “Ўзбекистоннинг нодир Қуръон қўлёзмалари”;

 

  - “Дунёнинг 114 нодир Қуръони”;

 

  - “Исломдан олдинги давр цивилизациялари”;

 

  - “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари”;

 

  - “Ўзбекистон ХХ асрда”;

 

  - “Ўзбекистоннинг 100 нодир қўлёзмаси”;

 

  - “Марказ кутубхонаси тўплами” сингари илмий тадқиқотлар бор.

 

    Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистоннинг нодир Қуръон қўлёзмалари” асари 2023 йилда юртимизда ўтказилган экспедиция натижасида аниқланган 200 дан ортиқ Қуръон қўлёзмаси ҳақидаги маълумотларни қамраб олади.


    Шунингдек, “Дунёнинг 114 нодир Қуръони” асарида хорижий тўпламларда сақланаётган, Ўзбекистон билан боғлиқ қўлёзмалар ҳақида маълумотлар келтирилган. Бу лойиҳада халқаро олимлар ҳам иштирок этмоқда.

 


 

    Марказ директори бошчилигидаги муҳокама йиғилишида яна бир йирик лойиҳага алоҳида эътибор қаратилди. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Равшан Худойберганов тақдим этган маълумотларга кўра, тадбиркор Алишер Усмонов томонидан тақдим этилган 5000 га яқин китоб орасидан 80 та ноёб асар саралаб олинди. Ҳар бирининг библиографик маълумотлари 3 тилда: ўзбек, рус, инглиз — каталог-альбом тайёрланади. Уларда аждодларимиз мероси, уларнинг Европа илм-фанидаги ўрни, ҳамда Ислом цивилизациясининг Ғарбдаги таъсири акс эттирилади.

 

    Сараланган китоблар орасида 1450–1501 йилларда чоп этилган “инкунабула” — ўрта аср Европа босмахонасининг илк намунаси ҳам бор. Бу асар Балхлик астролог олим Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Балхига тегишли бўлиб, 1488 йилда лотин тилида Европада чоп қилиган ушбу асар Марказ фондининг гултожи сифатида баҳоланмоқда.


    Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги йиғилишда нашр ишлари юзасидан қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Мазкур муҳокама — Ислом цивилизацияси марказининг илмий-маърифий салоҳиятини ошириш, қадимий меросимизни кенг жамоатчиликка етказиш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.