Францияда тақдимоти ўтказилган Бибихонимнинг муҳташам либоси ИЦМ экспозициядан жой олади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Wilmotte&Аssocies компанияси вакили Эммануэл Брелот Марказ ходимлари, санъатшунос, тарихчи ва манбашунослар иштирокида экспозиция деворлари ва ички интерьери муҳокама этилди. 

Марказ биноси замон талабларига муносиб бўлиши кўзда тутилган. Унинг нафақат ташқи кўриниши, балки, ички қисми ҳам жаҳон стандартларига мос бўлиши режа қилинган. 

Wilmotte&Аssocies компанияси вакили Эммануэл Брелот тақдимоти давомида Марказ биносининг архитектураси, қолаверса,  деворларида акс этувчи шарқона безак намуналари ҳақида маълумот бериб ўтди:

— Марказ экспозицияси деворларида ўзбекистонлик маҳаллий олимлар таклифига биноан тарихий ёдгорликлар ва қадимий девор суратлари – Варахша ёдгорлиги каби экспозициялар бўлади.  “Смарт” деворларда  "Буюк Ипак йўли" харитаси жойланади. Бу деворлар оддий девор эмас, уларда катта илм акс этади. Марказга ташриф буюрувчилар деворлардан  ҳам Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади. Бино пештоқлари куннинг ҳар бир қисмларига қараб ўзгариб туради, залларга ўрнатилган катта ва кичик чироқлар нурлари ҳам шу кўринишда бўлади.  

Учрашувда техника фанлари доктори, халқаро мода олами вакили  профессор Холида Комилова Марказ экспозициясида миллий либослар ва уларнинг тарихий кўринишига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиши ҳақида сўз юритди:  

— Буюк Ипак йўли эсга олинганда тўқимачилик ва ипак маҳсулотларисиз экспозицияни тасаввур қилиб бўлмайди. Юртимизда исломгача бўлган даврда либослар учун пахта, ипак, жун маҳсулотларидан фойдаланилган. Биз ҳам экспозицияда мана шуларни ҳамоҳанглаштирмоқчимиз.  Яна бир янгилик, яқинда шогирдларимиз билан сайёҳ Клавихо ёзганларига асосланиб Бибихонимнинг либосини яратдик. Францияда либоснинг тақдимотини ўтказганимизда, уни кенг жамоатчилик катта қизиқиш ва ҳайрат билан кутиб олди. Экспозицияга ана шу либосни ҳам тақдим этмоқчимиз. 

Экспозициянинг моддий ва маънавий ашёлар билан бойитилиши бўйича ҳам салмоқли фикрлар билдирилди. Шарқшунослик институти профессори  Мирсодиқ Исҳоқов экспозиция деворларида тарих рўй-рост гавдаланиши кераклигини таъкидлади: 
 
 — Ёзувлар тарихни  ишончли қилиб тирилтириб беради. Шу кунга қадар мамлакатимиз ҳудудида инсоният пайдо бўлгандан буён 20 га яқин ёзув бўлгани айтилади. Мана шу ёзувлар бизнинг тарихимиз, уни инкор этиб бўлмайди. Сўғд, Бақтрия, Парфия, Хоразм ёзувлари цивилизация жараёнларига муносиб ҳисса қўшган. Биз буни экспозиция жараёнларида кўрсатишимиз керак. Бинони фикрий, ақлий материаллар билан бойитишни зиммамизга олганмиз. Бугунги мажлисда ҳам Марказ қурилишига оид архитектура ва дизайн ишларига алоҳида аҳамият қаратилди. Айни вақтда экспозицияни мазмунан бойитиш, экспонатлар  ва дизайнерлик ишларининг хронологик кетма-кетлигини тўғри йўлга қўйиш устида халқаро ҳамкорлар билан иш олиб боряпмиз. Мақсадимиз – бу ерга ташриф буюрганлар цивилизация илдизи қачондан қай тарзда бошлангани ва бугун ҳам ушбу жараёнлар давом этаётганидан илмий асосларга таянган ҳолда хабардор бўлиши керак. 

Шунингдек, йиғилиш сўнгида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва Wilmotte&Аssocies компанияси вакили Эммануэл Брелот марказ биносининг умумий ички кўриниши лойиҳаси юзасидан музокаралар ўтказди. 

Ислом цивилизацияси маркази  Ахборот хизмати