Замонавий тараққиётимиз музей “тили”да тақдим этилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли маънавий-маърифий ислоҳотларнинг тимсоли, тарих ва замонавийлик уйғунлашган йирик илмий-маърифий маскан сифатида шаклланиб бормоқда. Марказ музейининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” деб номланган бўлимда инфографикалар, интерактив дисплейлар, голограммалар, рақамли хариталар, иммерсив видеолар ҳамда реал макет ва моделлардан фойдаланилади.
Марказ таркибидаги музей 5 та асосий бўлимни қамраб олади. Улар орқали Ўзбекистоннинг қарийб 3 минг йиллик тарихий тараққиёти давомидаги энг муҳим босқичлар кенг ёритилади. Хусусан, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” деб номланган бўлимда сўнгги 8 йил мобайнида юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар, улкан ютуқлар замонавий музей технологиялари асосида тақдим этилади.
Бу бўлимдаги 9 та асосий йўналиш орқали мамлакатимизнинг ижтимоий, илмий, маданий ва иқтисодий соҳалардаги тараққиёти ўз ифодасини топади. Айниқса, иқтисодий ислоҳотларга бағишланган қисмда шаҳарсозлик, яшил энергия, агротехнология, инфратузилма ва транспорт соҳаларига оид экспонатлар алоҳида ўрин тутади.

Экспозицияда инфографикалар, интерактив дисплейлар, голограммалар, рақамли хариталар, иммерсив видеолар ҳамда реал макет ва моделлардан фойдаланилади. Жумладан, “Tashkent City” мажмуаси, Самарқанд халқаро аэропорти, қуёш ва шамол электр станцияларининг модели, янги йўл ва темирйўл инфратузилмасини акс эттирувчи макетлар орқали иқтисодий ривожланиш визуал тарзда ёритилади.
Яқинда марказда ўтказилган муҳокамали йиғилишда ушбу бўлимни такомиллаштириш юзасидан мутахассислар иштирокида фикр ва таклифлар билдирилди. Унда “Томошабин музейга нимани кўриш учун киради?” деган савол асосида янги музей ёндашувлари муҳокама қилинди.

Хусусан, санъатшунослик фанлари фалсафа доктори Камола Нишонова иқтисодий тараққиёт каби мураккаб мавзуларни тақдим этишда фақат экранли технологияларга боғланиб қолмаслик, реал экспонатлар ва турли интерактив элементларни уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Бир сўз билан айтганда, замонавий тараққиётимиз музей “тили”да тақдим этилади.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмиш, балки бугунги Ўзбекистон тараққиётини ҳам таҳлил қиладиган, келажакни кўзлаган илмий-маърифий маскан сифатида шаклланмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа