Ўзбекистонда “Биринчи Ренессанс” даври интерактив экспозицияси тайёрланмоқда

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида “Биринчи Ренессанс даври” бўлимида IX–XII асрлардаги илк уйғониш даврига оид давлатчилик, илм-фан, маданият ютуқлари ва буюк алломалар меросини қамраб оладиган 7 мавзули капсуладан иборат экспозиция тайёрланяпти. Мутахассисларнинг қайд этишича, Марказ музейининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлими экспозицияси орқали миллий уйғониш даври қайта кашф этилади. Бу борада Италиянинг “Magister art” дизайн компанияси мутахассислари билан олиб борилаётган ҳамкорлик натижасида жонланган алломалар, сунъий интеллект, анимацион контент, халқаро экспонатлар ва эстетик муҳитни қамраб олган экспозиция халқаро музей амалиётидаги илғор тажрибалар даражасига чиқарилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида “Биринчи Ренессанс даври” бўлими экспозициясини яратиш бўйича ишлар янги босқичга қадам қўйди. Мазкур экспозицияни концептуал ва технологик жиҳатдан бойитишга қаратилган навбатдаги онлайн музокара бўлиб ўтди. Унда марказ олимлари, Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда Италиянинг “Magister art” компанияси мутахассислари иштирок этди.
Музокара давомида IX–XII асрлардаги илк уйғониш даврига оид давлатчилик, илм-фан, маданият ютуқлари ва буюк алломалар меросини қамраб оладиган 7 мавзули капсуладан иборат экспозиция концепцияси муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, ҳар бир капсула замонавий технологиялар – иммерсив шоу, муляж, интерактив намойишлар орқали намоён этилади.
Инновация ва эстетика уйғунлиги
Тарих фанлари доктори, профессор Сурайё Каримованинг таъкидлашича, “Биринчи Ренессанс” алломаларининг сиймосини сунъий интеллект ва визуал эффектлар ёрдамида жонлантириш – нафақат инновацион, балки эстетик жиҳатдан ҳам муҳим.
– Бу орқали томошабин фақат кўрувчи эмас, балки ҳис қилувчи, мулоҳаза қилувчи фаол иштирокчига айланади. Каллиграфик ёзувлар билан безатилган устунлар эса тарихий муҳит руҳини яратишда муҳим элемент ҳисобланади, – дейди профессор С. Каримова.
Экспозиция доирасида ҳар бир аллома ҳақида анимацион видеороликлар тайёрланиши ва уларнинг илмий мероси интерактив форматда тақдим этилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Таълимий ечимлар ва технологик янгиликлар
Тарих фанлари доктори Фахриддин Каримовнинг сўзларига кўра, экспонатларни мавзулар ва даврлар бўйича изчил жойлаштириш — экспозицияни яхлит тарихий сабоққа айлантиради.
“Жонланган аллома образлари ва улар ҳақидаги анимациялар ёш авлод учун мураккаб ғояларни содда ва таъсирчан шаклда етказишга хизмат қилади”, дейди Ф.Каримов.
Йиғилишда интерактив хариталар, сенсорли экранлар, кўп функцияли дисплейлар орқали меҳмонларнинг мустақил ўрганиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Доцент Иброҳим Усмонов бу борада шундай фикр билдирди:
“Ҳар бир сенсорли экран меҳмонни ўтмиш билан мулоқотга чорлайди. Илмий аниқлик билан тайёрланган муляжлар эса экспозициянинг ишончлилигини таъминлайди”.
Халқаро ҳамкорлик ва янги босқич
“Magister art” компанияси билан олиб борилаётган ҳамкорлик концепция, дизайн ва технологик ечимлар бўйича аниқ келишувларга эришиш имконини берди. Айниқса, жонланган алломалар, сунъий интеллект, анимацион контент, халқаро экспонатлар ва эстетик муҳитни қамраб олган экспозиция халқаро музей амалиётидаги илғор тажрибалар даражасига чиқарилиши кутилмоқда.
Беруний каби буюк алломаларнинг илмий фаолиятини акс эттирувчи асбоб-ускуналар муляжлари тайёрланиши ҳам режалаштирилган. Бу экспозицияни нафақат визуал, балки таълимий жиҳатдан ҳам бойитади.

Миллий уйғониш рамзига айланади
“Биринчи Ренессанс” бўлими нафақат Ўзбекистоннинг илмий-маънавий меросини кенг оммага етказиш, балки уни халқаро майдонда танитиш, тарих ва технология уйғунлигини намоён этишга хизмат қилади. Бу экспозиция орқали миллий уйғониш даври қайта кашф этилади ва ёш авлод қалбида фахр ва ҳурмат туйғуси янада мустаҳкамланади.
Келгусида бу каби лойиҳалар изчил равишда давом эттирилиши ва Ислом цивилизацияси марказининг глобал илмий-маърифий муассасага айланиши мақсад қилинган.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа