Ўзбек хонликлари даврига замонавий ёндашув: бизни нималар кутяпти?

 


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида ташкил этилаётган “Ўзбек хонликлари даври” бўлими экспозицияси дизайни, лойиҳа натижалари ва контентни бойитишга оид долзарб масалалар муҳокама этилди. 

 

    Унда бўлим экспозициясининг визуал тақдимоти, 1-тоифа лойиҳаларнинг экспозициядаги ўрни, республика ва хорижий коллекциялардан ноёб ашёлар, артефактларни саралаш ишлари, вақтинчалик кўргазма учун зарур экспонатлар рўйхатини шакллантириш, муляж ва макетлар тайёрлаш, тасвирий санъат асарларини жойлаштириш, шунингдек, 2-тоифа лойиҳаларга оид техник топшириқлар ижроси кўриб чиқилди.

 

    Ишчи гуруҳлар иштирокида ўтказилган муҳокамада берилган маълумотларга кўра, экспозиция концепцияси ҳар бир хонликка хос моддий ва маънавий мерос объектларини қамраб олган ҳолда ишланмоқда. 


    Шайбонийлардан Қўқонгача


    Экспозициянинг ўнг қисми Шайбонийлар даврига бағишланиб, унда ислом илмлари, таълим ва адабиётга оид қўлёзмалар намоён этилади. Абдуллахон портрети ва макетлар билан бойитилган витриналар экспозицияни тўлдириб туради.


    Аштархонийлардан сўнг Бухоро хонлиги секторида Аҳмад Дониш фаолияти, Мир Араб мадрасаси, Шашмақом санъати ва Комил Хоразмийга оид асарлар, шунингдек, Зарафшон дарёси харитаси ва иммерсив шоулар жойлаштирилади. 


    Муҳокама жараёнида экспозициянинг Комил Хоразмийга бағишланган қисмини Хива хонлиги қисмига кўчириш таклифи билдирилди. Хива хонлиги секторида Ичанқалъа ва Жума масжиди макети, маҳаллий ва хорижий фондлардан олинган либослар ва мусиқа асбоблари билан бойитилган экспозиция кўзда тутилган. 


    Қўқон хонлиги бўлимида эса қоғоз ишлаб чиқаришга оид архив фотосуратлар, адабий муҳитга бағишланган видеоконтент ва амалий санъат асарлари намойиш этилади.




    Экспозициянинг марказий ва якуний қисмида эса...


    Экспозициянинг марказий қисмида Регистондаги Тиллакори мадрасаси пештоқининг график тасвири жойлаштирилиб, мазкур қисм “Иккинчи Ренессанс” мавзусини ёритишда хизмат қилади. 


    Якуний қисмида эса “Вақт девори” концепцияси асосида рассомлар ижодий ишлари, ҳукмдорларга бағишланган инфокиосклар ва махсус витриналар жойлаштирилади. Ушбу контентни яратишда Россиянинг “Планет9” компанияси масъул этиб белгиланган.


    Йиғилишда, шунингдек, “Моҳларойим”, “Қўқон қоғози”, “Шайбонийлар даври меъморчилиги”, “Хоразм хонлигидаги ирригация тизими” каби медиалойиҳалар қўллаб-қувватланди ҳамда уларни Илмий кенгашда кўриб чиқиш тавсия қилинди. 

 

    Ёшлар “тили”даги медиалойиҳа


    Янги технологик форматда амалга оширилиши режалаштирилган Гулханийнинг 400 дан зиёд халқ мақолларини ўз ичига олган машҳур “Зарбулмасал” асари асосида тайёрланаётган ёшлар “тили”даги интерактив медиалойиҳа алоҳида ўрин тутади. 

 

— Мазкур лойиҳа орқали ҳар бир мақолни асар қаҳрамонлари тилидан эшитиш имкони яратилади. Аниматорлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу лойиҳа болалар учун маънавий тарбия, мақолларнинг мазмун-моҳиятини англашда муҳим аҳамият касб этади,  — деди Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети катта ўқитувчиси Ҳусан Мақсудов.

 

    Ҳусан Мақсудовнинг қўшимча қилишича, Қўқон хонлиги секторида Турди Фароғий ижодига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Унинг 18 та шеъридан иборат адабий мероси қайта таҳлил қилиниб, Бухоро амирлиги давридаги ижтимоий-сиёсий муҳитни ифодаловчи манба сифатида намоён этилади. Адабий таҳлиллар Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети мутахассислари иштирокида тайёрланмоқда.

 

    Йиғилиш якунида лойиҳалар бўйича масъул мутахассислар, уларнинг вазифалари, секторлар ва мавзулар акс этган умумий жадвал иштирокчиларга тақдим этилди. Барча лойиҳалар бўйича олинган таклифлар асосида дизайнерлар ва Франциянинг “Avesto group” компанияси ҳамкорлигида якуний қарорлар қабул қилиниши белгиланди.