Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...




    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Алишер Навоий асарларининг ХV-ХVII асрларга оид қўлёзма нусхалари жойланиши кутилмоқда. Жумладан, “Хамса” достонининг XV асрда Абдулмажид Тоқоний ҳамда хаттот Султон Али Машхадий томонидан Султон Ҳусайн Мирзо учун кўчирилган нусхалари ўрин олиши кўзда тутилган. Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан Навоий меросининг гултожи ҳисобланган “Хамса” асари инсониятнинг тафаккур ва таззаккурини сайқаллайдиган бебаҳо хазина сифатида эътироф этилади. Бугун эса, Марказ экспозициясидан “Хамса” асарининг  энг нодир ва асл нусхaлари ўрин эгаллаётгани, аҳли маърифат учун руҳларни имтиёзлатувчи хушхабар бўлди. Зеро, комил инсон фалсафасининг энг гўзал талқинлари: Ишқи илоҳиёт, қаноат, саховат, ҳиммат, нафси танқид, тавба тазарру, зикру само каби қалбнинг энг ичкари ҳолатлари ҳамма замонлар ва даврлар учун субҳи содиқ каби ҳаётийдир. Келинг, бугун сиз билан Ҳазратнинг таъбирича, Каъбаданда улуғ уй ҳақида бир оз тадаббур юритайлик. “Ҳайратул-аброр” достонининг 17-боби Кўнгил таърифида бўлиб:


“Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи
        Қадри йўқ, андоқки, Кўнгул каъбаси,
   Ким бу Халойиққа эрур саждагоҳ,
Ул бири Холиққа эрур жилвагоҳ.


    Ушбу мисралар орқали Навоий бутун дунё қибласи бўлган Каъбатуллоҳи муаззамнинг қадри кўнгилчалик эмаслиги, чунки у Каъба одамларнинг оддий сажда ва ибодат қиладиган жойи, Кўнгил эса Яратганнинг жилваси зоҳир бўладиган Ҳақнинг қароргоҳи эканлигини айтади. Кўнгил таърифида давом этиб:


  Солик ани арши муалло деди,
Сўфи ани олами кубро деди.
        Айни назоҳатда бу аъзам жаҳон
         Барча жаҳон аҳли кўзидин ниҳон.


    Соликлар (ҳидоят йўлига бошловчилар) кўнгилни “энг баланд осмон”, сўфийлар эса “энг катта олам” деб аташганини, лекин моддий дунёда бу катта жаҳон, майдони арши аълодан ҳам кенг олам (кўнгул) одамлар кўзидан яширин (пинҳон)лиги, уни қалб кўзи очиқларгина кўра олишига ва бу барчага ҳам насиб этмайдиган насиба эканлигига ишора қилади. “Унинг фикрича, Худонинг инсон вужудини яратишдан мақсад-муддаоси инсон вужудининг энг шариф аъзоси-кўнгилни яратишдир”, дейди навоийшунос олима Дилнавоз Юсупова. 


    Шунингдек, Хазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”нинг 125-танбеҳида ҳам кўнгул уйи ҳақида сўз юритиб, 5 тур уйни 5 ҳил нарсадан асрамоқ ҳақида гапиради: Тупроқ ва балчиқдан тикланган уйни сувдан, ёғоч ва қамишдан тикланган уйни ўтдан, бўздан тикланган уйни шамолдан, кўз уйини тупроқдан, кўнгул уйини эса Ҳақдан бошқа нарсалардан асрамоқ кераклигини айтади.


               Нечукким, тўрт уйга тўрт зидди нуқсони шоэдур,
Бешинчи уй дағи ағёрдин ул навъ зоеъдур.


    Тўрт уйнинг зиддида тўрт нарса бор бўлганидек, бешинчи уйни ҳам душмандан асрамасанг, барча ишларинг бекордир, дейди. Бешинчи уйнинг зиддини дунёга бўлган муҳаббат билан боғлайди. Кўнгул уйини дунё матоҳи билан машғул қилиш инсонни Ҳақ йўлидан чалғитиши ва у жуда кўп зиён келтириши қуёшдек равшанлигини айтади.


    Ҳазрат “Маҳбуб ул-қулуб”нинг 59-танбеҳида кўнгул  хазинасининг калити ҳақида фикр юритади. Унинг талқинича, кўнгул хазинасининг қулфи тил ва у хазинанинг калитини тил деб  билиш кераклиги англашилади. 


Кўнгул ҳолати сўз дегач билгирур
 Ки, маҳзанда дур ё садафрезадур,-


деб ёзганида кўнгилнинг асл ҳолати, унинг хазинасида дур ёки садаф синиғи борлиги инсон сўзлаганда юзага чиқиши мумкинлигини назарда тутади. 


    Аллоҳ инсон қалбини илм хазинаси билан тўлдириб, сўнг ботинни зоҳирга таржима қиладиган тил билан қувватлантириб, уни жамики махлуқотидан афзал қилган экан, нега бу улуғ неъматни хайр ва мукофотимиз йўлида ишлатмаяпмиз?! Ахир, дунёдаги энг муборак уй-Каъбатуллоҳдан ҳам муқаддас Кўнгилларни сезиб-сезмай  нега чўктирмоқдамиз?! Ҳар куни уйғониб, турмуш тадориги билан сафарга отланамиз. Йўлимизда учраган тиланчими, бировнинг бебош боласими, ҳаракатлари билан бизга уйғун келмаётган кимса бўлсин, дарров тилимиз билан созлаб қўямиз барини. Ҳатто, қулайлигимиз бузилмасин учун Муборак Онамизнинг муқаддас Кўнглига-да, тил теккизиб қўйишдан ҳам малолланмаймиз, баъзан. Ҳазратнинг “Насойим ул-муҳаббат”ида мени анча йиллардан бери таъсирлантириб келган бир ҳикояни сизга ҳам илингим келди. Шайх Абу Абдуллоҳ онаси билан ҳажга боради.Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлигида шайхнинг кўнглида Лайлат ул-қадр ибодатига мушарраф бўлиш иштиёқи тушади. Томга чиқиб, ҳар кеча намоз ўқийди. Онаси Умму Муҳаммад эса уйнинг ичида Ҳақ таолога таважжуҳ (илтижо) қилиб ўтираркан. Ногоҳ Лайлат ул-қадр нурлари унга зоҳир бўла бошлабди. Овозини чиқариб:


   -Эй Муҳаммад, фарзанди анжумандим, келки сен тилаётган нарса бу ердадир.


    Шайх томдан тушади ва илоҳий нурга чўмган Онасининг оёғлари остига йиқилади....Балки шунинг учун ҳам Жаннат Оналар оёғи остидадир, дейилар!


    Оналаримизнинг оёғи остида Жаннат турса, Оналаримизнинг Кўнгли Каъбаларини тавоф қилиш қанчалар улуғ саодат бўлса экан?! Бунинг мағзини чақмоқни Тафаккури азмингизга ҳавола қилсам, мендан рози бўлгайсиз! Ҳазратнинг яна бир олтин байти билан фикримга якун ясасам, нур устига нур бўлар:


    Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
 Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай,-


дея нақадар Ҳақ гапларни айтиб кетган буюк мутафаккир!


Лайло Орзиева

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.