Ўзбекистон учун катта тарихий воқеа

Олимлар Буюк Британиядаги нуфузли аукцион савдо уйлари, коллекционерлардан маданий меросимизга оид нодир ашёлар, бебаҳо дурдоналар давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ҳукуматнинг амалий кўмаги билан юртимизга қайтарилаётганини Ўзбекистон учун тарихий воқеа дея баҳолашмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Кенгайтирилган Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгаш аъзолари, ишчи гуруҳ раҳбарлари, жумладан, ЎзФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов, академик Акбар Ҳакимов, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, академик, санъатшунос олима Камола Акилова ҳамда марказ раҳбарияти ва ходимлар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Давлатимиз раҳбари ғояси асосида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан бир қатор хорижий мамлакатлардаги илмий-маърифий масканлар, тадқиқотчилар ва олимлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Айни пайтда ушбу марказ контентини бойитиш, экспозицияларни Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид энг нодир экспонатлар билан тўлдириш бўйича хорижий давлатларга хизмат сафарлари уюштирилаётганига тўхталди.
Маданий меросимизга оид ноёб ва қадимий ашёлар, бебаҳо артефактларни излаш, уларни қайтариш мақсадида бир қатор олим ва тадқиқотчилардан иборат ҳайъат вакилларининг Буюк Британиядаги қатор музейлар, кутубхоналар, тадқиқот марказларида хизмат сафарида бўлиб қайтгани ҳам мамлакатимизда Давлат раҳбарининг бу борада яратиб бераётган ана шу имкониятлар амалий исботидир.

Йиғилишда қайд этилишича, Британия музейи, Британия кутубхонаси, Виктория ва Альберт музейи, Бодлеан кутубхонаси сингари муассасаларда жаҳон тамаддунининг нодир дурдоналари, жумладан, Ўзбекистон маданий меросининг бетакрор намуналари сақланади.
Мамлакат пойтахти Лондон шаҳри ўзининг йирик аукцион марказлари билан ҳам машҳур. Ушбу савдо уйларида ҳар йили Шарқ халқлари маданий меросига оид кўплаб осори-атиқалар ҳам савдога чиқарилади. Шу боис, ушбу йирик савдо ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик маълум маънода мамлакатимизга оид тарихий ашёлар, қўлёзмалар ва экспонатларни Ўзбекистонга қайтаришда катта ўрин тутади.
Ана шу асосларга кўра, жорий йилнинг 7-8 июль кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида “Сотбис” ва “Кристис” аукцион марказларида Лондонда мазкур артефактларнинг кўргазмалари ташкил қилинди. Ислом цивилизацияси маркази директори ушбу кўргазма жараёнлари ҳақида кенгаш йиғилишида маълумот бераркан, Давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини бунёд этиш ташаббусини илгари суриш баробарида унинг амалга оширилишига ҳам шахсан бошчилик қилаётганликларини таъкидлади. Қайд этилишича, ушбу кенг қамровли лойиҳа тарихий ва маънавий дурдоналарни Ватанга қайтариш бўйича давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғи асосида амалга оширилмоқда.
“Бу фақат қадимий артефактларнинг қайтиши эмас, балки тарихий хотиранинг, миллий ўзликнинг ва Ўзбекистоннинг ислом меросини асрашдаги юксак ташаббус”, – дейди Марказ директори.
Илк бор халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган экспонатлар кўргазмаларида дунёнинг етакчи шарқшунос олимлари ва экспертлари, машҳур музей ва кутубхоналарнинг масъул мутахассислари, таниқли коллекционерлар иштирок этгани алоҳида таъкидланди.

Кўргазмада тақдим этилган экспонатлар
Йиғилишда Ўз ФА академиги, санъатшунослик фанлари доктори Акбар Ҳакимов сўзга чиқиб, марказ экспозицияси учун мазкур аукцион уйларидан танланган экспонатлар тақдимотини ўтказди.
– Буюк Британияга навбатдаги сафаримиз асносида тарихимизга тегишли кўплаб дурдона асарлар кенг жамоатчиликка намойиш этилди. Келган барча меҳмонлар бу ташаббусга катта қизиқиш билдириб, олқишлашди. Сафаримиз давомида арт-диллерларнинг шахсий коллекциялари билан ҳам танишиб, Ўзбекистонга алоқадор бир қанча артефактларни аниқладик. Ҳатто исломдан аввалги даврга мансуб кашталар ҳам бор, – деди академик Акбар Ҳакимов тақдимот аввалида.
Агар шундай ноёб экспонатлар қайтса...
Ўз ФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимовнинг қайд этишича, агар шундай ноёб экспонатлар қайтса, Ўзбекистон музейи бойлиги ва ноёблиги жиҳатидан МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди.
– Бу экспонатларнинг юртимизга қайтарилиши нафақат Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси, балки Ўзбекистон учун катта тарихий воқеа. Агар шундай ноёб экспонатлар қайтса, Ўзбекистон музейининг бойлиги ва ноёблиги жиҳатидан МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Қувонарлиси шундаки, Лондонга хизмат сафаримиз давомида Ибн Синонинг “Китоб-уш-шифо” асарининг энг қадимий қўлёзмаси аниқланди. Асар 600 вароқдан иборат бўлиб, унинг жуда яхши ҳолатда сақланган. Бу эса асарнинг Темурийлар ёки Бобурийлар саройида сақлангани ҳақидаги тахминга асос бўлади.
Биз шу бугунгача чет элда сақланаётган меросимиз қайтмайди деб ўйлар эдик. Ҳукумат ташаббуси билан амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар бу фикримиз нотўғри эканлигини яна бир бор исботлади, - деди профессор Баҳром Абдуҳалимов.
Кенгаш бир овоздан ҳаракатни қўллаб-қувватлашди
Буюк Британияга амалга оширилган хизмат сафарлари давомида махсус ҳайъат вакиллларининг таклиф-мулоҳазалари билан айни пайтгача нуфузли “Сотбис”, “Кристис” савдо уйларидан 46 та лот сотиб олинди. Йиғилишда қайд этилишича, махсус комиссия аъзоларининг Буюк Британияга навбатдаги хизмат сафари давомида эса ушбу мамлакатдаги бир қатор хусусий коллекциялардан 120 дан ортиқ тарихий экспонатлар рўйхати тузилган. Улар орасида эрамиздан аввалги V асрдан XIX асрлар мобайнида яратилган маданий ёдгорликлар мавжуд. Ушбу осори-атиқаларни юртимизга қайтариш масаласи Кенгайтирилган илмий кенгаш муҳокамасига қўйилди. Кенгаш аъзолари бир овоздан ушбу тарихий асарларни қайтаришга розилик билдиришди ва қўллаб-қувватлашди.
Хорижлик ҳамкорлар иштироки
Кенгайтирилган илмий кенгаш йиғилишида хорижий ҳамкорларга ҳам сўз берилди. Хусусан, узоқ йиллардан бери Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг экспозициясини шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Франциянинг “Авесто Групп” компанияси вакили Александра Белоусова сўнгги пайтларда амалга оширилаётган жараёнлар ҳақида ахборот берди. Айни пайтда компания вакиллари марказ экспозицияларда витриналар ва тачпанеллар, тарихий артефактлар бошқа экспозицон воситаларни жойлаштириш бўйича муайян ишлар бажаришмоқда. Қуръон зали, Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори заллари тобора такомиллашиб бормоқда.
Яна бир муҳим вазифа
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директор ўринбосари Усмон Шарифхўжаев томонидан Марказ музейига имконияти чекланган ташриф буюрувчилар учун инклюзив имкониятларни жорий этиш бўйича кичик ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар ва режалаштирилаётган вазифалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрадиган имконияти чекланганларнинг ҳам ҳолати инобатга олиниб, ҳар битта экспозиция улар учун ҳам тушунарли бўлиши устида ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Франциянинг “Авесто групп” компанияси томонидан тақдим этилаётган медиалойиҳалар ва дизайн масаласида шу жиҳатларга ҳам алоҳида аҳамият берилиши, контентлар остида сурдо таржималари ҳам албатта бўлиши кераклиги таъкидланди. Шунингдек, марказ бўйлаб ҳаракатланиш ҳам алоҳида йўналишни кўрсатувчи кўрсатмалар орқали тушунтирилишини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Глобал кўргазмани ташкил этиш жараёнлари
Глобал кўргазма ва хорижий давлатлардан Ўзбекистонга келтириладиган артефакт¬лар рўйхатини тасдиқлаш ҳам йиғилиш кун тартибидан ўрин олди. Мазкур тадбирда қатнашишга розилик билдирган хорижнинг қатор нуфузли музей ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори, академик, санъатшунос олима Камола Акилова томонидан тақдим этилди.
– Хориж музейлари экспонатларини жалб қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ҳамкорларимиз билан алоқа ўрнатганмиз. Уларнинг кўпчилиги таклифимизни илиқ қабул қилди. Лекин масаланинг бошқа томонлари ҳам бор. Экспонатларни ташиш, уларни муайян шароитда сақлаш, олиб келишни ҳатто ёруғлик ва намликни ҳам ҳисобга олган ҳолда ташкиллаштиришимиз зарур. Ҳар бир экспонат давлат кафолатидан ўтиши, шароитларга қўйилган талаб, суғурта компаниясини аниқлаш, транспорт ва қабул қилиш, сақлаш каби мажбуриятларимизни яна бир таҳлил қилиб тез фурсатда шу саволларга жавоб топишимиз керак, – деди Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси директори.
10 та янги китоб-альбом
Йиғилишда қайд этилишича, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда жорий йилда ўтказилиши кутилаётган халқаро конгресс, шунингдек, марказнинг очилиш маросимида "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" туркумидан 10 та янги китоб-альбом, яна еттита совғабоп нашр чоп этилиши кўзда тутилган. Бу галги ўнта янги жилд Марказ экспозициясининг турли бўлимларидан ўрин оладиган экспонатларга бағишланади.

Музей экспозициясининг муҳим элементларидан бири намойиш этилди
Кенгайтирилган Илмий кенгаш йиғилиши кун тартибидаги яна бир муҳим тақдимот бу марказ музейи экспозицияси учун тайёрланаётган муҳим элементлардан бири — Амир Темур ва Бибихоним ҳайкаллари ва либосларининг намуналари бўлди. Ушбу намуналар таниқли ҳайкалтарошлар томонидан тарихий манбалар ва илмий хулосаларга таянган ҳолда яратилган.
Кенгаш аъзолари ҳайкаллар намуналарига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, Амир Темур образи бирмунча қаҳрли кўринишда тасвирлангани қайд этилди ва асарни қайта ишлаш юзасидан таклифлар илгари сурилди. Олимлар томонидан Амир Темур тарихда нафақат буюк ҳукмдор, балки маърифатпарвар шахс сифатида ном қолдиргани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда санъатшунослик фанлари доктори, профессор Холида Камилова томонидан намойиш этилган Амир Темур ва Бибихоним либослари эскизларида тарихий аниқлик ва бадиий маҳорат уйғунлашгани эътироф этилиб, кенгаш аъзолари томонидан юксак баҳоланди. Мутаҳаррик образлар ўз даврига хос ташқи кўриниш ва маънавий-маърифий муҳит билан уйғун ҳолда тасвирланган.
Амир Темур либоси шижоат, маърифат, ҳукмронлик ва ҳарбий қудрат тимсоли сифатида яратилган бўлиб, зардўзлик анъаналари, давлат рамзлари ва ҳашаматли услублар орқали буюк саркарданинг тимсоли мужассам этилган. Бибихоним либосида эса аёл зотининг нафосати, ижтимоий мақоми ва ички дунёси нозик эстетик тушунчалар ифодасини топган.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тақдим этилган ушбу образлар Илмий кенгаш аъзолари томонидан маъқулланди ва экспозиция учун муҳим ютуқ сифатида қайд этилди.
Алломаларнинг сунъий интеллектда яратилаётган қиёфалари
Тадбир доирасида Абу Райҳон Беруний ва Худойберган Девонов ҳақида махсус тайёрланган видеороликлар намойиш этилди. Ушбу роликлар Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияси учун мўлжалланган бўлиб, сунъий интеллект ёрдамида алломаларнинг ташқи қиёфаси, фаолияти ва яшаган даври реалистик ва таъсирли тарзда тасвирланган. Визуал ечимлар, саҳнавий қурилиш ва овоз орқали томошабинни тарихий муҳитга бошлайди.
Йиғилиш қатнашчиларининг фикрича, бундай материаллар экспозициянинг таъсирчанлигини оширади, ёш авлодда илмий меросимизга қизиқиш уйғотади.
Муҳокамаларда сунъий интеллектда яратилгани учун хато камчиликлари ҳам кўзга ташлангани қайд этилиб, уларни тузатиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, алломалар ва сунъий интеллект платформаси ҳақида ахборот ҳам берилди. Марказ бўлим бошлиғи Соҳибхон Зокиров алломалар платформаси ҳақида гапирар экан, бу платформанинг мақсади — Ўзбекистоннинг буюк алломаларининг илмий меросини рақамлаштириш, уни сунъий интеллект ёрдамида қайта таҳлил қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Алломалар ва сунъий интеллект” платформаси фақатгина маълумотлар жамланмаси эмас, балки интерактив ўқув ва тадқиқот муҳити сифатида яратилмоқда.
Платформада Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби юксак етук алломаларимизнинг илмий мероси замонавий таржима, илмий изоҳ ва таҳлиллар асосида жамланган. Эътиборли жиҳати шундаки, платформанинг янги авлод технологиялари билан уйғунлашган формати — яъни алломаларнинг сунъий интеллект ёрдамида яратилган интерактив қиёфалари махсус планшетларда намоён бўлиб, фойдаланувчи улар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлади.
Мазкур технология туфайли ҳар қандай ёшдаги фойдаланувчи — ўқувчи, талабадан тортиб, тадқиқотчи ва кенг жамоатчилик вакилларигача — алломаларга қизиқтирган саволларини бериши, уларнинг фалсафий, илмий ва маънавий қарашлари юзасидан жавоб олиши мумкин. Бу эса, нафақат миллий меросимизни янги технологик ифодада қайта кашф этиш, балки ёш авлодда илмга муҳаббат ва тарихий зеҳниятга ҳурматни шакллантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
“Мунаввар қори Абдурашидхонов” медиалойиҳаси
Шунингдек, Кенгаш йиғилиши якунида тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолова томонидан “Мунаввар қори Абдурашидхонов”га бағишланган медиалойиҳа лойиҳавий концепцияси кенгаш аъзолари диққатига ҳавола этилди. Ушбу лойиҳа доирасида маърифатпарвар алломанинг ҳаёт йўли, маънавий мероси, ижтимоий-сиёсий фаолияти ва замонавий тақдимот шакллари орқали кенг жамоатчиликка етказиш режалаштирилгани қайд этилди.
Тақдимот сўнгида медиалойиҳа илмий кенгаш аъзолари томонидан маъқулланди ва расман тасдиқланди. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши, Мунаввар қори Абдурашидхонов сингари улуғ зотларимизнинг маърифатпарварлик ғояларини янги авлод онгига етказишда муҳим қадам бўлиши таъкидланди.
Кенгаш йиғилиши кун тартибида кўриб чиқилган ана шу каби 10 га яқин муҳим масалалар бўйича алоҳида вазифа ва топшириқлар белгилаб олинди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа