Ислом цивилизацияси маркази раҳбари: "Марказдаги экспонатлар шунчаки намойиш этилмайди, ҳар бири – мега кўргазма бўлади"

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Mарказда бўлиб ўтган учрашувда қурилиш борасида муҳим вазифалар муҳокамаси ўтказилди. Унда Марказ экспозициясини илмий-инновацион артефактлар билан бойитиш қаторида ички ва ташқи кўриниш, бинога олиб борувчи йўллар, мажмуа атрофида боғларни бунёд этиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди.  
 
Унда Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов марказ экспозициясини илмий-инновацион артефактлар билан бойитиш ишлари қурилиш жараёни билан мутаносиб тарзда амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади: 
 
— Марказ экспозицияни халқаро стандартлар асосида жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Россиянинг Эрмитаж ва Италиянинг Болонья музейларида кўргазмалар чекланмаган тарзда намойиш этилади. Худди шу амалиётни ўзимизда ҳам қўллаш самарали натижа беради, деб ўйлайман. Марказ экспонатларининг доимий, вақтинча ва кўчма намойиш этилишига аҳамият бериш лозим. Улар шунчаки намойиш этилмайди, ҳар бир кўргазма – мега кўргазма бўлади. Мавсумга, тарихий кунларга қараб экспонатлар алмашиб туради. Бу борадаги халқаро ҳамкорликни натижадор босқичга олиб чиқиш зарур.  
 
Франциянинг “Wilmotte&Аssocies” ва “Outor Factory” компаниялари вакиллари  ҳам музокараларда онлайн иштирок этди.  Марказ биносининг архитектура ва дизайн масалалари бўйича муҳим таклифлар билдирди.  “Wilmotte&Аssocies” директори Эммануэл Брелот учрашувда бўлажак мажмуанинг шакли, интерьери ва мазмуни ҳақидаги таклифлар кўриб чиқилаётгани, экспозицияни янги сегментлар билан бойитиш ишлари давом этаётганини таъкидлади. 
 
Қурилиш бўйича маслаҳатчи Ботир Зокиров марказ нафақат қурилиш жиҳатдан мукаммал, балки, уни замонавий технологиялар билан бойитиш, ташриф буюрувчилар учун қулай шароит яратиш ҳамда экспозицияларни янада интерактив ва қизиқарли қилиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди.
 Давра суҳбатининг иккинчи қисмида Ботир Зокиров, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, Ўзбекистон тарихи Давлат музейи директори Жаннат Исмоилова ва “Wilmotte&Аssocies” директори Эммануэл Брелот марказ экспозициясини артефактлар билан тўлдириш ва шу билан баробар, қурилиш жараёнлари боришини муҳокама қилишди. 
 
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясини халқаро стандартларга мос равишда ташкил этиш ва уни тарихий-маърифий масканга айлантириш йўлида ишлар давом этмоқда.