Машраб адабий мероси тарғиб қилинади


   Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси доирасида миллий мумтоз адабиётимизнинг машҳур намояндаларидан бири – Бобораҳим Машрабнинг ижодий фаолиятини кенг ёритиш мақсадида махсус медиалойиҳа ишлаб чиқилади.

 

   Мазкур лойиҳа Машраб асарларининг бадиий-ирфоний мазмуни, тасаввуфий фикр тарзи, исломий маърифат ва инсонпарварлик ғояларини замонавий визуал ва интерактив воситалар орқали кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган.

 

   Лойиҳа доирасида “Қиссаи Машраб”, “Қиссаи Шоҳ машраб”, “Девонаи Машраб” номлари билан халқимиз орасида кенг тарқалган қўлёзмалар ва турли баёзлардан саралаб олинган шеърлари, бирламчи қўлёзмалардаги унинг ҳаётга оид тарихий маълумотлар, замонавий анимация, инфографика, аудиошеърлар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланган видеоконтентлар тайёрланиши режалаштирилмоқда.

 

   Бобораҳим Машраб ижодидаги исломий маънавият, ирфон, юксак ахлоқий ғоялар миллий ўзликни англаш ҳамда жамият маърифий ҳаётининг ривожига хизмат қилишда ўзига хос нуфуз ва кенг таъсир доирасига эгадир.

 

   Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилаётган ушбу медиалойиҳа миллий қадриятлар, аждодлар ва авлодлар ўртасидаги тарихий бирликни асраш, бой маънавий меросимизни янгича усулларда кенг тарғиб қилиш борасида яна бир муҳим қадам бўлади.