Лондонда “Китоб-уш-шифо” нинг энг қадимги қўлёзмаси аниқланди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Лондон шаҳридаги хизмат сафари давомида арт-диллерларнинг хусусий коллекцияларида Ислом илм-фани тарихидаги энг муҳим манбалардан бири — Ибн Синонинг “Китоб уш-Шифо” асарининг энг қадимий қўлёзма нусхаси борлиги аниқланди.
600 вароқдан иборат ушбу ноёб қўлёзма жуда яхши ҳолатда сақланган бўлиб, мутахассислар унинг Темурийлар ёки Бобурийлар сарой кутубхоналарида сақланганини тахмин қилмоқда. Қўлёзманинг сақланиш ҳолати бу хулосани янада мустаҳкамлайди.
Жорий йилнинг 7-8 июль кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида Лондондаги “Sotheby's” ва “Christie's” аукцион марказларида мазкур артефактларнинг кўргазмаси ташкил қилинди.
Хориждан экспонатларни сотиб олиш бўйича махсус комиссия томонидан айни пайтгача “Sotheby's”, “Christie's” савдо уйиларидан 46 та лот сотиб олинди. Куни кеча махсус комиссия аъзоларининг Буюк Британияга сафари давомида ушбу мамлакатдаги бир қатор хусусий коллекциялардан 120 дан ортиқ тарихий экспонатлар рўйхатини тузиб қайтишди. Улар орасида эрамиздан аввалги V асрдан XIX асргача бўлган давр мобайнида яратилган маданий ёдгорликларга оид экпонатлар мавжуд.
- Бу экспонатларнинг юртимизга қайтарилиши нафақат Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси, балки Ўзбекистон учун катта тарихий воқеа. Агар шундай ноёб артефактлар юртимизга қайтса, Ўзбекистон музейи маданий меросларининг бойлиги ва ноёблиги жиҳатидан МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринни эгаллайди. Қувонарлиси шундаки, Лондонга сафаримиз давомида Ибн Синонинг “Китоб-уш-шифо” асарининг энг қадимий қўлёзмаси аниқланди. Асар 600 вароқдан иборат бўлиб, жуда яхши холатда сақланган. Бундан кўриниб турибдики, асар Темурийлар ёки Бобурийлар саройида сақланган бўлиши керак. Биз шу бугунгача чет элда сақланаётган меросимиз қайтмайди деб ўйлар эдик. Ҳукуматимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар бу фикримиз нотўғри эканлигини яна бир бор исботлади, - деди ЎзФА вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, профессор Баҳром Абдуҳалимов.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
