Бюст, либос ва тарих: ҳар бир деталда — ўтмиш
Амир Темурнинг шижоату маърифати, Бибихонимнинг нафосати энди ҳайкал ва либос орқали янгидан намойиш этилади. Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида тақдим этилган ушбу тарихий образлар нафақат ўтмишнинг буюк шахсиятларини, балки халқимизнинг санъат, эстетика ва маънавиятга бўлган чуқур муносабатини намоён этади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Кенгайтирилган Илмий кенгаши йиғилиши доирасида марказ музейи экспозицияси учун тайёрланаётган муҳим элементлардан бири — Амир Темур ва Бибихоним ҳайкалларининг намуналари тақдим этилди. Ушбу бюстлар таниқли ҳайкалтарошлар томонидан тарихий манбалар ва илмий хулосаларга таянган ҳолда яратилган.
Кенгаш аъзолари томонидан бюстлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, хусусан, Амир Темур образи бирмунча қаҳрли кўринишда тасвирлангани қайд этилди ва асарни қайта ишлаш юзасидан таклифлар илгари сурилди. Чунки Амир Темур тарихда нафақат буюк хукмдор балки маърифатпарвар шахс сифатида ном қолдирган.
Шунингдек, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Холида Камилова томонидан Амир Темур ва Бибихоним либослари эскизлари намойиш этилди. Тарихий аниқлик ва бадиий маҳорат уйғунлашган ушбу асар кенгаш аъзолари томонидан юксак баҳоланди. Мутаҳаррик образлар ўз даврига хос ташқи кўриниш ва маънавий-маърифий муҳит билан уйғун ҳолда тасвирланган.
Амир Темур либоси шижоат, маърифат, ҳукмронлик ва ҳарбий қудрат тимсоли сифатида яратилган бўлиб, зардўзлик анъаналари, давлат рамзлари ва ҳашаматли услублар орқали буюк саркарданинг тимсоли мужассам этилган. Бибихоним либосида эса аёл зотининг нафосати, ижтимоий мақоми ва ички дунёси нозик эстетик тушунчалар асосида ифода топган.
- Эскиздаги ҳар бир детал — мато танлови, нақшу нигорлар, аксессуарлар тарихий манбалар ва илмий таҳлилларга таянган ҳолда ишланган. Ушбу асар нафақат тарихий шахслар образини юксак даражада акс эттириш, балки миллий модалар тарихини қайта тиклашда муҳим муҳим қадамдир, - деди санъатшунослик фанлари доктори, профессор Холида Камилова.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тақдим этилган ушбу образлар Илмий кенгаш аъзолари томонидан маъқулланди ва экспозиция учун муҳим ютуқ сифатида қайд этилди.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
