Тўқимачилик ва тикувчилик тарихига бағишланган лойиҳа устида ишлар олиб борилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Исломдан аввалги давр цивилизацияси” бўлими доирасида тўқимачилик, ипакчилик ва тикувчилик санъати тараққиётини ёритувчи махсус экспозицияни яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова раҳбарлигида лойиҳанинг мазмун-моҳияти, экспозиция шакли ва намойиш этиш усулларини муҳокама қилишга бағишланган навбатдаги ишчи йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Туркиянинг “Outdoor Factory” дизайнерлик компанияси мутахассислари ҳам иштирок этди.
Таъкидланганидек, Исломдан аввалги даврдаги тўқимачилик ва ипакчилик анъаналарини, табиий бўёқлар ва миллий нақшлар орқали ифода этилган чеварлик маданиятини замонавий визуал воситалар — 3D моделлар, мультимедиавий стендлар, интерактив экспонатлар орқали намойиш қилиш режалаштирилмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу экспозиция нафақат археологик ва тарихий маълумотларга асосланади, балки ёш авлод қалбида миллий ўзлик, тарихий мерос ва аждодлар меҳнат маданиятига ҳурмат туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашув якунида лойиҳани янада самарали ташкил этиш, унинг илмий ва маърифий жиҳатларини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида қўшимча ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва амалий режалар ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа