1400 йиллик маданий меросга қайта асос солинмоқда
Хаттотлик санъати бугунги кунда қарийб 1400 йиллик тарихга эга бўлиб, ислом маданиятининг энг нозик ва бой анъаналаридан бири сифатида қадрланади. У илк бор Қуръони карим оятларини чиройли ва тартибли ёзиб, одамлар орасида ёйиш заруратидан келиб чиққан. Бу санъат, вақт ўтиши билан бутун Шарқ маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Хаттотлик нафақат чиройли ёзув санъати, балки инсон руҳиятини тарбияловчи, эстетик дидни шакллантирувчи ва маънавий гўзалликни улуғловчи маданий қадрият сифатида қадрланади.
Бугунги кунда ҳам хаттотлик ўзининг бой тарихий илдизларини йўқотмаган ҳолда, замон руҳи билан уйғунлашиб, янги мазмун касб этмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган хаттотлик ва китобат мактаби ана шу 1400 йиллик бебаҳо меросни сақлаш, уни илмий асосда ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим аҳамиятга эга.
Хаттотлик — инсоният маданий меросида алоҳида ўрин тутган нозик ва нафис санъат турларидан бири ҳисобланади. Шарқ халқлари асрлар давомида хатни нафақат ахборот етказиш воситаси, балки санъат даражасига кўтарган. Айниқса, Марказий Осиё ҳудудида хаттотлик қадимдан халқнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаб, илм-маърифатнинг ёйилишида, китобларни кўпайиб одамлар орасида тарқалишида, меъморий ва бадиий обидаларни безашда катта аҳамият касб этган.
Шарқ мутафаккирлари хатни “кўзни қувонтирувчи, қалбни тарбияловчи” санъат деб аташган. Ибн Сино каби буюк алломалар эса хунук ёзувнинг кўзга зарар етказиши ҳақида огоҳлантириб, ҳуснихатнинг соғломлик учун ҳам фойдали эканини алоҳида таъкидлаганлар. Шу сабабли ҳам гўзал хатда кўчирилган китоблар қадрланган ва эъзозланган.
Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларида — Бухоро, Самарқанд, Ҳирот, Қўқон, Хива, Тошкент каби маданият марказларида асрлар давомида ҳуснихат мактаблари шаклланиб, ривожланиб борди. Ҳар бир мактабнинг ўзига хос услуби, эстетик диди ва бадиий ёндашуви бўлиб, улар бир-бирини бойитиб, Шарқ хаттотлик санъатини дунёга танитди. Темурийлар даврида Ҳиротда юксалган настаълиқ, Шайбонийлар даврида Бухоро услуби, Қўқон ва Хоразмда шаклланган маҳаллий анъаналар, Тошкент хаттотлик мактабининг тошбосма асарлардаги излари — буларнинг барчаси ўз даврида маданий ҳаётнинг энг муҳим белгиларидан бири бўлиб қолган.
Бугун бизга етиб келган минглаб қўлёзмалар, Қуръони карим нусхалари, тарихий ва адабий асарлар ана шу хаттотлар фидойилиги маҳсулидир. Марказий Осиё хаттотларининг илм-маърифат ва маънавий-маърифий меросни авлодларга етказиш йўлидаги хизматлари ҳар қанча эътироф этилса, шунча оз.
Араб ёзувининг илк услублари ва такомиллашуви
Ислом оламида хаттотлик араб ёзувининг маъқалий (куфий) шаклидан бошланган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон (р.а.) даврида Қуръони карим мана шу куфий хатида кўчирилган. Кейинчалик Куфа шаҳридан тарқалиб, «куфи хати» деб аталган бу услубга нуқталар ва эъроблар қўшилиб, янада мукаммал кўриниш касб этди.
Бағдодлик Абу Али ибн Муқла куфий асосида араб ёзувининг етти асосий турини яратиб, хаттотлик санъатини янги босқичга олиб чиқди. Унинг издоши — Шайх Жамолиддин Ёқут Жазоирий бу услубларни янада мукаммаллаштириб, Қуръоннинг мингга яқин нусхасини муҳаққақ (ёқут) хатида форсча таржимаси билан бирга кўчирди. Ибн Баввоб эса 17 янги хат турини яратиб, араб ёзувини янада гўзал ва бадиий қилди.
Марказий Осиёдаги хаттотлик мактаблари
Марказий Осиёда хаттотлик санъати айниқса Темурийлар даврида юксак тараққиётга эришди. Хуросон пойтахти Ҳиротда Султон Али Машҳадий раҳбарлигида йирик хаттотлик мактаби ташкил этилиб, ХIV асрда Мир Али Табризий томонидан яратилган настаълиқ хати бу ерда янада такомиллашди. Бу услуб тарихий ва бадиий асарларни китобат қилишда кенг қўлланилиб, ўз даврининг етакчи хатига айланди.
Темурийлар давридан сўнг маданий марказ Ҳиротдан Бухорога кўчди. ХVI–ХVII асрларда Бухоро мактаби ўзига хос услуб ва бадиий дидни шакллантириб, машҳур хаттотларни етиштириб чиқарди.
Хоразмда мустақил хаттотлик мактаби ХVIII аср бошларида шаклланиб, Муҳаммад Раҳим I ва Муҳаммад Раҳим II даврида юксак тараққиётга эришди. Айнан шу даврда китобат ишлари, бадиий асарлар кўчириш ишлари янги суръатда жадаллашди.
Қўқон хонлиги даврида ҳам хаттотлик санъати юксак баҳоланган. ХVIII аср охири ва ХVI асрда Муҳаммад Шариф Дабир раҳбарлигида Фарғона водийсида настаълиқ ва шикаста настаълиқ хатлари кенг қўлланилиб, янги намуналар яратилди.
ХIV аср охирларига келиб Тошкент ҳам маданий ва илмий марказга айлана бошлади. Шоҳмурод бошчилигида ташкил этилган Тошкент хаттотлик мактаби ўзига хос анъана яратиб, тошбосма китобларни кўчиришда фаол қатнашди.
Ҳуснихат мактабларининг ўрни ва мероси
Марказий Осиёдаги хаттотлик мактаблари оддийгина жуғрофий тушунча эмас, балки ўз даврининг маданий, сиёсий ва эстетик тараққиёт даражасини белгиловчи бадиий ҳодисалардир. Ҳирот, Бухоро, Хоразм, Қўқон ва Тошкент мактаблари бу борада юксак санъат асарларини яратиб, Шарқ маданиятига улкан ҳисса қўшди.
Бугунги кунда бу мактабларда яратилган минглаб қўлёзмалар дунёнинг йирик кутубхоналари ва музейларида сақланмоқда. Улар халқимизнинг илм-маърифатга интилиши, маънавиятга бўлган эҳтиромини акс эттирувчи беқиёс маданий ёдгорликдир.
Хаттотлик санъати бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, балки янги маънавий ва эстетик талқинларда яшаётган қадриятдир. Аждодларимиз уни нафақат бадиий гўзаллик, балки билим, сабр, дид ва эътиқоднинг юксак намунаси сифатида шакллантирган бўлсалар, бугунги кун авлоди уни замон руҳига мос ҳолда давом эттириши керак.
Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қошида ташкил этилаётган хаттотлик ва китобат мактаби ана шу юксак вазифани ўз зиммасига олмоқда. Бу маскан — қадимий ҳуснихат анъаналарини чуқур ўрганиш, ёш авлодни уни қадрлашга ўргатиш ва уни янги бадиий изланишлар билан бойитиш имконини беради. Хаттотлик ва китобат мактабининг фаолияти келажак авлодни тарихий илдизларга боғлаш ва миллий ўзликни асрашнинг замонавий моделига айланмоқда.
Бугунги ўзгарувчан ва рақамли даврда хаттотликни сақлаб қолиш — маданиятимизни сақлаб қолиш демакдир. Ислом цивилизацияси маркази бу борада нафақат тарихий хотирани тиклаш, балки миллий санъатни янги босқичга олиб чиқишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Шу боис, хаттотлик санъати эртанги маънавиятимиз ва маданиятимизга хизмат қилувчи тирик қадрият бўлиб қолади.
Ҳусан Турсунов
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди