БМТни забт этган Шарқ алломаси




    БМТнинг Тинчлик Кенгаши биноси пештоқидаги: “Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади”, жумласи Саъдийнинг “Гулистон” асаридан олинганини биласизми?


    Юксак маънавият ва бадиий фикр шодасини ўз ичига олган асарлар борки, улар орқали халқнинг руҳий қиёфаси ва маданий салоҳияти намоён бўлади. Ана шундай бебаҳо асарлардан бири — Шарқ адабиётининг буюк намояндаси, шоир ва мутафаккир Саъдий Шерозийнинг “Куллиёт”идир.


    Бу машҳур асарнинг юртимизда сақланаётган нодир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Қўлёзмалар институтида, №6108 рақам остида сақланмоқда. Унинг яратилиш тарихи ўзига хос. Бу нусха XVI аср охирида Бухорода кўчирилган бўлиб, ўша даврдаги хаттотлик, китобат ва бадиий маданиятнинг юксак намунаси сифатида эътироф этилади.


    Саъдий Шерозий (1203/1210–1292) ўзининг “Гулистон”, “Бўстон” асарлари, ғазаллари ва ҳикматлари орқали бутун исломий Шарқ маданиятини юксак поғонага олиб чиққан мутафаккир сифатида танилган. Унинг “Куллиёт”и эса ижодий меросининг тўлиқ ва мукаммал тўплами сифатида юксак қадрланади. Унда шеърият ва наср, ҳикмат ва фазилат, ақл ва қалб уйғунлашган ҳолда намоён бўлган.


Гулистоннинг навоси энди Ислом цивилизацияси марказида янграйди


    Қўлёзма фақат адабий аҳамиятга эга бўлмай, балки тарихий, тилшунослик, хаттотлик ва санъатшунослик нуқтаи назаридан ҳам ўта муҳим манба саналади. Қоғоз сифати, сиёҳ ранглари, сарлавҳалар ва безаклари орқали ўша даврнинг интеллектуал муҳитини, китобат анъаналари ва эътиқодини англаш мумкин. 


    Бугунги кунда ушбу қўлёзма нусхаси “Ўзбекистоннинг 100 қадимий қўлёзмаси” деб номланган медиалойиҳа доирасида Ислом цивилизацияси маркази томонидан кенг жамоатчиликка тақдим этилиш арафасида. Лойиҳанинг асосий мақсади юртимизда сақланаётган, ўтмишдан сўз очувчи ноёб ёдгорликларни оммага танитиш, маънавий меросимизни қадрлаш ва ёш авлод онгига сингдиришдир.


Қалбдан қалбга ўтган ҳикмат: Саъдий асарининг қўлёзмадаги сафари


    Саъдийнинг “Куллиёт”и шу маънода нафақат шеърият, балки ҳаёт фалсафаси, инсон маънавияти ва жамият ахлоқини тарғиб этувчи мактабдир. БМТ нинг Тинчлик Кенгаши биноси пештоқига “Гулистон”дан олинган қуйидаги мисралар битилган: “Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади”. Бунинг ўзи Саъдий меросининг бутун инсоният учун нақадар аҳамиятли эканини кўрсатади.


    Шу боис ҳам, Ўзбекистонда Саъдий сингари алломаларнинг асарлари авлоддан-авлодга ўтиб, миллий ўзликни англашда, маънавият ва маърифат тарғиботида муҳим ўрин тутади. “Куллиёт”нинг бу қўлёзма нусхаси эса юртимиз қўлёзма хазинасининг дурдонаси сифатида нафақат ўтмишдан, балки келажакдан ҳам сўз очаётган маънавий ёдгорлик.


    1958 йилда “Гулистон” асарининг 700 йиллиги Бутунжаҳон Тинчлик қўмитаси қарори билан халқаро миқёсда нишонланган. Бу воқеа ҳам Саъдий ижодининг бутун инсоният маънавий ҳаётида тутган ўрни нақадар улкан эканини кўрсатади. Унинг асарлари нафақат ўтмишда, балки бугунги кунда ҳам ахлоқий, фалсафий ва маънавий тарбия манбаи сифатида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Саъдий Шерозий қалам билан қалбларни тарбия қилган, ҳикмат билан ҳаётга нур сочган муҳташам шахсиятдир.

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.