Жоруллоҳ мақоми — илм ва маънавиятнинг юксак чўққиси

Ислом цивилизацияси тарихида чуқур из қолдирган улуғ мутафаккирлар орасида Маҳмуд Замахшарий алоҳида ўрин тутади. Бутун умри давомида илм ва маърифатни ҳаёт мазмуни деб билган бу зотнинг номи мусулмон оламида «Жоруллоҳ» — яъни «Аллоҳнинг қўшниси» сифатида эҳтиром билан тилга олинади. Унга берилган бу унвон тасодифий эмас, балки умрининг муайян қисмини Каъба яқинида, Маккада илм излаш ва асарлар битишга бағишлагани туфайлидир.
Маҳмуд Замахшарийнинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий бўлиб, у ҳижрий 467 йил, ражаб ойининг 27-куни (милодий 1075 йил 19 мартда) Хоразмнинг Замахшар қишлоғида таваллуд топган. Илм ва тақво билан яшаган оилада вояга етган Замахшарий ёшлигидан ақл-заковати, интилувчанлиги билан ажралиб турган. Отаси Қуръон тиловати ва ибодатга кўнгил берган, масжид имоми бўлиб хизмат қилган ва фарзандини ҳам диний-маънавий тарбия руҳида вояга етказган.
Афсуски, Маҳмуд ёшлигида бошидан оғир синовни кечиради — бир касаллик сабаб бир оёғидан оқсоқланиб қолади. Лекин бу жисмоний нуқсон уни руҳий тушкунликка туширмайди, аксинча, илмга янада жиддийроқ шўнғишига сабаб бўлади. Оғир меҳнатга қодир эмаслиги боис отаси уни мадрасага беради. Айнан мадрасада Маҳмуднинг билимга чанқоқлиги янада чархланади. У араб тили ва адабиёти, хаттотлик, диний илмларни пухта эгаллайди.

Замахшарийнинг шаклланишида кўплаб машҳур устозлар муҳим ўрин тутди. Абу Мудар ибн Жарир ад-Даббий ал-Исфаҳонийдан тил ва адабиёт сабоқлари олди, Бағдодда эса шайхулислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Соад аш-Шаққоний, Абу Хаттоб ибн Абул Батар каби уламолардан ҳадис илмини ўрганди. Маккада яшаб юрганида Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ал-Ябирий ал-Андалусий ва шайх ас-Садид ал-Хайятийларнинг шогирди сифатида наҳв ва фиқҳ фанларида чуқур билимларга эга бўлди. Луғатшуносликда эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Ходар ал-Жаволиқий каби йирик алломалардан таълим олди.
Маҳмуд Замахшарий умрининг беш йилини Маккада ўтказди. Шу даврда у кўплаб асарларини яратди ва Маккадаги фаолияти сабаб мусулмон дунёсида «Жоруллоҳ» — Аллоҳнинг қўшниси деган юксак унвонга сазовор бўлди. У илм йўлида кўплаб шогирдларни тарбиялади. Хоразм ва бошқа Шарқ шаҳарлари мадрасаларида ўқиган талабалар унинг таълимотидан бахра олди.
Ҳаёт йўлида кўплаб қийинчиликларга қарамай, Маҳмуд Замахшарий уйланмади ва бутун умрини илм йўлига бағишлади. Буюк аллома ҳижрий 538 йилда, Арафот куни (милодий 1144 йил 14 апрель) Хоразмда вафот этди ва ўз ортидан бой маънавий-маърифий мерос қолдирди.
Илмий мероси ва асарлари
Маҳмуд Замахшарий серқирра ижодкор эди. У араб тили грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, жўғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид 50 дан ортиқ асар яратди. Унинг асарлари нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам машҳур бўлди.

Араб тили илми
Араб тилининг назарий асосларини ишлаб чиқишда Замахшарийнинг «Ал-Муфассал» асари алоҳида ўрин тутади. Бу грамматик қўлланма араб тили наҳвини мукаммал ва тизимли ифодалаб бергани сабабли юқори қадрланган. Унинг юксак даражаси ҳақида олимлар:
«Агар бу турк (Замахшарий) бўлмаганида, араблар ўз тилларининг наҳвини унутиб юборган бўларди», — деб таърифлашади.
Шунингдек, унинг «Муқаддиматул адаб» асари ҳам луғатшунослик соҳасида катта аҳамият касб этади.
Балоғат ва нутқ маданияти асари
Маҳмуд Замахшарийнинг «Асосул балоғат» номли асари нутқ маданияти, балоғат санъатини ўрганишда асосий манбалардан биридир. Бу китоб ўша даврда нутқ маданияти ва сўзлашув услубини юксалтиришга хизмат қилган.
Дидактика ва тарбия
Алломанинг «Атвоқуз заҳаб фил Мавоиз вал хутаб» рисоласи ахлоқ-одоб, тарбиявий насиҳатларга бағишланган. «Рабиул аброр ва нусусул ахёр» эса адабий-бадиий йўсинда ёзилган бўлиб, тарихий ва маънавий маълумотларга бой.
Тафсир илми
Маҳмуд Замахшарийнинг энг машҳур ва энг йирик асарларидан бири «Ал-Кашшоф ан ҳақоиқит танзил ва уюнил ақовил фи вужуҳит таъвил» номли тафсиридир. Бу асар Қуръон оятларини шарҳлашда ўзига хос ёндашуви, тил ва юксак даражаси билан ажралиб туради. Асар мураккаб услубда ёзилган бўлса-да, бугунги кунда ҳам мусулмон дунёсида, жумладан Қоҳирадаги машҳур «Ал-Азҳар» университети талабаларининг асосий ўқув манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Маҳмуд Замахшарий нафақат ўз даврининг, балки кейинги асрларнинг ҳам маънавий-маърифий ҳаётига улкан таъсир кўрсатган йирик алломадир. Чуқур билими, зукколиги, илмга садоқати уни «Араб ва ажам устози», «Хоразм фахри» сифатида тарихга муҳрлади. Бугун ҳам унинг мероси илм аҳлининг қўлидан тушмайдиган бебаҳо бойлик сифатида қадрланмоқда.
Бугунги кунда юртимизда, хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ана шундай буюк алломаларимизнинг бой меросини тарғиб қилиш йўналишида изчил ишлар олиб борилмоқда. Марказда ташкил этилаётган экспозицияда Маҳмуд Замахшарий каби улуғ сиймоларнинг ҳаёти ва ижодига алоҳида эътибор қаратилган.
Бу каби эзгу ташаббуслар юртимизнинг бой илмий ва маънавий меросини асраш ва янги авлодга етказиш йўлидаги улуғ бир қадамдир. Замахшарий мероси эса бу йўлда абадий машъала бўлиб қолаверади.
Ҳусан Турсунов
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди