Ҳеч бир музейда учрамайдиган экспонатлар Ўзбекистондаги мегалойиҳа экспозициясидан ўрин олади

Тошкент тарихига қизиқасизми? Энди сиз бугунги пойтахтнинг бронза давридан то илк ўрта асрларгача бўлган воқеликларини бир жойда кўришингиз мумкин. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозицияси янги топилмалар ва хариталар билан бойимоқда.
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияси бўйича муҳокама бўлиб ўтди. Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлимига бағишганган муҳокамада тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова бошчилигидаги гуруҳ аъзолари, марказ ходимлари ва тегишли ташкилотлар, лойиҳа муаллифлари иштирок этишди.
Ўзбекистондаги мегалойиҳа музейининг мазмунан бой ва мантиқан уйғун тарзда ташкил этилиши учун олимлар, тарихчилар ва мутахассислар томонидан илмий таҳлилларга таянган ҳолда хариталар тузилган. Жумладан, Чочнинг бронза ва илк темир даврларига оид ёдгорликлари, уларнинг ландшафтдаги жойлашуви, “Бургулик маданияти”га оид объектлар ва маълумотлар визуал тарзда акс эттирилган. Антик давр — Қовунчи маданиятига оид шаҳар ва қишлоқлар, шунингдек, илк ўрта асрлардаги қабристонлар, дафн удумлари, остодонлар билан боғлиқ маълумотлар ҳам хариталарда ўз ифодасини топган.
– Бугунги кунда биз Тошкент воҳаси ва қадимги Чоч тарихига бағишланган катта лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бу йўналишда кўплаб ишлар амалга оширилди. Археологик экспедициялар ташкил этиб, қазишмалар олиб бордик. Шу асосда топилган ноёб ашёларни йиғиб, музейга тақдим этиш учун тайёр ҳолга келтирдик.
Бу ашёлар аввал мавжуд музейларда учрамаган, яъни янги топилмалар. Улар халқ қўлидан олинган, шунингдек, археологик тадқиқотлар жараёнида аниқланган. Биз учун муҳим жиҳат — бу ашёларнинг илмий қадри билан бирга, улар орқали томошабинга тарихий воқеликни яқинлаштириш, жонлантириш имконияти борлигидир. Бу — бизнинг ишимиздаги энг масъулиятли ва ғурурли томонлардан бири, — дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Дилмурод Нормуродов.

Музей экспозициясига келувчи меҳмонларга тушунарли ва қизиқарли бўлиши учун ҳар бир объект ҳақида қисқа, илмий асосланган матнлар тайёрланган. Бу нафақат экспозицияга маълумот бериш, балки томошабинда тарихий воқелик ҳақида яхлит тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Йиғилишда шунингдек, бир қатор йирик лойиҳалар — Қадимги Бақтрияга оид материаллар, Муғ тоғи бўйича медиалойиҳа, Тупроққалъанинг 3D моделлаштирилиши, Хоразмнинг қадимги ёзма манбалари бўйича экспозициялар ва уларга доир видеороликлар тайёрланиб, танлов асосида киностудияларга топширилгани ҳам маълум қилинди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа