Цивилизациялар карвонини деворда тассавур этинг

 

 

    Ислом цивилизацияси марказида “Цивилициялар, шахслар ва кашфиётлар девори” лойиҳаси бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази таркибида яратилаётган музей экспозициясининг энг муҳим ва марказий қисмларидан бири — “Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар девори” ҳисобланади. У мазкур марказнинг асосий ғояси — инсон тафаккури, илм-фан, маънавий мерос ва маданий ютуқларни турли цивилизациялар тараққиёти мисолида намоён этишда ўта муҳим аҳамият касб этади.

 

    Мазкур девор катта ҳудудда жойлаштирилади, унда юртимиз ва халқимиз асрлар давомида яратган бой мероси — илмий кашфиётлар, маънавий бойликлар, турли бадиий асарлар, қўлёзмалар, артефактлар ва моддий маданият намуналари жамланади. Ушбу лойиҳа нафақат шакл жиҳатидан, балки мазмун ва манба жиҳатидан ҳам жуда катта тайёргарликни талаб қилади.



 

    Лойиҳа Россиянинг “Planet 9” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Мазкур компания бу йўналишда катта тажрибага эга бўлиб, дунёдаги қатор йирик экспозиция ва интерактив музейларни яратишда иштирок этган.  Қисқа вақт мобайнида деворнинг умумий концепцияси, асосий мазмун ва контенти, шунингдек, визуал дизайн лойиҳаси ишлаб чиқилди.

 

    Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва “Planet 9”  компанияси билан онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Унда компания вакиллари,  марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров, “Вақт девори” экспозицияси масъули Обид Тангиров ва бошқа масъуллар иштирок этишди. 

 

    Лойиҳа доирасидаги асосий вазифалар, юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалий ечимларни муҳокама қилдик. Қисқа вақт ичида катта миқдордаги илмий ва визуал ахборотни мувофиқлаштириш, уларни бир-бирига уйғун, мазмунан боғлиқ ва жозибали шаклда тақдим этиш бу лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири. 

 


    “Planeta 9” компаниясининг Москвадаги марказий офисида лойиҳа устида 10 нафардан зиёд дизайнерлар ва мутахассислар фаолият юритмоқда. Уларнинг етакчи дизайнерларидан бири яқин кунларда Тошкентга ташриф буюриши кутиляпти, ишларни юзма-юз форматда давом эттириш ниятидамиз, - деди Зоҳидулла Мунавваров.

 

    Ҳозирга қадар Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи Ренессанс ва Иккинчи Ренессанс бўлимларига тегишли контентлар тўлиқ якунлангани айтилди. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг етакчи олимлари, шунингдек, халқаро экспертлар ҳам жалб этилган. Бу эса тақдим этиладиган маълумотларнинг илмий асосланган ва нуфузли даражада тайёрланганлигини таъминлайди.