Акбар Ҳакимов: Кувайтда Ўзбекистоннинг ҳам қиммат экспонатлари борлиги катта воқелик

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Кувайтдаги ҳамкорлик сафарида давомида Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов билан бирга Кувайт шаҳридаги Ториқ Ражаб музейида бўлиб қайтгани ҳақида хабар бергандик.

Кувайт давлати пойтахти ал-Кувайт шаҳрида жойлашган Ториқ Ражаб музейи 30 000 дан ортиқ қадимий ва замонавий буюмлардан иборат шахсий коллекцияни ўз ичига олади. 1980 йилда фаолиятини бошлаган музейга кувайтлик тадбиркор Ториқ Саййид Ражаб томонидан асос солинган.

Музей экспозициясида ислом оламининг турли даврлари ва жуғрофиясига мансуб бўлган мислсиз хаттотлик намуналари, юксак санъат даражасидаги каллиграфия дурдоналарини учратиш мумкин. Хусусан, музей экспонатларидан ўрин олган юртимизга хос заргарлик буюмлари эса янада ҳайратланарли топилма бўлди, дейиш мумкин.

“Албатта ислом оламининг нодир экспонатлари топилган ушбу музейда Ўзбекистоннинг ҳам қиммат экспонатлари борлиги катта воқелик”, — деди Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, санъатшунос Акбар Ҳакимов.

– Бу заргарлик буюмлари Яқин Шарқ (араб) мамлакатларга хос бадиий ва технологик услубидаги кўкрак ва бўйинга тақиладиган зеб-зийнатлардан иборатдир. Маҳобатли ва йирик шакллар (аноргул ва даврасимон қисмлар)нинг туркман ва қорақалпоқ заргарлик буюмларига ўхшаш жойлари бор, лекин умуман олганда, улар араб заргарлик мактабининг ўзига хос услубида яратилган.

Афсуски, музейда сақланаётган буюмларнинг бутун кўриниши йўқ, шунинг учун ҳам қадимий ва санъатшунослар учун янгилик. Марказда кўкрак бўйинга ўхшаган иккита йирик мадоҳилдан иборат буюм араб заргарлик санъатига хос.

Тилладан ёки кумушдан ясалган белбоғ ва туморларнинг услубига қараб (нақшларни майинлиги ва маржонни ишлатилиши) Марказий Осиё заргарлигига яқинлигини кўришимиз мумкин.

Аёллар осма заргарлик буюмида – марказда “тумор” ёки “хайкел” деб номланадиган буюм бўлса, унинг икки томонида ҳажми ҳар хил, лекин таркибий тузилиши бир хил бўлган “зебигардон” еки “зебисина” деган Бухоро заргарлигига хос кўкрак учун ясалган буюмлар бор. 

Экспонатдаги заргарлик буюмлари орасида анъанавий Бухоро мактабига хос “сирғалар” ва туркман заргарлик санъатига хос “билакузук” - туркманча “билезик” деб номланадиган буюм жойлашган. “Тиллақошлар” эса Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қўқон, Марғилон марказларида ишлаб чиқарилган тиллақошларга жуда ҳам ўхшайди ва уларни ўзбек заргарлик мактаби маҳсулоти, деб айтишимиз мумкин.

Ўзбекистон ҳудудида ушбу буюмларнинг мавжудлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Улар жуда юқори маҳорат билан ишлангани Бухоронинг сарой санъати учун хизмат қилган заргарларга тааллуқлилигига далолат қилади. Бу буюмлар муляж сифатида буюртма асосида бажарилса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги “Ўзбек хонликлари даври” кўргазма залларининг экспозициясини янада бойитарди.

Бухоро заргарлиги – қадимий ва бетакрор санъат намунаси

Ўзбек халқ амалий-безак санъати турлари ичида зеб-зийнат санъати бўлмиш заргарлик санъати алоҳида аҳамият касб этади. Заргарлик санъати ўзбек халқининг моддий ва маънавий ҳаёти, кундалик турмуш тарзи, маросимлари, урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари, бадиий дидини акс эттиради. Тақинчоқларнинг хилма-хил турлари маълум бўлиб, улар кўрк, безак, ҳимоя, халоскорлик сифатларини ўзида мужассамлаштирган буюм ҳисобланади. Тақинчоқлардаги шакллар, нақш безаклари, рамзий белгилар кишиларнинг эътиқоди, атроф-муҳит олам ҳақидаги қарашлари, табиат ва моддий олам билан узвий боғлиқликни ўзида мужассамлаштиради.

Бухородаги XVI асрга оид, заргарлик буюмлари билан савдо қилиш учун мўлжалланган Тоқи Заргарон (форсча – заргарлар гумбази) савдо маркази фаолият юритган.

1872 йилда Бухорода ҳинд заргарларидан Шангура ва Курдали, Абдуллажонлар ҳам фаолият юритганлар. Бухорода яшаган доғистонликларни ҳам алоҳида тилга олиш жоиз. Уларнинг юксак касбий маҳоратининг кўрсаткичи шундаки, кўпчилиги Аркдаги сарой устахонасида энг яхши маҳаллий ҳунармандлар билан бирга ишлаган. 1270 йил санаси битилган камаранд ясаган Усто Хўжа Шодий, 1946 йилда Бухорода ишлаган, музейда унинг ижодига мансуб камарбанди сақланаётган уста Алихўжа Канаев, Аркдаги сарой устахонасида ишлаган Усто Нағдий (камарлари музей фондларида ҳам келтирилган), Доғистоннинг Лакский тумани, Унчукат қишлоғида туғилган, Бухорода заргар бўлиб ишлаган, Бухоро, Когон, Чоржоуда Усто Обид-заргар, кейинчалик Лазги-боши номи билан машҳур бўлган Обид Жанаев (1879-1920), Кавказ заргарларининг бошлиғи Абид-заргар, амир буйруғи билан Бухорода ишлаган Ҳожи Абакар, Бухорода амир буйруғи билан ишлаган ва сирланган буюмлар ясаган Алихон Мунгиев, Усмон Пашаев, Бадавий ва бошқалар шулар жумласидандир.

Мазкур тақинчоқлар турли мактабларга мансуб, жумладан, туркман, ҳинд, афғон тақинчоқлари учрайди. Буни Бухоро йирик савдо чорраҳаси бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Кўкрак тақинчоқлари бевосита бўйинга занжирга уланган илгак ёрдамида орқа томондан тақилади ва асосий безаги кўкрак қисмини безатиб туради. Булар қаторига “Тумор”, “Бозбанд”, “Ҳайкел”, “Зебигардон”, “Нозигардон”, “Тапиши дил”, “Жевак” ва бошқалар мисол бўлади. Нозигардон марказий турунж, унинг 2 ёнидан 2 тадан 4 та мурабба (квадрат) шаклли, 1 тадан учбурчак шаклли япроқчаларнинг ўзаро 5-6 қаторли занжирлар билан бир маромда маълум оралиқда бирикишидан ҳосил бўлади. Япроқчаларнинг ён томонларига балиқ ва б. шаклли шокилалар осилади. Турунж ва япроқчалар бир томонлама минокори (эмаль) усулида ишланиб, ўсимликсимон нақшлар билан безатилади, баъзан тошлар қадалади. Марказий турунжга бир-бирига қараб турган қанотларини ёзаётган икки қуш шакли ўрнатилади

Бухоро ҳудудларида “Бибишак” деб номланувчи чакка ва пешона тақинчоқлари урф бўлган. Уч қисмдан иборат тақинчоқнинг юқори қисми айлана, томчи ёки ромб шаклида бўлган ва юзаси феруза ва маржонлар билан безатилган. Ўртадаги асосий безак қисми эса шартли равишда ой кўринишини эслатувчи шаклга эга бўлиб, олд томони турли тошлар билан зийнатланган. Қуйи қисмда эса, узун занжирлар остига тошлар осилиб безатилган. Тақинчоқдаги ҳар бир қисм бир-бири билан занжирлар ва тошлар ёрдамида уланиб мустаҳкамланган. 

Бухорода пешона безаги “Боло абрў” деб номланади. Унинг умумий кўриниши қош шаклини эслатади, бироқ “Тилла қош”га нисбатан безаги кам ва баланд кўринишга эга бўлмаган. Марказида занжирга уланган илмоқ бўлиб, бош қийим ёки рўмолга илиб қўйиш учун мўлжалланган. Тақинчоқнинг қуйи қисмларида эса майда металл япроқчалар тошлар билан олдинма-кетин осиб қўйилган.

– Музей бизда катта тассурот қолдирди, – дейди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. – Айниқса, экспонатлар орасида Бухородан келтирилган заргарлик буюмлари, қадимий либослар, қурол-яроғлар, ҳунармандчилик ашёлари, матолар, шиша идишлар бизни лол қолдирди. Ториқ Ражаб музейининг экспонатларини Марказ экспозициясида намойиш этишга арзийди. Бу оддий ҳолат эмас катта воқелик бўлади назаримда. Мазкур музейда Ўзбекистон маданий меросига оид қимматли экспонатлар, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарининг XIV асрда кўчирилган нусхалари, Бухоро амири ва унинг қариндошларига тегишли тақинчоқлар, Шайбонийлар даврига оид миниатюралар ва кўплаб экспонатлар мавжуд. Ушбу нодир артифактлар санъатшуносларда ҳам, марказга ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотади.

Қувайтдаги учрашувларда музей директори Зияд Ражабга Катта Лангар Қуръони факсимиле нусхаси, хаттот Ҳабибулло Солиҳ томонидан папирусга туширилган Муҳаммад (с.а.в) муҳри акс этган мактуб нусхаси ҳам тақдим қилинди.